Саҳоватли бўлайлик!

ss

Маълумки, инсонга берилган яхшилик, хайр-саҳоват, меҳр-оқибат, сийлаи-раҳм каби улуғ фазилатлар доимо соҳибига зийнат бўлиб келган. Бундай олийжаноб хислатларни ўзида мужассам эта олган инсонгина эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатли шахс ҳисобланади.

Бугун юртимизда олиб борилаётган жараёнлар ўзгача. Барчага эътибор қаратилган, муаммолар бартараф этилмоқда, четда қолиб, ёлғизликдан қийналаётганларга меҳр-муравват, саховат қўллари узатилмоқда. Беморларнинг ҳол-аҳволи сўралмокда. Ҳеч ким эътибордан четда эмаслиги амалий кўрсатиб берилмоқда.  юртимиздаги ҳар бир маҳалла ва қишлоқларда яшовчи ёлғиз кексалар, ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар, кам таъминланган оилалар, меҳнат фахрийлари, нуронийлар ҳолидан хабар олинмоқда. Шунингдек, Меҳрибонлик, Мурувват ва Саҳоват уйларига моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Аслида бундай  фазилатлар халқимизнинг азалий хулқ-атвори, ота-боболаримиз, момоларимизнинг жасорати, ҳиммати ва иймон-эътиқодидир. Мазкур умуминсоний қадриятлар муқаддас ислом динининг асосий манбалари — Қуръони карим ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг  муборак ҳадисларида кўп бора таъкидланган.

Аллоҳ таоло каломида шундай марҳамат қилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур. Ким бир ёмонлик қилса, унга фақат қилинганига яраша жазо бўлур. Ва уларга зулм қилинмас”. (Ан’ом сураси 160-ойат)

Ҳа  азизлар, мусулмонларнинг қиладиган яхшиликлари эвазига қилган ёмонликлари ёпилиб кетади. Энг аввало яхшиликни, яхшилик қилган инсонга эмас, балки яхшилик қилмаган инсонга нисбатан амалга оширилса фазилатли ишни амалга оширган бўлади.

Агар яхшилик қилган инсонга яхшилик қилинса бу — вафодорлик, Агар яхшилик қилмаган кишига яхшилик қилинса, бу — саҳоватдир. Агар ёмонлик қилган кишига яхшилик қилинса бу — айни мусулмончиликдир!

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саҳоватли кишиси эди. Бир куни унга хотини: “Сизнинг биродарларингиздек пасткаш инсонларни кўрмаганман”, деди. У: “Нима учун бундай деяпсан?”, деди. Хотини: Агар сиз бойиб кетсангиз, улар сиздан ажралишмайди, агар сиз камбағал бўлиб қолсангиз, (хабар олиб) келишмайди”, деди. У хотинига қараб: “Аллоҳга қасамки, бу уларнинг мукаррам хулқ соҳиблари эканидандир. Уларга саховат кўрсатишга имконимиз бор пайтда келишади, агар уларнинг ҳаққини адо қилишдан ожиз бўлиб қолсак, бизни безовта қилиб, хижолатга қўймаслик учун келишмайди”,  деб жавоб берди.

Демак, саҳоватли инсон бойиб кетса хам, камбағал бўлса хам ҳеч кимга озор бермайди, ёмон гумонга бормайди экан. Шу билан бирга менга яхшилик қилгани учун яхшилик қиламан деб кутиб турмайди. Жамиятдаги ҳар бир инсонга нисбатан ёрдамга тайёр бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хадисда: Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки:

«Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир, унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманига топшириб ҳам қўймайди. Ким биродарининг хожатида бўлса, Аллоҳ унинг ҳам хожатида бўлади.

Кимки мусулмондан ғам ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло қиёмат ғам ташвишларидан уни халос этади. Кимки мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло қиёматда унинг ҳам айбини беркитади», дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Бугунги даврда мусулмонлар учун жуда кўп имкониятлар яратилган. Ўзимнинг ташвишим етарли, дея ёнидаги биродарининг ташвишини  ёдидан чиқармаслик керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари ва умматларининг ташвишларини ўз ҳолига ташлаб қўйганлари йўқ, балки уларнинг ташвишларини ҳам ўзларининг ташвишлари деб билганлар.

Биз умматлар биродаримиздаги ташвишни менинг ташвишим эмаску деб юрсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак ола билмасак, жамиятдаги муаммолар кўпайиб бораверади. Бу эса илмсизликдандир, илмсизлик эса жоҳилликдир!

  Хайрулло Саттаров,

ЎМИ Самарқанд вилоят вакили ўринбосари

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment