Бугунги кун ояти каримаси

ss

 وَالَّذِينَ اسْتَجَابُوا لِرَبِّهِمْ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَمْرُهُمْ شُورَى بَيْنَهُمْ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ

“улар парвардигорларига ижобат этган ва намозни баркамол адо этган зотлардир. уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва биз уларни ризқлантирган нарсалардан  (муҳтожларга) эҳсон қилурлар”. (шўро сураси, 38).

ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларини тўртта гўзал сифат билан мақтамоқда. Қандай ҳолат бўлмасин улар роббиларига ижобат қилишни, ижобат қилишида ҳеч бир нарса уларни тўсиб қолмаслигини, ҳар қандай ҳолатда намозларини адо этишларини, қайси бир ишни бошлашда ишларини ўзаро маслаҳат билан бошлашларини ва уларга берилган неъматлардан бошқаларга ҳам эҳсон ва инфоқ қилишларини зикр қилмоқда.

Жамиятда ҳар-бир мўмин киши ояти каримада зикр қилинган “уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур” кўрсатмасига риоя қиладиган бўлсалар, аввало кишилар ўртасидаги меҳр-муҳаббат, ишонч-садоқат туйғуси пайдо бўлиб, ишларда унумдорлик ва файз-барака бўлади. Тасаввур қилайлик, ҳар бир киши ишларини бошқалар билан ўзаро маслаҳат қилса, жамият соғлом ҳолатга келади, турли-хил иллатлар, адоват, бир-бирини кўролмаслик каби ҳолатлар йўқолади ва жамиятни гуллаб яшнашига сабаб бўлади. Аслида, бу ҳамма хоҳлайдиган нарса. Фақат унга интилиш, ҳаракат қилиш керак холос.

Маслаҳат қилиш мўминнинг олий сифатларидан бири эканлиги, ҳатто Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам саҳобаи киромлар билан маслаҳат қилишга буюрилганлиги келгуси ояти каримада шундай марҳамат қилинади:

…وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْر…

“…ва улар билан кенгашиб иш қилинг!…” (оли имрон сураси, 159-оят).

бу ояти каримада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳобаи киромлар билан маслаҳат-у машварат қилишни буюрмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги замон пайғамбари бўлиб, барча ишларида Аллоҳ томонидан ваҳий ва илҳом қилиниб турилган бўлсаларда, маслаҳат қилишга буюрилган эканлар, у зотга эргашган биз умматлар  маслаҳату-машварат қилишга у зотдан ҳам муҳтожроқ эмасмиз-ми?

Хайруллоҳ Саттаров, ЎМИ Самарқан вилояти вакили ўринбосари

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment