Бевафо дунё

ss

Қарангки, қуш мисол самога учдим,

Қуёшнинг нуридан тердим жавоҳир.

Ойга ҳамроҳ бўлдим, юлдузни қучдим,

Афсуски, нафсимга қул бўлдим охир.

 

Ибодат таъмини тотмадим тўйиб,

Иблисни дўст билдим ҳар бир ишимда.

«Не учун яралдим?» сўроғин қўйиб,

Бойликнинг бошини тутдим тишимда.

 

Зикрсиз тунларда бўлмас ҳаловат,

Тўшакнинг иплари симдек ботади.

Иймонсиз яшамоқ мудҳиш фалокат,

Кўз очиб юмгунча тонг ҳам отади.

 

Дунё қари кампир, вафо қилмайди,

Оҳ урсанг, пойингда титрайди замин.

Неча ёш бўлганин ҳеч ким билмайди,

Ҳар битта қавати юз мингта ажин.

 

Ҳаёт карвон мисол ўтар, тўхтамас,

Азроил олади бир куни жоним.

Аллоҳни деганлар нафсни хоҳламас,

Қабримга ҳамроҳим – фақат иймоним.

 

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment