БОШ ҚОМУСИМИЗ — ФУҚАРОЛАР УЧУН МУСТАҲКАМ ҲИМОЯ

ss

Ҳар қандай давлат ёхуд жамиятнинг ҳуқуқий пойдевори бўлмоғи лозим. Зеро, бундай пойдевор бўлмас экан жамият, миллат таназзулга юз тутади.

Аллоҳ таоло инсонларни яратиб, уларга Рушди-ҳидоят йулини кўрсатиш учун пайғамбарлар юборди. Улар орқали бандаларни тўғри йўлга бошлаш учун китоблар нозил қилди. Одамлар пайғамбарларнинг йўлига эргашиб, Аллоҳ таолога итоат этиб яшасалар, ҳеч қачон адашмайдилар. Акс ҳолда, инсон ўз ҳолича тўғри йўлини топа олмай оқибатда залолатга мубтало бўлар эди. Шунинг учун ҳар бир банда дунёда осайишта ҳаёт кечирмоғи ва охиратда бахту-саодатга етишмоғи учун аввало яратган парвардигорини таниб, унга итоат этиши лозим. Шунингдек, бандаларига нозил қилган хукмларга амал қилиш ҳар бир бандага шарт. Бу ҳакда Қуръони карим оятлари кўп, жумладан, Аллоҳ таоло марҳамат киладики:

«Эй, мўминлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлган иш эгалари, раҳбарларга итоат этингиз!»

Аллоҳга итоат килиш, Қуръони каримга амал килиш билан бўлади. Пайғамбарга итоат қилиш у зотни ҳаётлик чоғларида ўзларига итоат қилиш билан бўлган бўлса, у зот вафотларидан сўнг суннатларига эргашиш билан бўлади. Итоатнинг яна бир кўриниши раҳбарларга итоат қилиш бўлиб, у кенг қамровли маъно касб этган ҳолда жамиятнинг барча табақаларини, хаётнинг барча жабҳаларини ўз ичига олади. Раҳбар бўлмаган жамиятда тинчлик, омонлик ва тартиб интизом ҳамда хайру-барака бўлмайди. Ҳар бир хизмат қилувчи киши ўз иш жойидаги раҳбарига итоат этмоғи лозим.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) қуйидагича марҳамат қиладилар: «Аллоҳдан қўрқинглар! Беш вақт намозни ўқинглар! Рўзаларингизни тутинглар! Молларингизни закотини розилик билан беринглар! Сизларни бошқариб турган бошлиқларингизга итоат килингларда, Парвардигорингизнинг жаннатига киринглар!»-дедилар.

Демак, юқоридаги оят ва ҳадисларда зикр қилинганидек, ҳар бир киши аввало Аллоҳ таоло ва пайғамбар (сав) тавсияларига қулоқ солиш ва устиларида бошлиқ бўлиб турган кишиларга итоат қилиш лозимдир.

Маълумки, 8 декабрь Конститутция куни бўлиб, шу кун байрам сифатида нишонланади. Бу йил Конститутциямиз кабул килинган куннинг 27 йиллигини нишонламоқдамиз. Конститутциямиз дин ва виждон эркинлигини махсус моддалар билан кафолатлаган. Жумладан, Конститутциямизнинг 31-моддасида «хамма учун виждон эркинлиги кафолатланади, ҳар бир инсон хохлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қуйилмайди»-деб қайд қилиб қўйилган. Бу эса, мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакилларининг ўз дин ва эътиқодига мувофиқ барча диний маросимлари, ибодатлари ва тадбирларини бемалол адо этиш имкониятини беради. Ўзбекистон Республикаси Конститутциясида халқимиз руҳига мос келадиган имон эътиқод, адлу-инсоф , диёнат, меҳр оқибат ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу фазилатлар мужассамидир. Айнан шуниси билан барча мумин-мусулмонларга фуқаро сифатида унга тўлиқ риоя қилиш ва уни ҳурмат қилиш лозим бўлади.

Шундай экан, бу муқаддас заминда яшайдиган ҳар бир инсон Конститутциямизни ҳурмат қилиши, унда белгилаб қуйилган фуқаролик бурчларини яхши англаб олиши лозим. Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан мусулмонларга ибодатларини эркин адо этишлари учун барча шарт шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, муборак ҳаж сафарига борувчи хожилар учун катта қулайликлар яратилган, икки ҳайит кунларини дам олиш кунлари этиб белгиланиши ихлосманд халқимиз учун катта бахт ҳисобланади. Бу каби неъматларга шукр қилмоқ ҳар биримизни зиммамизга вожиб. Аллох таоло : «Яна Роббингиз эълон килган (бу сузлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир».

Азизлар, барча юртдошларимизга Бош Комусимизнинг 27 йиллик байрами муборак бўлсин. Аллоҳ таоло юртимизни бундан ҳам обод қилиб, халқимизнинг моддий ва маънавий бойлигини бундан-да зиёда бўлиб бормоқлигини муяссар айласин! Омин.        

Хайруллоҳ Саттаров, ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment