Пайғамбарга содиқ дўст

ss

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари йиғилдилар. Улар ўттиз саккизта эдилар. Абубакр Росулуллоҳнинг ошкора даъват қилишларини айтарди. У зот: Эй Абубакр биз камчиликмиз дедилар. Абубакр ўз гапида қаттиқ туриб оларди. У зот ошкора даъватни бошладилар. Абубакр хутба қилиш учун турди. Росулуллоҳ эса ўтирган эдилар. Абубакр Аллоҳга ва Унинг росулига даъват қипган биринчи инсон бўлди. Мушриклар эса Абубакрга ва барча мусулмонларга ҳужум қилдилар. Масжидни ичида (Масжидул ҳарам назарда тутилаяпти) уларни қаттиқ урдилар. Абубакр ҳам қаттиқ урилди ва оёқ остига олиб тепилди. Фосиқларнинг каттаси Утба ибн Робийъа уни оёқ кийими билан юзига урди, қорнига зарба берди. Абубакрнинг юзи таниб бўлмас ҳолга келди. Бану Тайм қабиласи тезлик билан етиб келди (Бу қабила Абубакр Сиддиқнинг қабиласи эди). Улар Абубакрни кўтариб уйига олиб кетдилар. Уни ўлиб қолса керак деб ўйлашди. Бану Тайм қабиласи масжидул ҳарамга бориб, агар Абубакр ўлса Утба ибн Робийъадан қасос олишларини айтишади. Кечга бориб Абубакр ўзига келди ва биринчи сўзи «Росулуллоҳга нима бўлди?» дейишлик бўлди. Қавми унга шу ҳолатда ҳам шундай дейсанми дея атишди. У эса «Росулуллоҳга нима бўлди?» деяверарди. Унинг онаси Уммул хойр «Дўстингга нима бўлганини билмайман» деди. У «Боринг, Уммул Жамил бинтул Хаттобнинг олдига боринг, бу ҳақда ундан сўранг» деди. У кетти ва Уммул Жамилнинг олдига келиб «Абубакр сендан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳақида сўраяпти» деди. Уммул Жамил эса «Сен билан фарзандингни олдига борсам майлими?» деди. У майли деди. Бирга Абубакрнинг олдига бордилар. Абубакрнинг эса аҳволи жуда оғир эди. Умму Жамил: Бу кофир қавм сенга бу азиятларни етказгани учун Аллоҳ улардан интиқом олсин дея йиғлаб юборди.
— Росулуллоҳга нима бўлди?
— Онанг эшитиб турибдику. (Яъни оналари бориб мушрикларга Росулуллоҳнинг қаерда эканликларини хабарини бериши мумкин дея қўрқдилар)
— Қўрқма, у ишончли инсон.
— У киши соғ-саломат.
— У зот қаердалар.
— Арқамнинг ҳовлисидалар.
— Росулуллоҳнинг олдиларига бориб у зотни кўрмагунимча ҳеч нарса емайман ҳам ичмайман ҳам.
Абубакрни Росулуллоҳнинг олдиларига олиб бордилар. Росулуллоҳ Абубакрни кўриб уни бағрларига босдилар. Меҳрибончилик кўрсатдилар.
— Ота-онам сизга фидо бўлсин ё Росулуллоҳ! Бу қавмнинг менга етказган нарсаларни ҳеч нарса эмас. Бу менинг онам, сиз муборак зотсиз унинг ҳаққига дуо қилинг. Аллоҳга дуо қилинг, Аллоҳ унга ҳидоят бериб дўзохдан қутқарсин.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар унинг онаси мусулмон бўлди.

Муҳаммад Аввоманинг «Ал мухтор мин фароидин нуқул вал ахбор» китобидан

Абдулвосиъ Эргашев таржимаси

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment