Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатларини лозим тутиш

ss

Аллоҳ таоло Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган насиҳат борасида шундай айтади:

لَيْسَ عَلَى الضُّعَفَاءِ وَلَا عَلَى الْمَرْضَى وَلَا عَلَى الَّذِينَ لَا يَجِدُونَ مَا يُنْفِقُونَ حَرَجٌ إِذَا نَصَحُوا لِلَّهِ وَرَسُولِهِ مَا عَلَى الْمُحْسِنِينَ مِنْ سَبِيلٍ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

Заифҳолларга, беморларга ва сарф-харажат қиладиган нарса топа олмаётганларга, Аллоҳга ва Расулига ихлосли бўлсалар, насиҳат қилсалар, гуноҳ йўқ. Чиройли амал қилувчиларни айблашга йўл йўқ. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир (Тавба сураси, 91-оят).

Урушга ярамайдиган заифҳол кишилар, беморлар ёки урушга бориш учун керак сарф-ҳаражатларни кўтара олмайдиган одамлар урушга бормай қолсалар, айб эмас. Гуноҳ ҳам бўлмайди. Чунки Ислом инсонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.

Тафсир аҳли إِذَا نَصَحُوا لِلَّهِ وَرَسُولِهِ оятининг тафсирида айтишади: “Агар ҳақиқий ихлосли, насиҳатгўй мусулмон бўлсалар” деб тафсир қилишган.

عن تميم الداريّ رضي اللّه عنه،عن رسول اللّه صلى اللّه عليه وسلم أنه قال : » الدّينُ النَّصِيحَةُ، قالوا : لمن يا رسول اللّه؟ قال : لِلَّهِ وكِتابِهِ وَرَسُولِهِ وأئمَّةِ المُسْلِمِينَ وَعامَّتِهِمْ «

Тамим ад-Дарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Дин насиҳатдир”. Айтдилар: “Кимга ё Расулуллоҳ?”. У зот: “Аллоҳга, Унинг китобига, Унинг Расулига, мусулмонларнинг имомларига ва оммасига” дедилар (Имом Муслим ривояти).

Имом Абу Сулаймон Бустий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Насиҳат – насиҳат қилинаётган кишига яхшиликдан иборат нарсани етказишликдир”. Луғатда – ихлос қилиш маъносида ишлатилади. Биз назарда тутаётган насиҳат ҳам ихлос маъносида ишлатилади.

Аллоҳга насиҳат (ихлос) – Аллоҳнинг ягона эканлигига эътиқод қилиш, Аллоҳнинг Ўз сифатлари ила эътироф этиш, Аллоҳга муносиб бўлмаган нарсалардан Уни поклаш, У зотнинг муҳаббатига интилиш, ғазабидан узоқлашиш ва У зотнинг ибодатига ихлос қилишликдир.

Ушбу ўринда ва бундан кейинги ўринларда насиҳат қилиш деганда, банда ўз нафсига насиҳат қилишлиги тушинилади. Чунки, Аллоҳ таоло насиҳат қилинишликка муҳтож эмас. Банда Аллоҳнинг буйруқларига бўйсуниб, қайтариқларидан қайтишлиги билан ўз нафсига насиҳат қилган бўлади.

Аллоҳнинг китобига насиҳат (ихлос) – Унга иймон келтириш, ундаги нарсаларга амал қилиш, тиловатини гўзал қилиш, тиловат қилинаётганда хушуъда бўлиш, уни улуғлаш, фаҳм-идрок этиш, нотўғри таъвил қилишдан сақланиш ва уни инкор қиладиганларга қарши туришдир.

Аллоҳнинг Расулига насиҳат – пайғамбарлигини тасдиқ этиш, буюрган ва қайтарган ишларида итоатли бўлишдир. У зотни ҳимоя қилиш, суннатларини тирилтириш ва тарқатиш, хулқ-атворлари билан хулқланишдир.

Мусулмонларнинг имомларига насиҳат – Ҳақ борасида уларга итоат этиш, уларга ёрдам бериш, уларни яхшилик билан зикр этиш ва уларни ҳимоя қилишликдир.

Мусулмонларнинг оммасига насиҳат – уларни тўғри ишларга йўллаш, дин ва дунё ишларида кўмак бериш, ғофилларни огоҳлантириш, жоҳилларини кўзини очиш, эҳтиёжларини қондириш ва сирларини яширишдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни насиҳатгўй ва ихлослиларлардан бўлишлигимизни насиб айласин!

Абдуссами Эргашев

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment