“…Албатта Мен яқиндирман” (Бақара сурасининг 186-ояти тафсири) (Учинчи қисм)

ss

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ (186)

“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи менга дуо қилганда, ижобат қилурман. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар” (Бақара сураси 186-оят).

Аллоҳ таоло “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда, ижобат қилурман” деб марҳамат қилди. Бандалар Аллоҳ таолонинг иймоний манҳажини тутганлар. Шу боис, У зотдан фақатгина иймон ва таклифотларни кетказмайдиган нарсаларни сўрайдилар.

Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар”. Чунки, дуо жавобни талаб қилади. Модомики, дуоингни ижобат бўлишлигини ҳоҳласанг, Роббингга одоб ила муомила қилгин! У зот субҳанаҳу ва таоло сени Ўзининг йўлига чақирди. Аллоҳ таоло сенинг дуоингни ижобат қилишлигини ҳоҳласанг, сен ҳам У зотнинг чақириғига ижобат қилгин! Аллоҳ таоло “Дуо қилгувчи менга дуо қилганда, ижобат қилурман” деб марҳамат қилди. Дуо қилгувчининг ўзинигина келтирмади. Балки, унга шарт қўйди, яъни “Менга дуо қилганида” деди. Чунки, баъзида инсонлар бажаришга қодир бўлмаган кишилардан ҳам сўрашликлари мумкин. Бунга мисол Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасидир:

إِنَّ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّهِ عِبَادٌ أَمْثَالُكُمْ   [الأعراف: 194]

“Албатта, Аллоҳдан бошқасига дуо қиладиганлар ҳам сиз каби бандадирлар” (Аъроф сураси 194-оят).

إِن تَدْعُوهُمْ لاَ يَسْمَعُواْ دُعَآءَكُمْ..  [فاطر: 14]

“Гарчи, уларга дуо қилсаларингиз ҳам, улар сизнинг дуоингизни эшитмайди” (Фотир сураси 14-оят).

Гўёки, банда ижобат қилишликка аҳл бўлмаганлардан сўрайди. Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло эса бизга “Дуо қилгувчи менга дуо қилганида ижобат қилурман”, деб таълим беряпти. Аммо, банда бориб, вафо қилишликка қодир бўлмаган кишидан сўраса, Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилишликка масъул эмас.

Аллоҳ таоло бу ерда бизга инсон ўзи учун яхши бўлган нарсани сўрашлиги ҳақида таълим бермоқчи. Инсон зоти бу яхшиликларни чегаралашга қодир эмас. Яъни, сен бир ишни яхши деб билишлигинг мумкин аммо, у аслида ёмон бўлиб чиқади. Сен уни яхши деб ўйлаб, дуо қилишликда бардавом бўлишлигинг мумкин. Шундай экан, дуонинг асл мулоҳазаси шуки, сен яхшликни яхши кўрасан. Лекин, яхшиликни тушунишликда ёки унга етказадиган нарса борасида хатоликка йўл қўйишлигинг мумкин. Шак-шубҳа йўқки, сен яхшиликни севасан. Шунинг учун ҳам Роббингни дуоингни ижобат қилишлиги – агар сенга нисбатан яхшилик келтирмайдиган бўлса, дуоингни ижобат қилмаслигидир. Шунинг учун ҳам, Роббингга умид қилиб, дуо қилганингдан сўнг У Зот дуоингни ижобат қилмаса, “Нима учун Аллоҳ дуойимни ижобат қилмади?”, деб айтма! Аллоҳ сенинг дуоингни ижобат қилди. У Зот сендан аҳмақона дуо ёки унда сенга ёмонлик етадиган томонини кетказди. Чунки, сен дуо қилаётган зот Ҳаким зотдир. У Зот гўёки шундай демоқда: “Мен сенга яхшликни бераман. Мен биладиган яхшилик сен биладиган яхшликдан устундир. Шу боис ҳам бу дуоингни ижобат қилинмаслиги сен учун яхшликдир”.

Бунга бир зарбул масал келтирсак – Аллоҳ таоло энг олий масалга лойиқ зотдир – Ўғлингиз сиздан ўз ёшига муносиб бўлмаган нарсани сўраса. Сиз ўғлингиз учун сўраган нарсасида зарар бор эканлигини билсангиз, сиз унга сўраган нарсасини сотиб олиб берасизми? Йўқ, албатта! Чунки, сиз у сўраган нарсадан зарар ва хавф-хатар бор эканлигини биласиз. Шу боис ҳам унга сўраган нарсасини олиб бермайсиз. Балки, сиз у сўраган нарсасидан кўра афзал ва яхшироқ нарсани олиб берасиз ва у сиз олиб берган нарса билан қувонади.

Шундай экан, яхшилик — ишлардаги ҳикмат тақозосига кўра бўлади.

Давоми бор…

 Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий роҳимаҳуллоҳнинг «Тафсири Шаъровий» асаридан

Абдуссамиъ Эргашев таржимаси

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment