АМАЛЛАР НИЯТЛАРГА ҚАРАБ ЭЪТИБОР ҚИЛИНАДИ

ss

АМАЛЛАР НИЯТЛАРГА ҚАРАБ ЭЪТИБОР ҚИЛИНАДИ

 

Қобилов Н.С.

Имом Бухорий халқаро маркази

мутахассиси. (Самарқанд)

عَنْ أَمِيرِ الْمُؤْمِنِينَ أبي حَفْصٍ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سمَِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّمَا الأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍٍ مَا نَوَى فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصِيبُهَا، أَوِ امْرَأَةٍ يَنْكِحُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إلَيْهِ. )رَوَاهُ الْبُخارِيُّ وَ مُسْلِمُ (.

 

Амиру-л-муъминийн Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деб айтаётганларини эшитдим: “Амаллар ниятлар билан эътиборлидир ва ҳар бир киши учун унинг  ният қилган нарсаси берилади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун деб эътиборга олинади. Кимнинг ҳижрати бирон дунё (матоҳини қўлга киритиш) ёки бирон аёлни никоҳлаб олиш учун бўлса, бас унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшангадир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг истилоҳий маъноси.

Бу ҳадис санаднинг аввалини эътибори билан ғариб[1], санаднинг охирини эътибори билан машҳур[2] ҳадисдир. Ҳадиснинг саҳиҳлигига олти саҳиҳ ҳадис тўплами муъаллифлари иттифоқдирлар. Мазкур ҳадисни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламдан фақат бир ровий – Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қилган бўлса, санад охирига келиб ровийлар сони икки юздан ошиб кетади. Шунингдек ҳадис санадидаги ровийларнинг ҳаммаси умматнинг етакчиларидан бўлишганлар.

 

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Бу ҳадис Исломнинг асл моҳиятини ўзида мужассам қилган ҳадислардан бири бўлиб, шаръий амалларнинг бажарилишида асосий мезон ва дастуру-л-амал ҳисобланади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифи Қуръони каримда “Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар. Ана шу тўғри миллатнинг динидир.”[3] деб бандалар ўз ниятларини холис қилиши динда алоҳида аҳамият касб этишини баён қилади.

Шу сабабли салаф муҳаддис уламоларимизнинг аксари ўз асарларини мазкур ҳадис билан бошлашганлар. Жумладан, Имом Бухорий шу ҳадисни “Ал-Жоме-ус-Саҳиҳ” китобининг бошида келтирганлар. Имом Нававий ҳам ўзларининг учта китоблари – “Риёзус- солиҳийн”, “Ал-азкор” ва “Арбаийн”ни худди шу ҳадис билан бошлаганлар. Бундан мурод, мукаллаф ибодатларда ҳам, илм олиш ва бошқа солиҳ амалларида ҳам аввалданоқ ниятни Аллоҳ таоло учун холис қилмоғи лозимлигига ишорадир. Шунинг учун Ислом олимлари бу ҳадис ҳақида жуда кўплаб шарҳлар келтирганлар, зеро, олимларимиз айтганларидек: “Бу ҳадис илмнинг ярмидир”. Ҳатто, уммат олимларидан бир тоифалари илмга доир китобларнинг ҳар бирини аввалида мазкур ҳадис бўлмоғи шарт, деб ҳисоблайдилар.

Имом Абу Довуд айтадилар: “Амаллар ниятлар биландир” ҳадиси Исломнинг ярмидир. Негаки дин ё зоҳирда бўлади ё ботинда. Зоҳирда кўринадигани амал, ботиндагиси эса ният бўлади”. Имом Аҳмад ва Шофеий айтадилар: “Амаллар ниятлар биландир” ҳадисига илмнинг учдан бири дохил бўлади. Негаки банданинг амаллари қалби, тили ва қолган аъзолари билан касб қилинади. Қалб билан ният қилиш айни шу уч қисмдан биридир”.

Имом Байҳақий: ““Амаллар ниятлар билан эътиборлидир” ҳадиси илмнинг учдан биридир. Банданинг амали қалби, тили ва аъзолари билан амалга ошади. Ният эса у учала қисмлардан бири ва (тарозуда) энг оғирроғидир. Чунки, гоҳо ниятнинг ёлғиз ўзи мустақил ибодат даражасига етиб, банда фақат нияти сабабли ҳам савоб олаверади. Аммо тил ва аъзолар билан бажариладиган ибодатлар ниятга эҳтиёжмандирлар”, деб ниятга таъриф берганлар. Шу сабабли муъминнинг нияти амалидан устун туради.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий айтадилар: “Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари орасида бундан-да кенг қамровлиси, сермазмуни ва фойдалироғи йўқдир”.[4]

Чунки амалларни бажараётган ҳар бир мукаллаф ўзининг ҳар бир ҳолатида мазкур ҳадисга эҳтиёж сезади. Аллоҳ таоло бажаришни ёки бажармасликни буюрган ҳар бир буйруқларнинг ижросининг замирида мазкур ҳадис туради.

Ҳадиснинг умумий маъноси.

“Амаллар ниятлар билан эътиборлидир ва ҳар бир киши учун унинг  ният қилган нарсасигина берилади. …”

Имом Бухорий ҳазратлари мазкур ҳадисни “Ал-Жомиъу-с-саҳиҳ” ҳадис тўпламининг аввалида, “Ваҳийнинг бошланиши” китобида келтирганлар.  Имом Бухорий бу ҳадисни “Ваҳийнинг бошланиши” китобида келтирганининг сабаби ҳам ваҳийнинг бошланиши ҳам ният билан боғлиқдир, чунки Аллоҳ таоло Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламни мусаффо қалб ва покиза эътиқодда, яъни фитратда яратиб, у зотга бут санамларни ёмон кўрсатиб қўйди ва эзгу, фазилатли амалларга қалбини бурди.  Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам қалбини, ниятини Аллоҳ учун холис қилиб, Унинг розилиги учун ширк ва гуноҳ амаллардан ўзини мутлақ йироқ тутиб, Ҳиро ғорида ибодатга қалбини моил қилдилар. Айнан мана шу холис ниятлари сабабли Аллоҳ таоло у зотни пайғамбарликка сайлаб (мустафо) олди. Шунинг учун Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисни айтиб банданинг ҳар бир амали пок ниятлар ила Аллоҳнинг розилигини топишдан иборат бўлиши ва бу ишда ўз нафсининг ғараз-мақсадларини орага тиқмаслиги лозимлигини, нафсоний ғараз соф ният ва ҳаққоний амалларни вайрон қилишини, савобларни йўққа чиқаришини уқтирадилар:

“…Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун деб эътиборга олинади. …” Ҳижрат Макка фатҳидан олдин мусулмонларни Макка мушрикларининг зулмидан ўзларини, молларини ва динини асраш учун Мадинага кўчишлигига айтилади. Аммо Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Макка фатҳи куни “Фатҳдан сўнг ҳижрат йўқ”, деб айтган сўзларига биноан ҳижрат қилиш йўқдир. Лекин, баъзи уламоларимиз мусулмоннинг аслий маконида дини сабабли унга нисбатан зарар ва тажовузкорлик мавжуд бўлса унга ўша жойдан кўчиш вожиб дейдилар.

“…. Кимнинг ҳижрати бирон дунё (матоҳини қўлга киритиш) ёки бирон аёлни никоҳлаб олиш учун бўлса, бас унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшангадир” — Имом Табаронийнинг “Ал-мўъжамул-кабийр” китобида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича:

“Орамизда Умму Қайс деган аёлга совчи қўйган бир киши бор эди. У аёл: “То ҳижрат қилмагунингча, сенга турмушга чиқмайман”, — деб туриб олди. Шунда ҳалиги одам ҳижрат қилиб, ўша аёлга уйланиб олди. Шу боис биз уни Умму Қайснинг муҳожири деб атардик”.

Мазкур ҳадиснинг ворид бўлиш сабаби ҳам ушбу воқеъага боғлиқ дейилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан нияти холис бўлмаган кишининг ҳижрати ҳақида шундай ривоят қилинади: “Бирон (дунёвий) нарса тамасида ҳижрат қилган киши учун “Умму Қайснинг муҳожири” деб ном олган кишининг ажридан бошқа ҳеч нарса йўқдир”.

Ҳадисдан олинадиган истифодалар.

  1. Амаллар учун ниятнинг мавжудлиги.

Мукаллаф бандалардан содир этиладиган амаллар фақат ният билан амалга оширилсагина шаръан эътибор қилиниши ва эвазига ажр-савоб ёзилишига уламолар иттифоқ қилишган.

Намоз, рўза, ҳаж каби мустақил ибодатларда ният қилиш ибодат рукнларидан бири ҳисобланади. Алоҳида ибодат саналмайдиган, балки таҳорат, ғусл каби васила (восита) бўлган амалларда эса ният қилишнинг ҳукми ихтилофлидир. Ҳанафий мазҳабига кўра бундай василалардаги ният савоб ҳосил бўлиши учун мукаммаллик шарти ҳисобланади. Яъни, ният қилинмаса[5] ҳам таҳорат, ғусл дуруст саналаверади, лекин ният қилинса, янада мукаммал бўлади, чунки аслини олганда мукаллафни мана амалларга етаклаган нарса, гарчи у тилда зоҳир бўлмаса ҳам унинг нияти  ҳисобланади. Чунки, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадис давомида айтган: “ҳар бир киши учун унинг  ният қилган нарсасигина берилади” жумласини баъзи муҳаддис уламолар “ҳар бир киши учун ният қилган нарсаси бор”, деб шарҳлаб мазкур жумлани иҳтисор, яъни чегаралаб қўйиш мазмунида дейдилар. Яъни, инсон ҳох солиҳ, ҳох фосид амални қилса ҳам албатта у амал аввалида унинг нияти борлиги инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир, мантиқан олиб қараганда ҳам юқорида айтиб ўтганимиздек инсонни амалга етакловчи нарса – у унинг ниятидир. Шунинг учун Ҳанафия мазҳабида ҳар бир ибодат аввалида тил билан ният қилиш шарт қилинмаган.

Шофеий ва бошқа имомлар мазҳабларида эса ҳамма ибодатларда, жумладан василаларда ҳам тил билан ният қилиш шарт ҳисобланади.

  1. Ниятнинг ҳар хил бўлиши ва уни ўзгариши мумкинлиги.

Ҳадиснинг умумий маъноси замирида банданинг ниятини ўзгариш эҳтимоли мавжудлигини англаб етиш мумкин. Чунки, амалларни ижроси асносида, ёки ундан сўнг мукаллафнинг нияти ўзгариши эҳтимолдан холи эмас. Бу ҳолатда банданинг амалларини баъзиси ёки барчаси риёга ва сумъага[6] айланади. Банда баъзан хайрли ва савобли амалларни Алоҳ таолонинг розилиги учун эмас, балки бошқа мақсадларни кўзлаб бажариши мумкин. Агар банданинг нияти Аллоҳнинг розилигидан бошқа нарса учун бўлса, ундай киши ўз ниятини ислоҳ қилиши лозимлигини ҳадисда огоҳ этилади.

  1. Ниятнинг вақти ва макони

Ниятнинг вақти амалнинг аввалидир. Бунга намоздаги такбиру таҳримани, рўза, закот амалларни бажаришдаги ниятни ва ҳажда эҳромга киришни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Ниятнинг макони қалбдир. Уни тилга чиқариб талаффуз қилиш шарт эмас. Аммо, ният қилишда ният қилинаётган ибодатни тайин қилиб, бошқасидан ажратиш шарт. Масалан: “Намоз ўқишни ният қилдим” дейиш кифоя эмас. Албатта: «Пешин ёки аср намозини» деб тайин қилиш шарт.

 

  1. Ҳижратнинг вожиб бўладиган вақти ва ҳолати.

Яшаётган жойида ўз динини изҳор қилиш, яъни Исломнинг асосий фарз амалларини бажаришга имкон берилмаган мусулмонга бундай куфр ўлкасидан ҳижрат қилиши вожибдир. Ушбу ҳукм барча замонларга тегишли. Аммо «(Макка) фатҳидан сўнг ҳижрат йўқдир» ҳадисига келсак, унинг маъноси қуйидагича: «Маккаи Мукаррамадан бошқа ерга ҳижрат қилинмайди, чунки у ер ҳам эндиликда Ислом еридир».

 

  1. Ким бир солиҳ амални ният қилиб сиҳҳатлик вақтида бажариб келаётган бўлса-ю, бироқ хасталик ёки шунга ўхшаш сабаблар туфайли уни бажаролмай қолса, ундай киши нияьтини баробарида ажр олишининг мумкинлиги.

Қози Байзовий айтадилар: “Амаллар ниятсиз дуруст бўлмайди. Чунки узрли сабаб туфайли қила олмаса, киши амалсиз ниятнинг холислигига савоб олади. Аммо ниятсиз амал чанг-тўзон каби тўзғиб кетади. Амал билан ниятнинг мисоли танадаги руҳнинг мисоли кабидир. Тана руҳсиз яшай олмайди, худди шунингдек руҳ ҳам бу оламда жасадсиз кўрина олмайди”.

 

  1. Амалларни ихлос билан бажармоқ.

Дунёда ҳидоят ва нажот топиш ҳамда охиратда ажру савобга эга бўлиш учун амал ва ибодатларимизда Аллоҳга ихлос қилмоғимиз лозим. Банданинг савоби унинг амалига қараб эмкас, балки ниятига қараб берилишини унутмаслик лозим.

 

  1. Ким охират ғамида Аллоҳ ва расулини розилиги учун ҳижрат қилса, у ўша мақсадига етади. Аксинча дунё ғамида кимки ҳижрат қилса, у ҳам ўз мақсадига етади.

Аллоҳ таоло айтади: “Кимки бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини хоҳласа, бу борадаги амалларининг (самараси)ни тўлиқ берурмиз. Улар бунда камситилмаслар.”[7]

  1. Ҳар қандай фойдали ва яхши амал ният, ихлос ва Аллоҳ таолонинг розилигини исташ сабаби билан ибодатга айланади.

 

 

[1] Ғариб ҳадис– Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламдан фақат биргина ровий ривоят қилган ҳадис.

[2] Машҳур ҳадис — Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламдан фақат ўнтадан олтмиштагача ровийлар ривоят қилган ҳадис.

[3] Баййина. 5-оят мазмуни.

[4] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ул-Борий, 1-жуз.  2-Муқаддима,  Қоҳира. 1880й. –Б5.

[5] Тил билан ният қилинмаса ҳам.

[6] Риё – Аллоҳ учун эмас, балки бошқалар кўрсин учун солиҳ амалларни қилиш, сумъа – бошқалар эшитишлиги учун солиҳ амалларни бажариш.

[7] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004. Ҳуд сураси,  15-оят таржимаси.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment