Боболар мероси

ss

Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, она Ватанимиз-Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг она юртимиз заминидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг табаррук номларини тиклаш, муборак қадамжоларни обод қилиш, улар қолдирган илмий-маънавий меросларни чуқур ўрганиш ҳамда миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш имкони туғилди. Ўтган давр мабойнида мамлакатимизда бу борада жуда ҳам кўп тарихий ишлар амалга оширилди.

Азалдан бизнинг юртимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий,  Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Махмуд Замаҳшарий  Бурҳонуддин Марғиноний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломалар етишиб чиққан. Номлари зикр қилинган бу зотларнинг қолдирган илмий меросларини ўрганишимиз ва фарзандларимизга ўргатишимиз барчамизнинг вазифамизга киради.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти марҳум И.Каримов “Биз фарзандларимизни Имом Бухорий ҳадислари, Яссавий ҳикматлари, Термизий ўгитлари, Нақшбанд таълимоти асосида тарбиялашимиз керак”, деганидек, фарзандларимизни Аллоҳдан қўрқадиган, жамиятга фойда келтирадиган, халққа хизмат қиладиган инсофли ва диёнатли қилиб тарбиялашимиз, келажакда уларнинг етук инсон бўлиб улғайишига сабаб бўлади.

Ўтган аждодларимизни эсга олар эканмиз, улар орасида Имом Бухорий бобомиз барча мусулмонларнинг фахридир. Хусусан, у кишининг ватанида яшаб турган бугунги кун мусулмонлари учун алохида шарафдир. Ҳатто, бугунги кунда биз Имом Бухорий авлодларини бошқа юртларда яшайдиган мусулмонлар айнан бобомиз Имом Бухорий орқали танийдилар ва у кишининг сабабидан ҳурмат қиладилар.

Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаёти барчага ибратдир. У кишининг болалик йиллари фақат илм талабида ўтди, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига мурожаат қилиб: “Илм Хитойда бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз.Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деганлар.

Имом Бухорий шу хадисга амалга қилиб, илм талабида ҳаёти давомида кўп маротаба сафарларда бўлди. У киши қарийб барча исломий мамлакатларга, баъзи бирларига эса бир неча маротабалаб сафар қилди. У кишининг ўзи “Мен Шом, Миср ва Арабистон ярим оролларини икки марта зиёрат қилдим. Бир неча марта Басрада бўлдим, олти йил Ҳижозда (ҳозирги Саудия Арабистонида) яшадим, Куфа ва Бағдод шахарларида неча марта бўлганимни эслай олмайман”, деб ёзади.

Шу билан бирга, Имом Бухорий ҳазратлари доимо ёлғончиликка нисбатан нафрат  билан қараган. Ривоятда келишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир кишини ҳадис билишлигини эшитиб, узоқ йўл босиб, уни топиб борса, у киши қочиб кетган ҳайвонни тутиб олиш учун кийимининг этагини кўтариб, ҳайвонга ем бордай кўрсатиб турган экан. Имом Бухорий: “Ҳайвонни алдашга журъат этган одамдан ҳадис қабул қилиб бўлмайди”, деб, ортига қайтган экан. Бундан келиб чиқадиган нарса шуки, Ислом динида нафақат инсон зотини алдаш, балки, Аллоҳ таоло яратган ҳайвонларни алдаш ҳам мумкин эмас.

Демак, бугунги кунда одамлар орасида илмга бўлган чанқоқлик камайган ва ёлғончилик ҳам кундан кунга авж олган бир пайтда барчамиз, шунингдек, ёшларимиз ҳам Имом Бухорий ҳазратларидан илмга бўлган чанқоқликни ва ёлғончиликка бўлган нафратни ўрганишимиз керак.

Имом Бухорий ёзиб қолдирган асарлари орасида энг машҳури шубҳасиз, у зотнинг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобидир. Имом Бухорий машҳур “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобида ҳам “Китабул адаб” деган қисм очиб, унинг ичида одоб-ахлоққа оид ҳадиси шарифлардан 128 бобида 300 дан ортиғини келтирган.  Лекин, Имом Бухорий бу билан кифояланмай, “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобидаги ҳадисларга бошқа ҳадисларни қўшиб, “Ал–адаб ал-муфрад” номли китоб тасниф қилган. У кишини бу мавзуни ўта муҳим ҳисоблаганидан унга алоҳида китоб ёзишни лозим кўрган.

Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал–адаб ал-муфрад” китоби ҳам жуда мўътабар ҳисобланади. Унда Имом Бухорий одобга оид 1322 та ҳадиси шариф келтирган ва уларни 644 та бобга тақсимлаган. Бу китобда ижтимоий алоқаларга ва кишиларнинг бир-бирлари билан бўладиган муомалаларига оид фақат одобларга боғлиқ ҳадиси шарифлар келтирилган.

Бас, шундай экан, буюк бобокалонимиз Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал–адаб ал-муфрад” китобини ўқиб, ўрганиб ҳаётимиз давомида амал қилиб яшашлик барчамиз учун зарурдир.

Албатта, Имом Бухорий ҳазратлари ва у зотнинг қолдирган илмий мерослари нафақат ўзбек халқи, балки  бутун мусулмон оламининг фахри-ифтихоридир.

Парвардигоро, буюк аждодларимизга муносиб авлодлар бўлишлигимизни,уларнинг изидан боришлигимизни ва зурриётларимиздан  келажакда у зотлар каби забардаст алломалар кўпайишини насиб қил. Юртимиздан яна ҳам буюк алломалар чиқишини то қиёматгача бардавом қил.

 Нурбек Хидиров, 

  Жомбой тумани бош имом хатиби.                                               

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment