Бизнинг — миллий ғоямиз!

ss

Бирон-бир жамият эзгу ғояларсиз ва соғлом мафкурасиз ривожлана олмаслиги исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. Аллоҳ истиқлол неъматини юртимизга инъом қилар экан, юртимиз раҳбари ташаббуси билан ўзбек халқи ҳам ўз олдига озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш каби буюк эзгу мақсадларни қўйди. Ана шу эзгу мақсадларни амалга оширишда, мамлакатимизда демократик тамойилларга асосланган жамиятни барпо этишда, бизга ёт ва бегона мафкуралар тажовузига қарши тура оладиган, ҳар томонлама баркамол инсонларни вояга етказиш, ғоявий бўшлиқ бўлишига йўл қўймаслик ва ниҳоят, юртнинг юксак тараққиётини таъминлаш — миллий ғоя тамойилларини шакллантириш эҳтиёжини юзага келтирди.

Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва Ватан равнақи  каби миллий ғоя тамойилларини ёшларимизга кенг маънода тушунтириш ишларини олиб бориш ҳар-бир масъулнинг вазифасидир.  Зеро, жамиятнинг гуллаб яшнаши, юксалиши ва барча эзгу ишларни амалга ошишида юртнинг тинчлиги бирламчидир. Юрт тинч бўлса халқ фаравон ҳаёт кечиради, халқ фаровон ҳаёт кечирса, шу юртдан комил инсонлар етишади, комил инсонлар бор жойда ижтимоий ҳамкорликлар вужудга келади, ижтимоий ҳамкорлик эса миллатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унда миллатлараро тотувлик пайдо бўлади, миллатларни эса динлар боғлаб туради. Миллатлараро тотувлик бор жойда динлараро бағрикенглик ҳукм суради. Ана шунда Ватан равнақ топади.

Миллат кексаларининг тилида, ҳар-бир қилаётган дуоларида Яратгандан аввало тинчлик-осудаликни сўрайдилар. Ёш авлодга ўз юртини, ватанини севишга, уларни шу юртнинг, миллатнинг келажаги эканини уқтириб борадилар. Чунки, улар ўтказган тузумнинг ҳаёти келажак авлоднинг бошига келишини ҳеч-ҳам ҳохламайдилар.

Ким эди-гу, ким бўлдик?  “коммунистик ғоя” билан тузилган ҳаёт, халқнинг маънавий бойлигидан мосуво қилиб қўйган, аждодлар руҳини шод қилиш учун қуръони каримни тиловат қилиш ўрнига мотамсаро мусиқалар садосини янгратиб маййитни жанозасиз дафн этиш, масжиду-зиёратгоҳларни омборхоналарга айлантирилганлиги, аждодларимиздан минг йиллардан буён келаётган урф-одатлар, анъана ва удумларни эскилик сарқити деб халқни маънавий ҳаётдан мутлақо узилиб қолганлигининг кўриниши эди.

Мустақилликка эришганимиздан кейин аввалги муҳим масалалардан бири бу мамлакатимизда маънавий янгиланиш, кишилар онги, тафаккури ва дунёқарашини бойитиб, кенгайтириб боришда босқичма-босқич бир қанча ютуқларни қўлга киритиб, қадриятимиз, урф-одатларимизни янада яхшироқ ўрганган бўлдик.  Бугунги шиддатли ривожланиш даври маънавият соҳасида вужудга келаётган долзарб муаммоларни, халқимиз маънавиятини асраш ва янада юксалтиришни, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг онгу-шуурини турли-хил  ёт ғоя ва мафкуралар таъсиридан сақлаш, асраб авайлаш кераклиги, шу билан бирга маънавий ва моддий ҳаёт уйғунлиги фазилатларини ўзида мужассам этган баркамол авлодни тарбиялашни энг долзарб вазифа сифатида эътироф этиш лозимдир. Зеро, маънавий ва моддий ҳаёт уйғунлиги масалалари барча замонларда  муҳим ва энг долзарб масала бўлиб келганлиги сир эмас. Бу борада юртимиз раҳбари ўз асари “Юксак маънавият енгилмас куч” китобида моддий ва маънавий ҳаётни самода баланд парвоз қилаётган қуш тимсолига ўхшатганлар. Икки қаноти соғлом бўлган қуш баландликларни забт этгани каби моддий ва маънавий ҳаёти уйғунлашган киши юксак марраларни эгаллаши, жамиятга манфаатли шахс сифатида эътироф этилиши ҳақиқатдир. Истиқлолимизнинг 25 йиллиги арафасида турибмиз, бу улуғ нематнинг қадр-қиммати нақадар бебаҳо! Шукрона қилишлик шу юртнинг ёшу-кексасига вожибдир. Кексаларнинг шукронаси ўсиб келаётган ёш авлодни ватан муҳаббати билан яшашга, уларни турли-хил ёт оқимларнинг алдовларига илиниб қолмасдан юксак маънавиятли инсон бўлиб ўсишига даъват қилиш бўлса, ёшларнинг шукронаси эса юрт ободлиги учун самимий, фидоий бўлиб хизмат қилишдир.  Аллоҳ таоло юртимиз мустақиллигини абадий қилсин. Амин.

 

 

Хайруллоҳ Саттаров,

Жомбой тумани бош имом хатиб

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment