Бурҳониддин ал-Марғиноний

ss

Юртимиз алломаларининг асарларидаги ғоялар инсонларни комилликка, ўзаро мехр оқибатга, инсонпарварлик, юртпарварликка етаклайди. Ана шундай алломалардан бири “Ҳидоя” асариниг муаллифи Бурҳониддин Марғинонийдир. Бурҳониддин Марғиноний нафақат ўзбек халқи, балки бутун мусулмон оламининг фахр- ифтихоридир. У табаррук зотнинг ҳаёти том маънодаги илмий ва инсоний жасорат, букилмас ирода, сўнмас эътиқод тимсолидир. Буюк ватандошимиз башариятга тенгсиз маънавий мерос қолдириб кетди. Бу “Ҳидоя” асари бўлиб, бутун мусулмон оламида ислом ҳуқуқшунослиги борасида фойдаланиб келинади. Миллионлаб инсонларнинг ибодат ва ўзаро муносабатларидаги муаммоларини ечимини кўрсатиб, ҳақ ва эзгулик йўлига чорлаб келмоқда.

Бурҳониддин Марғинонийни ўрганишда иккита жиҳатга эътибор бериш мумкин:

Биринчи, Фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг асарларида, хусусан, “Ҳидоя”да битилган шариат аҳкомлари аввалги буюк фақиҳларнинг фикрлари ва бошқаларнинг эътироз ва қўшилишлари билан адолат мезони устида ёритилган. Унда кишининг дунёқарашини, фикр мулоҳазасини ўткирлайдиган, масалага адолат кўзи билан қарашга ундайдиган ёрқин далил ва ҳужжатлар оят ва ҳадислар мисолида келтирилган.

Иккинчи, , Марғиноний бобомизнинг фиқҳий қараши мусаффо ислом таълимотининг суннийлик ақидаси билан боғлиқ бўлиб, бугунги кунда турли хил ихтилофларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эгадир.  Марғиноний  фиқҳий қарашларидан ўрин олган  “Аҳли илмлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат” (уларга итоат қилиш)”,  “Мусулмонлар жамоаси  билан бирга бўлиш”, “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматига зид иш қилмаслик” каби тамойилларнинг аҳамиятини тасаввур  қилиш қийин эмас. Имом Марғиноний бобомизнинг фиқҳий асарини ўқиган ҳар-бир кишининг ҳаёт йўли ҳидоят зиёси ила мунаввар бўлади.

Буюк фақиҳ Али ибн Абу Бакр ибн Абд ул-Жалил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний 1123 йил 23 сентябрда тугилган. У Қуръонни, ҳадис илмларини мукаммал эгаллаб, фиқҳ — ислом ҳуқуқшунослиги борасида бениҳоя чуқур илмга эга бўлганлиги ва бу соҳада беқиёс дурдоналар яратганлиги туфайли Бурҳон уд-дин вал-л-милла ва Бурҳонуддин ал-Марғиноний номлари билан машҳурдир.
Бурҳонуддин ал-Марғиноний ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиш билан бирга ўзи ҳам фиқҳга оид бир қатор асарлар яратган. Бизгача етиб келган асарларидан “Бидоят ал-мунтаҳий” (“Бошловчилар учун дастлабки таълим”), “Кифоят ал-мунтаҳий” (“Якунловчилар учун тугал таълим”), “Нашр ул-мазҳаб” (“Мазҳабнинг ёйилиши”), “Китоб ул-мазид” (“Илмни зиёда қилувчи китоб”), “Маносик ул-ҳаж” (“Ҳаж маросимлари”), “Мажма ул-навозил” (“Нозил бўлган нарсалар тўпла-ми”), “Китоб ул-фароиз” (“Фарзлар китоби”) ва бошқалар маълум.
“Ҳидоя”да ҳуқуқий масалаларнинг ечими дастлаб йирик фиқҳ олимлари фикрларининг баёни ва унга бошқа муаллифлар эътирозлари ёки қўшилишларини изҳор этиш йўли билан берилган. Ана шу обрўли муаллифлар фикрларидан келиб чиқиб, муайян масалада энг маъқул ечимни танлаб олиш йўлига амал қилинган. Шу тариқа унда қонуннинг айнан ифодасигина эмас, балки унинг мукаммал шарҳи ҳам асослаб келтирилади.
“Ҳидоя” тўрт жуздан иборат бўлиб, биринчи жузга ибодат масалалари киритилган, булар: таҳорат, намоз, рўза, закот ва ҳаж китобларидир. Иккинчи жузга никоҳ, эмизиш, талоқ, қулларни озод қилиш, топиб олинган боланинг насабини аниклаш, топиб олинган нарса, қочиб кетган қуллар, бедарак йўқолганлар, шерикчилик ва вақф мулки каби масалалар киритилган.
Учинчи жузда эса олди-сотди, пул муаммолари, кафолат, пулни бировга ўтказиш, қозиларнинг вазифалари, гувохлик, берилган гувоҳликдан қайтиш, ваколат, даъво, иқрор бўлиш, сулҳ, бир ишда пул билан шерик бўлиш, пулни саклашга бериш, қарз бериш, совға, ижара, муайян шарт асосида чекланган озодлик берилган қуллар, волийлик, мажбур қилиш, ҳомийлик, қисман озод бўлган қуллар ва босқинчилик хусусидаги масалалар ўрин олган.
Тўртинчи жузда эса шафоат, мерос тақсимлаш, деҳқончилик ҳамда боғдорчилик хусусида шартнома, қурбонликка сўйиладиган жонзод ҳақида, умуман қурбонлик қилиш ҳақида, шариатга зид ёмон нарсалар ҳақида, ташландиқ ерларни ўзлаштириш хусусида, тақиқланган ичимликлар ҳақида, овчилик, гаровга бериш, жиноятлар хусусида, хун ҳақи тўлаш, васият каби масалалар ёритилган.

Бурҳониддин Марғиноний 1197 йил Самарқандда вафот этади. Кўплаб далил ва асосларга суяниб шуни айта оламизки, Марғинонийнинг дафн этилган жойи машҳур “Чокардиза” қабристонида.

Хайруллоҳ Саттаров, ЎМИ Самарқанд вилояти вакил ўринбосари 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment