Фитналар тўғрисида пайғамбар алайҳи-с-салом башоратлари

ss

Қобилов Н.С. Имом Бухорий халқаро маркази мутахассиси. (Самарқанд)

ФИТНАЛАР ТЎҒРИСИДА ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИ-С-САЛОМ БАШОРАТЛАРИ

Маълумки, дин эзгулик манбаи ҳисобланади. Дарҳкақиқат, ислом дини жамиятни маълум бир тартибга солиш ва  инсониятнинг ҳаётини гўзаллаштириш учун нозил қилингандир. Аммо, соф исломий эътиқодни нотўғри талқин қилиш ёки баъзи бир сиёсий кучларнинг ўз манфаати йўлида диндан фойдаланиш оқибатида мусулмонлар орасида турли фитналарни келиб чиқиши тарихда ҳам ҳозирда ҳам мавжуд бўлган кўз юмиб бўлмас ҳорлатдир. Аслида, бундай бузғунчи кайфиятдаги фирқаларга Ислом дини қандай қарайди? Асл исломий моҳият нималардан иборат? Диндан баъзи бир кишилар ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши, жамият учун ўта хатарли ишлардан бири эканлигини жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматини огоҳ этадилар. Мусулмонлар жамоаси адашиб зололатга кетмаслиги учун бу каби турли хил фитначи оқимларнинг чиқиши ҳақида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам 14 аср муқаддам ўзларининг ҳадиси мубораклари орқали башорат берган эдилар. Қуйида  шундай ҳадислардан бирини шарҳлаган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул топдик;

وعن ابن عباس قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم قال : » إن أناسا من أمتي سيتفقهون في الدين ويقرءون القرآن يقولون نأتي الأمراء فنصيب من دنياهم ونعتزلهم بديننا ولا يكون ذلك كما لا يجتنى من القتاد إلا الشوك كذلك لا يجتنى من قربهم إلا — قال محمد بن الصباح : كأنه يعني — الخطايا » . رواه ابن ماجه[1]

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Менинг уматим орасида бир тоифаси динда жуда тез илм ҳосил қиладилар ва Қуръон ҳам ўқийдилар. Улар: Бошлиқларимизга бориб, уларнинг молу давлатларини тортиб оламиз ва ўзларини кофир деб эълон қиламиз, – дейдилар. Бундай қилиш мумкин эмас! Тиконгул (алоэ)дан тикондан бошқа ҳосил олиб бўлмаганидек, уларга яқин бўлишдан фақат хатолар ҳосил бўлади.”

Абдуллоҳ ибн Аббос – Абдулоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталиб – 619м.й.да Макка шаҳрида таваллуд топган, 686 м.й.да Тоифда вафот этган. Машҳур саҳобий, умматнинг етук муфассири,  фақиҳ олими, ундан 1160 дона ҳадис ривоят қилинган.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Албатта, мана шу (Менинг) тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз (бошқа турли) йўлларга эргашманг! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақво бўлишингиз учун Аллоҳнинг қилган ҳукмлари мана шулардир”[2]. Шундай экан, Аллоҳ таоло томонидан амр қилинганларга итоат этишимиз улардан хабардор бўлишимиз заҳоти вожиб бўлади. Эътиқодимиздаги сидқидилдан бажарадиган амалларимиз ёки ақлимиз амал қиладиганларнинг энг тўғриси “ишончли арқон[3]” бўлган тўғри йўлни ахтаришдир. Шунингдек, Аллоҳ буюрган ҳаққа эргашиш ёки ботилдан қайтиш, шу билан бирга, фирқаларга бўлинмаган ҳолда Унинг амрларини бажариб, ҳақ йўлдан алданмаслигимиз учун охири берк йўллар, турли адашган фирқалар ва уларнинг иддаоларини билиш ҳам бизга вожиб бўлади. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз уммати ичида пайдо бўладиган ана шундай фирқалар ҳақида огоҳликка чақириб шундай дейдилар:

“Менинг уматим орасидан бир тоифаси динда жуда тез илм ҳосил қиладилар ва Қуръон ҳам ўқийдилар.

Яъни, уматим орасидан динни жуда тез ўрганганлиги сабабли оят ва ҳадисларни асл маънодан бошқача талқин қиладиган, бошқача эътиқод қиладиган, бузуқ фикрли бир фирқа пайдо бўлади. Ислом динида илк пайдо бўлган ана шундай тоифалардан бири хаворижлар бўлган. Ундан кейин улардан шиалар ажралиб чиқишди. Улар Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларнинг маъноларидан Ислом динининг ривожи учун эмас, жамиятни залолатдан ҳидоятга элтиш учун эмас, балки ўз мақсадлари йўлида фойдаланадилар. Шунингдек, Расулуллоҳ с.а.в.: “Кимки Қуръонни фақат ўз фикрига суяниб тафсир қилса, агар тўғри тафсир қилса ҳам хато қилибди,”[4]– деб ривоят қилинган.

Улар: Бошлиқларимизга бориб, уларнинг молу давлатларини тортиб оламиз ва ўзларини кофир деб эълон қиламиз, – дейдилар.

Ана шундай фикрловчи кимсалар сабаб “фундаментализм”, ”радикализм”, ”экстремизм”, “терроризм” каби тушунчаларни ислом динига боғлаб, муқаддас динимизни бу нарсаларнинг сабабчиси, деб талқин қилинмоқда. Аслида бу ҳаракатларнинг исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу билан бирга мусулмонман, деб юрганлар ичида нияти бузуқ кимсалар ҳам йўқ эмас. Албатта, бунинг  сабаблари ҳам бор. Энг катта сабаб ислом динининг мўтадил таълимотларидан четга чиқиш, ҳаддан ошиш ва илмсизликдир. Зеро, Расули акрам с.а.в. бошқа бир ҳадисларида “Мусулмон кишини ўлдириш кофирликдир, уни ҳақорат қилиш эса фосиқликдир,” деганлар.[5]

Бундай қилиш мумкин эмас!

Чунки, Ислом динида бировнинг ҳаққига тожовуз қилиш, босқинчилик ҳаром қилинган. Бу ҳақда бир қатор оят ва ҳадислар ворид бўлган:

“188. Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ — ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!” (Бақара сураси.)

  1. Эй мўминлар, молларингизни ўрталарингизда ноҳақ (яъни ўғрилик, қароқчилик, судхўрлик, порахўрлик, қимор каби) йўллар билан емангиз! Балки ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз. Ҳамда бир-бирларингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир. 30. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай ишларни қилса, биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир. (Нисо сураси.)

Дин аҳкомлари ҳақида қисқа фикрлайдиган ва бу ҳукмларни ўзларининг ҳавою ҳаваслари йўлида фойдаланадиган кишилар Расули акрам ҳаром деб айтсаларда, бировнинг молу давлатини ўзларига ҳалол санамоқдалар. Бу иддаолар тўғридан-тўғри Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони каримга ва У зотнинг элчиси – Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга қарши чиқишдир.

Дин аҳкомлари хусусида уламо ва ҳукамолар билан маслаҳатлашган ҳолда иш тутиш кераклиги ҳақида  Расулуллоҳ (с.а.в.)дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: “Ҳазрат Али Расулуллоҳ (с.а.в.)дан “Қуръони Карим ва ҳадиси шарифдан ҳукми бўлмаган бирор иш содир бўлса нима қиламиз?” деб сўраганларида Расулуллоҳ айтдилар: “Мўъминлардан бўлган олимларни тўплаб, ўзаро маслаҳат қилинглар, бундай ишда бир кишининг фикри билан ҳукм чиқарманглар”.

Тиконгул (алоэ)дан тикондан бошқа ҳосил олиб бўлмаганидек, уларга яқин бўлишдан фақат хатолар ҳосил бўлади.”

Расулуллоҳ с.а.в. дунёдаги ҳамма ўсимликлар ҳам инсонга фойда бермаганидек, дин номидан сўзлагувчи ҳар бир кас ҳақ йўлга етаклааслигини жуда аниқ ва чиройли тарзда тушунтириб бердилар.Ундай бузуқ ниятли кишиларга эргашиб залолатга кетиб қолиш ботишдан эҳтиёт бўлиш ҳар бир мусулмон кишининг айни бугунги кундаги долзарб бурчидир.

Ҳадис ва унга берилган шарҳлардан ислом дини фирқаланиш ҳамда диндан турли хил вайронкор ғояларни амлга оширишда фойдаланиш қатъиян қарши эканлиги маълум бўлади , аксинча ислом дини бағрикенгликга, тинчликга ва ўзаро меҳр-муҳаббатга чақиради, зеро Расулуллоҳдан  “Динларнинг қайсиси Аллоҳ таолога маҳбуброқдир деб сўралганда   “Тўғрилик ва бағрикенгликдир”,  деб жавоб бердилар .

[1] Имом Табризий Муҳаммад ибн Абдуллоҳ. Мишкату-л-масобиҳ. Китабу-л-илм. 262-ҳадис.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ал-Қазвиний. Сунан Ибн Можа. 264-ҳадис. 310-б.

[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. -Т.: Тошкент ислом университети, 2009. “Анъом” сураси, 153- оят. -Б. 149.

[3] Қуръони карим. “Бақара” сураси, 256-оят. -Б. 42. “Луқмон” сураси, 22-оят. -Б. 413.

[4] وعن جندب قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : » من قال في القرآن برأيه فأصاب فقد أخطأ » . رواه الترمذي وأبو داود

[5]قال لي إبراهيم بن موسى : أخبرنا يحيى بن زكريا ، عن أبيه ، عن أبي إسحاق ، عن محمد بن سعد بن مالك ، عن أبيه ، عن النبي صلى الله عليه وسلم قال : « قتال المسلم كفر وسبابه فسوق.

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment