Ашуро рўзаси — ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат!

ss

Муҳаррам ойининг ўнинчи куни тутиладиган рўза ашуро рўзасидир. Бу кун —  Аллоҳ таоло Мусо а.с. га фиръавндан нажот берган кундир. Бунинг шукронасига Мусо а.с. рўза тутдилар. Шунинг учун Мадинадаги бир гуруҳ яҳудийлар ҳам рўза тутар эди. Росулуллоҳ с.а.в. Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг мусулмонларга ҳам бу куннинг рўзасини тутишликни буюрдилар. Рамазон рўзаси фарз қилингач эса, ашуро рўзасининг вожиблиги насх қилинди ва бу куннинг рўзасини тутишлик мустаҳаб амалга айланди.

Росулуллоҳ с.а.в. Мадинага муҳаррам ойида эмас, робиул аввал ойида ҳижрат қилиб келганликлари маълум. Шундан сўнг  яҳудийлардан бир гуруҳини рўза тутаётганликларини кўрадилар ва уларнинг бу рўзалари ҳақида сўраганларида яҳудийлар:  “Бу кунда Аллоҳ Мусога ва у билан бўлганларга фиръавндан нажот берган. Биз Аллоҳга шукр қилиб рўза тутаяпмиз” дейишади.

Ибн Аббос р.а. дан ривоят қилинади: “Набий с.а.в. Мадинага келган вақтларида уларни ашуро кунида рўза тутаётганликларини кўрдилар. Улар: “Бу шундай улуғ кунки, бу кунда Аллоҳ Мусога нажот бериб, фиръавн ва унинг аҳлини ҳалок қилган. Сўнг Мусо Аллоҳга шукур қилиб рўза тутган”, дейишди. Набий с.а.в. :  “Мен Мусога улардан кўра авлороқман”,  дедилар ва рўза тутдилар. Бошқаларга ҳам рўза тутишликни буюрдилар.

Бу ривоят Росулуллоҳ с.а.в. нинг Мадинага биринчи келган вақтлари робиул аввал ойида бўлганми ёки кейинги йилги муҳаррам ойида бўлганми?

Бу тўғрисида икки хил гап бор уларнинг энг кучлиси: Бу ривоят ва у зотнинг рўза тутишга буюришликлари муҳаррам ойида бўлган. Яъни, Росулуллоҳ с.а.в. Мадинага ҳижрат қилиб келганларининг иккинчи йилида.

Ҳофиз ибн Ҳажар айтади: Ибн Аббосдан келган хабарнинг зоҳири бир мушкулликни келтириб чиқаради. Албатта Росулуллоҳ с.а.в. Мадинага келган вақтларида яҳудийларни ашуро рўзасини тутаётганликларини кўрадилар ваҳоланки у зот робиул аввал ойида келганларку. Жавоб: Росулуллоҳ с.а.в. нинг уларни рўза тутаётганликларини кўриб бу ҳақида сўрашликлари Мадинага келганларидан кейин бўлган. Жумлада ҳазф қилинишлик бор бўлиб унинг тақдирий кўриниши қуйидагича бўлади: “Набий с.а.в. Мадинага келдилар сўнг ашуро кунигача истиқоматда бўлдилар ва яҳудийларни бу кунда рўза тутишликларини кўрдилар”.

Яҳудийларнинг рўза тутишликдаги ҳисоби қамарий бўлаганми ёки шамсийми?

Ҳофиз ибн Ҳажар р.а. яҳудийларнинг ҳисоби шамсий эмас балки қамарий бўлганлигини зикр қилиб қуйидагиларни айтади: Баъзи мутаахирлар: яҳудийлар шамсий ҳисобга кўра рўза тутганлик эҳтимоллари бор. Шунда ашурони робиул аввал ойига тўғри келишида монелик бўлмайди. Ўртадаги мушкуллик ҳам кўтарилади деб айтади. Муаммони кўтаришда айтилаётган бу гап жуда ҳам ажоибдир. Чунки у ўзидан яна бошқа бир муаммони келтириб чиқаради. Бу муаммо шуки, Росулуллоҳ с.а.в. мусулмонларни ҳисоб билан ашуро рўзасини тутишга буюришларидир. Барча асрларда мусулмонлар ашуро рўзасини бошқа ойларда эмас муҳаррам ойида тутганликлари маъруфдир.

 

Нозик жиҳатлар

Гоҳида шундай савол бўлиб қолишлиги мумкин: Набий с.а.в. Мусо ва у билан бўлганлар нажот топган кун ашуро куни бўлгани масаласида яҳудийларни қандай тасдиқладилар?

Ҳолбуки, бу — уммавийларнинг ўйлаб топган нарсаси деган даъволари саломат қолишлиги, ашуро рўзасини тутишликка тарғиб этувчи ҳадисларда таънага эришишлиги учун ҳийла ва пасткашлик билан рофизаларнинг сўраган нарсасидир.

Мозирий р.а. бу муаммони жавобини айтди: яҳудийларнинг хабарлари мақбул эмас.  Набий с.а.в. га яҳудийлар айтган нарсаси тўғри эканлиги ваҳий қилинганлиги эҳтимоли бор.

Абул Аббос Қуртубий айтади: Набий с.а.в. ашуро рўзасини яҳудийларга иқтидо қилган ҳолда тутмадилар. У зот Мадинага келишларидан олдин ҳам бу рўзани тутар эдилар. Лекин у зот билан яҳудийлар ўртасида бўлган ҳодиса бу рўзани лозим тутиш ва яҳудийларнинг қалбини улфат қилиш учун эди.

Оиша р.а. дан ривоят қилинади: Жоҳилият даврида қурайшликлар ашуро рўзасини тутар эдилар. Росулуллоҳ с.а.в ҳам бу рўзани тутар эдилар. Мадинага ҳижрат қилганларида унинг рўзасини тутдилар ва ашуро рўзасини тутишликка буюрдилар. Рамазон рўзаси фарз қилинганда  “ким хоҳласа уни тутсин ким хоҳласа тарк этсин”, дедилар. Бухорий ривояти.

Абдуллоҳ ибн Умар р.а. дан ривоят қилинади: Жоҳилият аҳли ашуро кунида рўза тутар эди. Рамазон фарз бўлишидан олдин Росулуллоҳ с.а.в. ва мусулмонлар ҳам рўза тутар эдилар. Рамазон фарз қилингач Росулуллоҳ с.а.в. :  “Албатта ашуро —  Аллоҳнинг кунларидан бир кун. Ким хоҳласа унинг рўзасини тутсин, ким хоҳласа тарк этсин » дедилар. Муслим ривояти

Жоҳилият пайтида қурайш мушриклари, улардан бошқалар, яҳудийлар ашуро кунида рўза тутганлар. Ислом эса бу куннинг рўзасини тутишликни таъкидлаб келди. Рамазон рўзаси фарз қилингач эса, ашуро рўзаси мустаҳабга айланди.

Шу ўринда Расулуллоҳ с.а.в. нинг бир ҳадисларини келтирсак: «Абу Қатода р.а. дан ривоят қилинади, у киши Расулуллоҳ с.а.в. дан ривоят қилиб айтадилар: «Арафа куниниг рўзасини Аллоҳ таолодан ўтган йил ва келаси йилнинг гуноҳларига каффорат қилишини умид қиламан. Ашуро кунининг рўзасини ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат қилишини умид қиламан». (Муслим ривояти).

Эргашев Абдулвоси,

 

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment