Абубакр розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақида

ss

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «пайғамбардан кейин қуёш Абубакрдан афзал инсоннинг устига чиқмади. Абубакрнинг эшигидан бошқа барча эшикларни беркитинглар. У менга ҳеч ҳам ёмонлик қилмаган. Қизини менга турмушга берди. Молларни менга берди». Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Абубакр розияллоҳу анҳудан бошқа бирор саҳобанинг барча молларини қабул қилмаганлар. Ғазот учун маблағ йиғилаётганида Абубакр розияллоҳу анҳу ҳам молларини олиб келадилар. Шунда Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам : «ўзинг ва оиланг учун нима қолдирдинг эй Абубакр» деганларида, «уларга Аллоҳ ва Унинг росулини қолдирдим» дедилар.

У киши Росулуллоҳнинг биринчи саҳобалари, дўстлари, сирдошлари эдилар. Уларнинг ўрталаридаги дўстлик барчани ҳайратда қолдирар эди. Лекин бу буюк саҳобий ўзларининг саховатлари билан барчадан ўзиб кетдилар. У кишининг бир қўшнилари бор эди. Унинг ёши ўтиб ишга ярамай қолган эди. Абубакр розияллоҳу анҳу эса унинг қўйини ҳар куни келиб соғиб берар эдилар. У киши халифа этиб тайинланганларида у қария буни эшитиб, энди унга қилинаётган хизмат тўхтаб қолишини ўйлаб бироз хафа бўлади. Лекин эртасига эшик тақиллайди. У қария набирасига «ешикка қарачи ким келибди» дейди. У бориб қайтиб келади. Қария«Ким келибди?» дейди. «Бизга ҳар куни сут соғиб берадиган киши келибди» деди. Абубакр розияллоҳу анҳу қўлларида барча мусулмонларнинг иши турган бўлсада қўшниларига бўлган хизматларини тўхтатиб қўймадилар.

Абубакр розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга «Қўлингни бер сенга байъат қилайин» деганларида Умар розияллоҳу анҳу «Ичида Абубарк бўлган қавмга амир бўлсам қайси ер мени кўтариб юради» деганлар. Уларнинг ўрталаридаги бир-бирларига бўлган муҳаббатни қаранг. Уларни ўрталарида салтанат талашиш бўлмаган. Умар розияллоҳу анҳу: «Сен мендан афзалсан» дедилар. Шунда Абубакр розияллоҳу анҳу: «Eй Умар сен мендсн кучлисанку» деганларида Умар розияллоҳу анҳу қалбларни эритиб юборадиган даражада жавоб берганлар «Менинг бор куч-қувватим сен учундир». Шунинг учун ҳам Абубакр розияллоҳу анҳудан кейин халифа бўлганларида «Мен Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари бўлдим. У кишининг қиличлари бўлдим. У кишининг буюрган ишларини бажардим. У зор вафот этганларида мендан рози бўлиб вафот этдилар. Мен алҳамдулиллаҳ шунинг билан бахтиёрман. Кейин эса Абубакрнинг ходими бўлдим. Унинг қиличи бўлдим. Унинг буюрганларини бажардим. У вафот этганида мендан рози бўлиб вафот этди. Мен алҳамдулиллаҳ шунинг билан бахтиёрман» деганлар. Барча саҳобалар ўрталарида мана шундай муҳаббат бўлган.

Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин баъзи араб қабилалари муртад бўла бошлади, баъзилари закот беришдан бош торта бошлади. Абубакр розияллоҳу анҳу эса энг жасур инсонлар ҳам хавотирга тушадиган ўринда барчага намуна бўладиган жасорат кўрсатдилар. Муртадлар мағлуб бўлишди.

У кишининг яна бир ажоиб жиҳатлари бор. Инсоният тарихи ҳали бирор инсон Абубарк Росулуллоҳни яхши кўрганчалик яхши кўрган инсонни кўрмаган. Лекин шунда ҳам Абубакр розияллоҳу анҳу учун тавҳид биринчи ўринда турган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида инсонлар оғир аҳволга тушиб қоладилар. Абубакр розияллоҳу анҳу келдилар ва «Ким Муҳаммадга ибодат қилаётган бўлса, Муҳаммад ўлди. Ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса, Аллоҳ тирикдир, У ўлмайди» дедилар. Инсонлар агар у киши ўлмади деб ўйлшса илоҳлаштириш бошланиши мумкин эди. Аллоҳ таоло айтадики: «Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундсн аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми? Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукур қилувчиларни мукофотлар» (Оли Имрон сураси 144-оят).

Шу оят гўё барча саҳобаларнинг ёдидан кўтарилиб қолган эди. Уларнинг ичида Умар розияллоҳу анҳу каби зотлар бор эди. Шунинг учун ҳам ислом тарихи уламолари ичида баъзилари «Абубакр розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан кейин иломий давлатга асос солган иккинчи киши» дейдилар. У киши Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан кейин икки йил яшаган бўлсалар ҳам жуда катта ишларни амалга ошириб кетдилар.

Тошкент ислом институти 3-курс талабаси Eргашев Абдулвоси

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment