ҲАДИСЛАРДАН НАМУНАЛАР

ss

 «Уч тоифа одамнинг яхшилиги осмонга кўтарилмайди: қочоқ қулнинг, токи у хўжайинига қайтиб қўлини қўлига қўймагунича; эрини норози қилиб ғазаблантирган хотиннинг, то эри ундан рози бўлмагунича; мастнинг, токи у ўзига келмагунича» (Табароний, Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма, Байҳақийлар ривояти).

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда уч тоифа инсонларнинг қилган амалларида савоб йўқ, Аллоҳ таъоло наздида қабул бўлмаслиги тўғрисида айтилмоқда, улар:

  1. Қочоқ қулнинг, токи у хўжайинига қайтиб, қўлини қўлига қўймагунча. Исломда хожага ходимига яхшилик қилиш ҳақида амр қилиш билан бирга, ходимга ҳам ўз хўжайинининг ҳаққини адо қилиш топширилади. Бу ўзаро ҳурматни, меҳр-оқибатни пайдо бўлишига сабаб бўладиган амаллардир. Ҳурмат ва яхшилик қилиш ўзаро ҳамкорлик асосида бўлиши лозим.
  2. Эрини норози қилиб ғазаблантирган хотиннинг, то эри ундан рози бўлмагунча;  Муслима  аёлнинг оилада бажариши лозим бўлган ишларидан аввалгиси эрига итоатли бўлиш. Аёл эрининг барча буйруқларига итоат этиш билан ўзига жаннатни вожиб қилади. Фақат гуноҳ ўринлардагина итоат қилмаслик ҳаққидир. Шунинг учун аёлнинг эрига итоати оилаларнинг тинчлигига, осуда ҳаётнинг бардавом бўлишига, эр-хотин ўртасидаги ишонч-садоқат, меҳр-муҳаббатнинг зиёда бўлишига сабаб бўлар экан.
  3. Мастнинг, токи у ўзига келмагунча;     Хамр (маст қилувчи нарса) тўғрисида Аллоҳ таъоло каломида мўмин-мусулмонларни ундан четлашишга чақириб, уни «ифлослик ва шайтоннинг ишлари»дан эканини баён қилган. Токи киши ўзини бундан холос қилмас экан қилган ибодати ва дуолари мақбул бўлмайди экан. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
    «Уч киши қиёмат куни мушк тепаликларида бўлурлар; Аллоҳнинг ҳаққини ва ўз хожалари ҳаққини адо қилган қул. Бир қавмга имомлик қилган ва улар ундан рози бўлган киши ва ҳар кеча-кундузи беш вақт намозга азон айтган одам», дедилар»
    .

    Термизий ривоят қилган.

    Шарҳ: қиёмат куни мушку анбардан бўлган тепаликка чиқиб туриш, аввалгилару охиргиларнинг ҳавасини келтирадиган даражага эришиш улуғ бахтдир.
    Ажабо, улкан бахтга кимлар муяссар бўлар экан?
    Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтишларича, бу улкан бахтга уч тоифа мусулмонлар эришар эканлар:
    1. «Аллоҳнинг ҳаққини ва ўз хожалари ҳаққини адо қилган қул».
    Бу қадим вақтнинг таомили экани маълум. Ислом қул озод қилишни, қулдорликни йўқотишни ҳар тарафлама қўллаган. Керакли барча чораларни кўрган.
    Лекин ҳаммаси ўз йўлида, қонун-қоидаси билан бўлиши керак. Шу билан бирга, қулга ҳам ўз вазифасини сидқидилдан адо этиб туриш тарғиб қилинган.
    2. «Бир қавмга имомлик қилган ва улар ундан рози бўлган киши».
    Юқорида зикр этилган улкан мақомга эришадиган кишиларнинг иккинчи тоифаси имомлар экан. Бу ўта нозик ишдаги одамларнинг аҳамиятли эканлиги эътиборидан, уларга ҳам қиёмат куни олий мақомга эришиш имкони очилган экан.
    Имом бунинг учун ўз қавмини рози қилиши керак. Албатта, Аллоҳ рози бўладиган ишларда. Қавмни Аллоҳнинг розилигига қарши ишларда рози қилган имом эса, жаннатдаги мушку анбар тепалигига эришиш у ёкда турсин, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмаслиги турган гап.
    3. «Ҳар кеча-кундузи беш вақт намозга азон айтган одам».
    Бу муаззинлар учун улкан башоратдир. Уларни шарафловчи ва айни вақтда уларга улкан масъулият юкловчи хабардир. Ҳар бир муаззин ана ўша башоратга муносиб бўлишга, тақво ва ихлос ила яшашга, ўз ишини қойиллатиб адо этишга ҳаракат қилмоғи лозим.                                                                                                                                                                                                        Хайруллоҳ Саттаров.       

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment