Ўз-ўзини сарҳисоб қилиш

ss

Кишининг ўз-ўзини танқид қилиши – ўзни сарҳисоб қилиш, деб ҳам аташ мумкин.  Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: » Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «(Қиёматда) Ҳисоб-китоб қилинмасларингдан олдин ўзларингни сарҳисоб қилинглар», деб марҳамат қилганлар. Киши ўз устида ишлаб, ўзини ҳар кун, ҳар соат аччиқ танқид қилиб борар экан, бундан ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам кўпдан-кўп манфаатлар бор. Аввало, ўзининг хатоларини англаб, унинг устида ишлаб ўзини юксалтиради.

Шу ўринда бир қиссани келтирамиз:

Бир ёш йигит қўнғироқ қилиб олиш учун дўконга кирди. Дўкончидан изн сўраб кимгадир қўнғироқ қила бошлади. Дўкон эгаси эса унинг ҳаракатларига «нима қилмоқчи экан бу йигит?» деган ўй билан, диққат билан назар сола бошлади. Телефондаги суҳбат қуйидагича бўлди:

Йигит:  Ассалому алайкум. Жаноб, сизнинг боғингизда ишласам майлими?.

Жаноб: Ва алайкум ассалом. Кечирасиз, боғда ишлайдиган ишчим бор эди.

Йигит:  Илтимос жаноб, мени ишга олсангиз ярим нархига ишлайман.

Жаноб: Ҳозирда ишлаб турган ходимим ишини жуда сифатли бажаради. Унинг бу ишларидан доимо кўнглим хотиржам.

Йигит: Агар мени ишга олсангиз, уй атрофларини, кўчаларни ҳам тозалайман, уйингиз шунда ҳамманикидан чиройли бўлади.

Жаноб: Менга ўзимнинг ходимим маъқул, унинг ҳозирги хизматларидан мамнунман. Ундан бошқаси менга керак эмас.

Йигит табассум қилиб, у кишидан узр сўраб гўшакни қўйди. Шунда дўкон эгаси келиб, “сенинг олий ҳимматлигинг мени лол қолдирди. Мен сендаги бу ижобий ҳолатни маъқуллайман. Хоҳласанг, мен сенга дўконимдан бирор иш топиб бераман”, деди. Йигит унга жавоб бериб: “таклифингиз учун раҳмат! Ҳозирда мен бир жойда боғбон бўлиб ишлаяпман. Мени бу ишим хўжайинимга маъқул бўлаяптими ёки йўқми шуни билмоқчи эдим. Мен ҳозир телефонда гаплашган жанобни боғбониман”, деди.

Абдулвосиъ Эргашев,

Тошкент Ислом институти 2-курс талабаси 

 

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment