Ҳар бир нарсанинг чегараси бор!

ss

Маълумки, ҳар бир бошланган бугунги куннинг якуни бор. Тонгнинг якуни тун, туннинг якуни тонгдир. Ҳар бир қийинчилик ва машаққат сўнггидан албатта, енгилчилик келади. Аллоҳ таоло “Шарҳ” сурасида шундай марҳамат қилади: “Албатта, қийинчилик билан бирга бир енгиллик бор. Албатта, қийинчилик билан бирга (яна бошқа) бир енгиллик бор” (5-6 оятлар). Муфассир олимларимиз бу ердаги енгилчилик иккитадир, деб таъкидлашади. Бундай хулосага келганликларининг сабабини араб тили грамматикасини яхши билган одам англаб олиши қийин эмас. Демак, ҳар бир қийинчилик сўнггидан, албатта, иккита енгилчилик келади. Ҳар бир қийинчиликнинг чегараси бу енгилчиликдир. Енгилчилик келар экан, қийинчилик бартараф этилади.

Агар сизни бетоблик безовта қиладиган бўлса, Аллоҳ таолонинг шифо хазинасидан даво топсангиз, биласизки, бетоблигингиз якунига етди. Унинг чегараси шифонинг бошланишидир. Ҳар қачон бирор мусибатга тушиб қоладиган бўлсангиз, сиздан талаб қилинадиган нарса фақатгина сабрдир. Сабр мўмин кишининг сифатларидандир.

Зулмат. Зулмат тонг келгунича давом этади холос. Бугунги кунда мусулмонларга бўлаётган бундай зулмларнинг якуни йўқ, деб ўйлайсизми? Агар шундай фикрда бўлсангиз, катта хатоликка йўл қўяётган бўласиз. Арқон қанчалик мустаҳкам бўлмасин, уни чўзишликда давом этаверсангиз, албатта, узилади. Мусибат, машаққат ва қайғулар ҳам бир неча кун, ой ёки йилга чўзилиши мумкин. Аммо, бир кун келиб, бу чўзилишлик ҳам якунига етади. Хурсандчилик кунлари ҳали келади. Мусулмонлар албатта, энг улуғ мукофотга эришади. Биздан талаб қилинадиган нарса фақатгина сабрдир. Кенгчиликни сабр билан кутишлик натижаси ибодат ҳисобланади.

Ҳар бир нарсанинг чегараси бор эканлигини тушуниб етган чоғингизда, Аллоҳ таолога чиройли гумонда бўлишлик, Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсаларга эришишликка умид, Аллоҳ таолонинг лутф ва карами орзу қилиш ва Аллоҳ таолонинг кенгчилигига етишиш каби тушунчаларни англайсиз.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Мусибат ва ғам-ташвишларни давомий қилиб қўймади. Ҳар бир қийинчиликдан сўнг иккита енгилчилик қилди.

Ҳар бир нарсанинг чегараларини кутиб яшанг! “Ҳар бир нарса ўз чегарасига етганида, ўзининг зиддига айланади”. Бу қоидадир. Ҳаёт ушбу қоидадан иборат!

Роббим, Ўзинг мусулмонларни ва Исломни азиз қилгин! Унга бўладиган ҳар қандай пасткашликларни йўқ қилгин! Золимларга Ўзинг кифоя қилгин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссами Эргашев

Манбалар асосида тайёрлади

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment