Доримий роҳматуллоҳи алайҳнинг таржимаи ҳоллари

ss

Исмлари Имом Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман ибн Фазил ибн Бахром ибн Абдуллоҳ Абу Муҳаммад Ат-Тамимий Ад-Доримий Ас-Самарқандий. Самарқандда  ҳижрий 181, милодий 797 йилда туғилган. Ҳижрий сана 255, милодий 869 йилда вафот этган, хозирги Тойлоқ туманида дафн этилган.

У зот имом Ал-Бухорийдан 13 ёш катта бўлганлар. Ривоятларда имом Ал-Бухорийга устозлик ҳам қилан. У зотнинг Доримий деб аталишларининг сабаби, у зотнинг катта оталари ёки устозларининг исми Дорим ибн Молик ибн Ханзола ибн Зайд Манот ибн Тамийм бўлган экан. Ўша даврда олимларга оталарининг исми ёки туғилган жойларининг номи ёки устозларининг исми билан нисбат бериш одатлари бўлган. «Cияри аъламуннубала» ва «Табақотул Хуффоз» ва Имом Заркалий раҳматуллоҳи алайҳининг «Ал Аълам» номли китобларида келтирилишича, имом Доримий Мавороуннаҳрнинг энг йирик муҳаддисларидан бўлган эканлар. Ҳофиз Абу Қурайш раҳматуллоҳи алайҳи у зот ҳақида шундай дейди:
«Мен Муҳаммад ибн Башшорнинг: «Дунёда тўртта буюк хофиз (муҳаддислар) бор. Биринчиси — Абу Зуръа, иккинчиси —  найсобурлик Имом Муслим, учинчиси — самарқандлик Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман Ад-Доримий, тўртинчиси — бухоролик Имом Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий» , деганларини эшитганман» .
Бундан ташқари, жуда кўп уламолар у зотнинг ақл‑заковатлари, одоб-ахлоқлари ва илмларини васф қилганлар. Жумладан, буюк олим Исҳоқ ибн Иброҳим Ал Варроқ шундай дейди:
«Мен Доримий ҳазратларининг: «181 йил, яъни, Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи вафот этган йили туғилганман» деганларини эшитганман» .
Ҳофиз Аҳмад ибн Сайёр Ал Марвазийнинг айтишича, Доримий ҳазратлари етмиш беш ёшда, ҳижрий 255 йил Зулҳижжа ойининг Тарвия куни, Аср намозидан сўнг дорул фанодан дорул бақога риҳлат қилиб, Арафа кунида, муборак Жумъа куни дафн қилинган эканлар. У зот ҳаётлари давомида бир неча китоблар ёзганлар.

Шунингдек, Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий каби муҳаддис уламоларга устозлик қилган зотлардандир. Бу эса Доримий ҳазратларининг қандай мавқеъга эга бўлган инсон эканликларига яққол далил бўла олади.
Аллоҳ таоло у зотни ўз раҳматига олсин ва бизларни ана шундай буюк зотларнинг илмларидан баҳраманд айласин. Омин!

Манбалар асосида Хайруллоҳ Саттаров тайёрлади

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment