“…Албатта Мен яқиндирман” (Бақара сурасининг 186-ояти тафсири) (Биринчи қисм)

ss

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ (186)

“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи менга дуо қилганда, ижобат қилурман. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар” (Бақара сураси 186-оят).

Юқоридаги оятларда Рамазон рўзаси ҳақида сўз кетган эди. Аллоҳ таоло бандаларига енгилчиликни ирода қилганини маълум қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло бандаларига қийинчиликни раво кўрмайди. Ушбу ояти кариманинг маъноси эса:

Модомики, Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло сенга рўзада берган нафсий покланиш ҳаловатини тотар экансан, У зотга шукр қилишликка юзланасан. Бу эса (юзланишлигинг) Аллоҳ таолонинг сенга “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман”, деб жавоб қайтаришига муносибдир. Мулоҳаза қиладиган бўлсак, ояти каримада “إذا” (изаа) калимаси келди, “إن” эмас! Аллоҳ таоло таъкидлаяптики, сен ушбу ҳаловатга эришганингдан сўнг, албатта, У зотга шукр қиласан. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “Уч тоифа бор, уларнинг дуолари рад қилинмайди: Рўзадор – оғиз очгунича, адолатли имом ва мазлумнинг дуоси”. (Ушбу дуо)ни Аллоҳ таоло булутлар устига кўтаради ва унга осмон эшиклари очилади. Аллоҳ таоло: “Иззатимга қасам! Албатта, унга нусрат бераман. Озгинадан кейин бўлса ҳам”, дейди”.

Аллоҳ таоло дуони қабул қилишлигини билдик. Хўш, сен имом эмасдурсан ва мазлум ҳам эмасдурсан. Аммо, рўзадор бўла оласан! Демак, сенга рўза тутиш қолди.

Қуръони каримда “سأل” (саъала) “сўраса” калимасини келган жойини кўрсак, кетидан жавобида “قل” (қул) “айт” калимаси ҳам келади:

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَآ إِثْمٌ كَبِيرٌ [البقرة: 219]

“Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрашади. Айт: У иккисида катта гуноҳ бор” (Бақара сураси 219-оят).

وقوله:{ وَيَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ قُلِ الْعَفْوَ }[البقرة: 219]

“Сендан нимани инфоқ қилишликларини сўрашади. Айт: ортиқчасини” (Бақара сураси 219-оят).

وقوله:{ يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَآ أَنْفَقْتُمْ مِّنْ خَيْرٍ }[البقرة: 215]

“Сендан нимани инфоқ қилишликларини сўрашади, айт: яхшиликдан инфоқ қилган нарсаларингизни” (Бақара сураси 215-оят).

Барча ўринда “يَسْأَلُونَكَ» (ясъалунака) «сўрашади», калимасидан сўнг “قُلْ” (қул) “айт” деб, бир ўринда эса “فقل» (фақул) «бас, айт”, деб келган:

وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْجِبَالِ فَقُلْ يَنسِفُهَا رَبِّي نَسْفاً  [طه: 105]

“Сендан тоғлар ҳақида сўрашади, бас, айт: уни Роббим чангга айлантириб юборади” (Тоҳа сураси 105-оят).

Диққат билан назар ташласак, “قُلْ” (қул) ва “فقل» (фақул) ўртасида фарқ бўляпти. Яъни, Аллоҳ таоло бандалари орасида бўлаётган амал борасида сўрашганда “قُلْ” (қул), деб жавоб беришликни буюраяпти ва ҳали бўлмаган, кейинчалик бўладиган нарса борасида сўралганда, “فقل» (фақул) деб, жавоб беришликни буюраяпти. Бу Қуръони каримнинг нозик балоғатли эканлигидан далолат!

Аммо, биз тўхталаётган ояти каримада эса, “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар…” дан кейин, на “قُلْ” (қул) ва на “فقل» (фақул) деди. Чунки, “قُلْ” (қул), деб ишлатишлик амалиётда яқинликни узоқлаштириб юборади. Аллоҳ таоло бу ерда бандаларининг сўровига воситасиз жавоб беришликни ирода қилди. Гарчи, бу хабарни етказувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсаларда, Аллоҳ таоло “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман”, деб жавобни бандаларига тўғридан-тўғри йўллади. Бунинг нозил бўлиш сабаби бор: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Роббимиз яқинми муножат қилсак, ёки узоқми нидо қилсак?”, деб сўрашган эди. Чунки, одатда узоқдаги кишига нидо қилинади. Кейин, Аллоҳ таоло жавобан: “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман” деди. Бу яқинликнинг фойдаси нимада?! Албатта, Аллоҳ таоло айтаяптики: “Дуо қилгувчи дуо қилганда, ижобат қилурман”. Лекин, бунинг шартлари қанақа?

Буни кейинги мақоламизда инша Аллоҳ баён қилишликка ҳаракат қиламиз. (Давоми бор…)

 

Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий роҳимаҳуллоҳнинг «Тафсири Шаъровий» асаридан

Абдуссамиъ Эргашев таржимаси

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment