Бисмиллаҳир роҳманир роҳимнинг фазилати

ss

Мусулмон киши кундалик ҳаётида энг кўп талаффуз қиладиган жумла бу — »Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»дир. »Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»нинг фазилатини ё биламиз ёки билмаймиз. Келинг суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи увасалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислар орқали энг кўп ишлатадиган сўзимиз »Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»нинг фазилати ҳақида сўз юритайлик. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қатор ҳадисларини баён этамиз. Шоядки бохабар бўлиб, бу калимани янада кўпроқ айтиб Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратига яна ҳам кўпроқ сазовор бўлсак.
Имом Дороқутний Ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: »Жаброил алайҳиссалом менга Аллоҳ таолодан ваҳий олиб келганида, аввалги айтган калимаси »Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» бўлар эди, деб марҳамат қилганлар.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари ҳазрати Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам »бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни нозил бўлиши ҳақида шундай деганлар: »Вақтики »Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» нозил бўлганда малоикалардан иборат самовот аҳли хурсанд бўлиб, шодландилар. Унинг нозил бўлиши билан Арш титради. У билан мингта фаришта нозил бўлди. Малоикаларнинг имонлари зиёда бўлди. Жинлар юзтубан йиқилдилар. Фалаклар ҳаракатга келди. Унинг улуғлиги олдида давлатмандларнинг қадри пасайди». Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: »Вақтики »бисмиллаҳир роҳманир роҳим» нозил бўлувди тоғлар ҳам тасбеҳ айтди. Тоғларнинг тасбеҳини ҳатто Макка аҳли ҳам эшитди. Улар: »Муҳаммад (с.а.в) тоғларни ҳам сеҳр қилди», дедилар. Бас, уларнинг устига Аллоҳ таоло тутун юборди. Тутун ҳатто-ки Макка аҳлининг устига соя солди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: »Кимки »Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни ишонч ва иймон билан айтса, тоғлар ҳам у билан бирга тасбеҳ айтади илло айтгувчи тоғлар тасбеҳини эшитмайди», дедилар. Дороқутний ва Табароний роҳимаҳумуллоҳ Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: »Сулаймон алайҳиссаломдан кейин бирорта набийга нозил бўлмаган оятни сенга айтмай масжиддан чиқмайман», дедилар-да кейин »намозда қуръонни нима билан бошлайсан», дедилар. Мен »Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», билан дедим. Ул зот »Ҳа, ўша, ўша», дедилар. Вакиъ ва Саълабий роҳимаҳумуллоҳ Ибни Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: »Кимки дўзахнинг Забония фаришталари чангалидан омонда бўлмоқни ҳоҳласа 19 та ҳарфдан иборат »Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни кўп ўқисин. Аллоҳ таоло »бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»даги ҳар бир ҳарфни ҳар бир Забония фариштага қалқон қилади».
Дайламий розияллоҳу анҳу Ибни Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: »Кимки »бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни ўқиса Аллоҳ таоло унинг ҳар бир ҳарфи учун қирқ минг ҳасанот ёзади, қирқ минг ёмонлигини ўчиради, у учун қирқ минг даражот ато этади. (Дорул Мансур). Анас ибни Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: »Агар бутун ер юзидаги дов — дарахтлар қаламлар бўлса, денгизлар сиёҳ бўлса ва жинлар, инсонлар, фаришталар котиблар бўлсалар ва »Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни маъно ва фазилатларини минг-минг йиллаб ёзсалар, уни ўндан бирини ҳам ёза олмаслар.(Рисолаи басмала). Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: »Агар банда »бисмиллаҳир роҳманир роҳим» деса жаннат аҳли »Лаббайка ва саъдайка» яъни мана мен сени рўпарангда, олдингдаман. Сени бахтли қиламан, дейди ва Аллоҳ таолога илтижо қилади: »Парвардигоро, фалончи банданг »бисмиллаҳир роҳманир роҳим» деди. Аллоҳим уни дўзах аҳлидан қилма, уни жаннатингга киргиз», дейди».
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: »Қиёмат куни бир қавм келтирилади. Улар »Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», деб келадилар. Тарозида уларнинг яхшиликлари ёмонликларидан оғир келади.
Бошқа умматлар: »Уларнинг яхшиликлари бунчалик ҳам оғир», дейдилар. Албатта, бунинг сабаби улар бу ҳаёти дунёда ҳар бир каломларини »бисмиллаҳир роҳманир роҳим» билан бошлар эдилар. »Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» Аллоҳ таолонинг улуғ исмларидандир. Гарчи тарозининг бир палласига »бисмиллаҳир роҳманир роҳим» қўйилса, иккинчи палласига cамовот ва ер, улар ичидаги ва улар орасидаги нарсалар қўйилса, албатта, »бисмиллаҳир роҳманир роҳим» оғир келади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу умматни »бисмиллаҳир роҳманир роҳим»нинг фазилатию баракотидан турли хил бало-офатдан, шайтоннинг шарридан омон сақлади. Шунингдек, турли хил касалликлардан, йўқолиб кетишдан, ўтда ёнишдан,
майиб мажруҳ бўлишдан, сувга чўкишдан омон сақлади.(Хавосил қуръон).
Мансуржон Абдухолиқов тайёрлади. Пайариқ тумани бош имом хатиби.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment