Билмаганимизни аҳли илмдан сўрайлик!

ss

«Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар». (Фотир, 28)

Табиатга қараб, ундаги маҳлуқот ва мавжудодларни кўриб, Аллоҳнинг қудратини ҳис этиш, ўзига ибрат олиб, яратувчи бор эканлигини англаш, яратувчи Аллоҳ эканини топган ва ундан қурққан киши олим ҳисобланади.

Табиатнинг икир-чикиригача ўрганган, ундаги бор нарсаларнинг пайдо бўлиши, ўлиши, кўпайиши, тузилиши, таркиби шу каби ҳолатларини ўрганиб, уларни яратган зот Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган киши олим эмас, балки у Аллоҳниниг наздида жоҳилдир.

Имом Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳу: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан зуҳд қилган одамдир», деди ва ушбу ояти каримани тиловат қилди «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар».

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас. Балки у қўрқишнинг кўплигидадир», деган эканлар. Киши қанчалик Аллоҳдан қўрқар экан, демак шунча илмга эга бўлиб бораверади. Илм ҳосил қилган сари Аллоҳдан қўрқув уни эгаллаб олади.

Бир киши денгиз соҳилига қадам босди. Соҳилдаги сув, денгиз ўртасидаги сув каби ранги, таъми бирхил эканини эътироф этиб, унинг чуқурлигини билмаса, албатта у киши ғарқ бўлиши аниқ. Денгиз ўртасига борган сари унинг чуқурлигини ҳам эътироф этган кишида қўрқув пайдо бўлгани каби, Аллоҳнинг маърифатини ҳосил қилган сари кишида қурқув пайдо бўлаверади.

Ҳа азизлар, Аллоҳдан бандалар ичида фақатгини олимлар қўрқади. Демак олим бўлмаганлар шахсий ва ижтимоий масалаларда адашмасликлари учун олимларга эргашишлари лозим экан.  Шундагина қилаётган амаллари мазмунли бўлиб боради ва энг катта яхшиликни ҳосил қилган бўлади.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта мен тақсимловчиман холос, Аллоҳ беради», дедилар. Муттафақун алайҳ.

Фиқҳ сўзи маърифат қилмоқ, тушунмоқ маъноларини билдиради. Ушбу ҳадисда жамиятдаги барча кишилар орасида яхшилик соҳиби илмли киши эканлиги айтилиняпти. Илмни талаб қилишлик, ундаги дақиқ нукталарини ажратиш, қуръон ва ҳадисдан маърифат ҳосил қила билиш барча яхшиликлардан афзал экан. Фақатгина олимлар ўзларини яхшилик соҳибиман дея оладилар. Бу дегани бошқа яхши амалларни қилувчилар яхшилик соҳиби эмас дейилмайди. Балки, ҳар-бир яхшиликни мукаммал адо бўлишида илм бўлмаса ноқисликни келтириб чиқаради-да.

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди: «Бири обид, бошқаси олим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳатто уясидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар», дедилар».

Обид деганда Аллоҳнинг тоатида туриб, амал қилаётган ҳар-бир киши тушунилади. Намоз ўқувчи ҳам обид, тижорат қилувчи ҳам обид, зироатчи (деҳқон) ҳам обид ва шу каби шариъатга мувофиқ амал қилаётган киши обид ҳисобланаверади. Олимлар обидларнинг амаллари тўғри бўлишларини таъминловчилардир. Залолатдан ҳидоятни, ҳаромдан ҳалолни, ёмондан яхшини ажратиб олишларига ёрдамчилардир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг кичик саҳобийдан қанчалик афзал бўлсалар ҳам диний, ҳам дунёвий илмлар соҳибининг, олимининг обид кишилардан шунчалар афзал эканликлари айтилмоқда.

Ҳадиснинг давомида «Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳатто уясидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар».

Саловот айтиш Аллоҳ таоло томонидан бўлганда У зотнинг бандага кўрсатадиган раҳматини, осмонлар аҳли, яъни, фаришталр томонидан бўлганида эса, уларнинг бандага истиғфор айтишини, ер аҳли, яъни, одамлар томонидан бўлганда эса уларнинг дуо қилишларини ифода этади. Одамларга яхшиликни ўргатувчилар ва тўғри йўлни кўрсатувчилар фақат уламолардир.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Ер юзида уламолар худди еру сувнинг қоронғулигида йўл топишга ёрдам берувчи йўлчи юлдузга ўхшайди. Юлдузлар ғойиб бўлганда йўловчилар адаша бошлайдилар», дедилар. Уламолар кишиларнинг  амалларини муҳофаза қилувчиларидир.

Амалсиз ҳеч қандай насаб, мартаба фойда бермаганидек, илмсиз амал ҳам фойда бермайди.

Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олим билан обид қайта тирилтирилади. Обидга: «Жаннатга кир», дейдилар. Олимга: «Одамларнинг одобини гўзал қилиб тарбиялаганинг учун, уларга шафоат бериш учун собит тур» дейилади», дедилар.

Барчаларимиз илм сари ҳаракат қилмоғимиз, зикр қилинган оят ва ҳадислардан ибрат олмоғимиз, ҳаётимизда фойдаланмоғимиз — ҳаммамизнинг мусулмонлик бурчимиздир.

 

Хайруллоҳ Сатторов,

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment