Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур

ss

Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Бундан  30 йил  муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди. Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Агар ўшанда тил тўғрисида қонун қабул қилинмаганда эди, ўзбек тили ҳам тарих сахифаларидан жой олган бўлармиди?!.

Тил – миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муаммола воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига хурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

Зайниддин Эшонқулов

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment