Тақво — қалб мусоффолиги

ss

Ҳар-бир мўмин унутмаслик керакки, юракнинг қаллобликдан, кин, ҳасад, моғор ва разилликлардан тоза бўлиши, тақво омилларидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло каломида: «Аллоҳдан тақво қилинглар ва ораларингизни тузатинглар!», деб марҳамат қилган. (Анфол: 1).

Одамлар ўртасидаги муносабат ва мулоқотлардаги ислоҳатларнинг зоҳир бўлиши  — уларнинг қалблари мазкур офатлардан саломат бўлсагина амалга ошиши мумкин. Шунинг учун ҳам Ислом дини мўмин-мусулмонларнинг қалби ва қолипида ягона: муштарак муҳаббат туйғулари, кенг ёйилган дўстлик,  эзгулик ва тақво асосидаги ҳамкорлик, софдиллик; тафриқа, хиёнат, ҳасад, ҳужум, макру ҳийла ва тажовузнинг асари бўлмаган бирдамлик билан хатоларни тузатишни самара қилиб берадиган насиҳатгўй уммат бўлишига ҳарис бўлди. Қуръон оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ушбу буюк мақсадларни амалга ошириши учун бир­бирига мутаносиб ва бир-­бирини қўллаган ҳолатида келди. Мўъминларнинг бир-­бирига уруш очган икки гуруҳи ҳақидаги Аллоҳ ўз каломида: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар, шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар», деб марҳамат қилган. (Ҳужурот: 10).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида:

«Бир­–бирингиздан нафратланмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингизга орқангизни ўгирмангиз, бир-бирингиз билан алоқаларни узмангиз! Эй, Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлингиз!» (Имом Бухорий, Адабул Муфрад).

Яна: «Мўъмин мўъминга нисбатан бир-бирини тутиб турган бинога ўхшайди» – дедилар ва бармоқларини бир-бириги кириштирдилар. (Имом Бухорий, Адабул Муфрад)

Бу борада Саҳобалар барча умматга намунадир. Улар қалбларининг тозалиги ва юракларининг поклигида умматнинг пешқадами бўлдилар. Улар бу борада етук насиба соҳиби эдилар. Улар бир-бирларига раҳмдил, меҳрибон, бир-бирларини Аллоҳ таоло айтганидек севган ва бир сафда бўлган эдилар.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир одам кириб келади»– дедилар. Ногоҳон,, соқолларидан таҳорат сувлари томчилаб турган ва чап қўлида ковушларини кўтарган ансорлардан бири кириб келди. Эртаси куни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи гапларини қайтардилар. Яна ўша одам кириб келди. Учинчи куни ҳам ўша ҳолат такрорланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб кетганларида, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу ўша одамга эргашди ва (унга): Мен отам билан тортишиб қолдим ва унинг олдига уч кун кирмасликка қасам ичдим. Агар рухсат берсангиз сизникида уч кеча тунаб қолсам?,– деди. У одам: Майли, деди».

Ҳадиснинг ровийси Анас разияллоҳу анҳу айтди: Бизга Абдуллоҳ (ибн Амр ибн Ос) шундай деди: «Мен унинг уйида уч кечани ўтказдим. У таҳажжудга уйғонмас, фақатгина, бир тарафдан иккинчи тарафга бурилса Аллоҳни зикр қилар ва шу билан бомдод намозига турар эди. Мен ундан ҳеч ёмон гап айтганини ҳам эшитмадим. Уч кеча ўтгач унинг ишларини камситишимга оз қолди ва унга шундай дедим: Ҳой, Аллоҳнинг бандаси! Аслида, мен билан отам ўртасида бирон можаро бўлмаган эди. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сиз учун уч марта: «Хозир хузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир одам кириб келади»– дедилар. Уччала сафарда ҳам сиз кириб келдингиз. Мен эса сизнинг қандай амалингиз борлигини билиш ва ундан ўрнак олиш учун сизникида қолдим. Кўрдимки, сиз кўп амал қилмас экансиз. (Айтингчи), сизни бу мақомга нима етказди?,– дедим. У одам: Мен сен кўрган амаллардан бошқа иш қилмайман, деб жавоб берди. Мен орқамга бурилиб кета бошлаганимда чақириб: Мен сен кўрган амаллардан бошқа ишларни қилмайман. Бироқ, юрагимда бирон кишига хиёнат қилишни тугмайман ва бировга Аллоҳ таоло унга берган яхшиликлар учун ҳасад ҳам қилмайман»,– деди. Мен: «Мана шу нарса сизни (у мақомга) етказибди! Бизнинг эса унга кучимиз етмайди!»– дедим».   (Имом Аҳмад).

Қалб тозалигининг фазилати, унинг жаннатга киришига сабаб бўлар экан. Аллоҳ таоло барчаларимизга қалбларимизни тоза ва покиза  сақлашга, турли хил иллатлардан омонда бўлишимизга доим ёрдамчи бўлсин! Омин.

Хайруллоҳ Саттаров, ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment