ЎТГАНЛАРНИНГ ОХИРАТИ ОБОД БЎЛСИН!

ss

Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир.

Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.

9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.

Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларини хотирлаш, сафимизда юрганларини эса қадрига етиш зарур.

Мустақил Ўзбекистон халқи ва давлати аввал-бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди.

Ана шу асосларга кўра, мустақиллигимиз аввалида ҳам бизда 9 май умумхалқ байрами сифатида, 1999 йилдан бошлаб эса “Хотира ва Қадрлаш” куни сифатида нишонлаймиз. Дарҳақиқат, Мустақил давлатнинг байрамлари ҳам халқ табиати ва анъаналарига мос бўлиши керак. Чунки ҳар бир халқ қандай яшаши, нимани қадрлаши, қайси саналарни тантана қилишини ўзи ҳал этади. Бунда ўз тарихидан келиб чиқади, бугунини ўйлайди ва келажагини кўзда тутади.

Умуман, дунёқарашни, яъники тафаккурни миллийлаштириш, миллий мафкурани шакллантириш ярим мустамлака исканжасидан қутулган ёш давлат учун шу қадар муҳим эдики, бу – мамлакатнинг мамлакат, давлатнинг давлат бўлиб туришини таъминлайдиган бош омиллардан саналади.

Ўз мустақиллигига эришган давлатлар ичида Ўзбекистон бунинг чинакам намунасини кўрсатди. Хотира ва Қадрлаш куни энди ўзгача, аниқроғи, миллий хусусият касб этди. Бу байрамнинг мазмун-моҳияти буткул ўзгарди – у халқ хотираси ва инсонни қадрлаш кунига айланди.

Халқ хотираси деганда киши кўз ўнгидан Ватан ибтидосидан бугунига қадар шу юрт, шу халқ деб курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жон фидо қилган не-не буюк зотлар бир-бир ўтади.

Бизнинг динимиз хам, хамиша мархумларимизни ёдга олиб, уларнинг рухларини шод қилишимиз учун савобли амалларни бажариш, уларнинг хақларига дуоларда бўлишга чақиради. Чунки ўтганларни эслаш ва уларга истиғфорлар айтиш, мархумлар қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг хақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир. Бу хақда Аллоҳ таоло мархамат қилиб айтади: Яъни: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтиргин зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй раббимиз! Албатта, сен мехрибон рахмли зотдирсан!” (Ҳашр,10)
Албатта биз мусулмонлар аждодларимиз рухларини шодлантириш мақсадида уларни қанча кўп хотирлаб дуолар қилсак, фарзандларимиз хам бундан яхши ибрат оладилар. Шунингдек, улар хам бизларни хотирлаб дуолар қилишади. Пайғамбаримиз (с.а.в) хадиси шарифларида зикр қилганларидек,: яъни: “Агар бир инсон вафот қилса, унинг амали тўхтайди. Фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм, ёхуд хаққига дуо қилиб турадиган солих фарзандларидан ” (Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз (с.а.в) ўзларининг хадиси шарифларида мархумларни ёдга олиш одобларини ўргатиб: яъни: “Дунёдан ўтганларни яхши сифатларини эслаганлар, уларнинг ёмон сифатларининг айтишдан сақланинглар”дея марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.

Кунлар кунларни, йиллар йилларни қувиб, бу кўҳна чархи фалак шу сирли коинот яралганидан бери айлангани-айланган. Айни шу инсоннинг абадий – боқий эмаслиги онг-шууримизда хотира деган тушунчани пайдо қилган бўлса, ажаб эмас. Негаки хотирагина ўтганларни эслаш, бугунни кечанинг ёди билан тўлдириш, яъни уни янада бойитиш имконини беради. Хотира ва қадрлаш тушунчалари – моҳиятан бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.

Аллоҳ таборака ва таъоло барча мархум аждодларимизни Ўзининг рахматига олиб, уларнинг хақларига қилаётган дуоларимизни ижобат қилиб, қолганларимизга фаровон хаёт, юртимизга тинчлик ва халқимизга офият ато этишини сўраб қоламиз.

            Зайниддин Эшонқулов — ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment