Фитналарга нисбатан иммунитет ҳосил қилиш

ss

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ҳузайфа ибнул Ямон розияллоҳу анҳу қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар (Саҳиҳи Муслимда келади): «Фитналар (турли маъсиятлару, Аллоҳ рози бўлмайдиган ишлар) инсон қалбига худди бўйранинг чўпларидек бирма-бир кўндаланг қилинади. Қайси қалб уни шимиб олса, қалбида (ҳар бир фитнага) битта қора доғ ҳосил бўлади, қайси қалб уни инкор этса, қалбида бир нурли оқ белги ҳосил бўлади. Шу ҳолда бориб қалблар икки хил бўлади: худди садафдек силлиқ оқ (нурли) қалб, еру осмон турар экан, бундай қалбга кейин фитна-фасодлар таъсир қилмайди, яна бири қоп-қора худди тўнтарилган қурумли чойдишдек бўлган қалб, на эзгуликни танийди, на мункар-ёмонлик маъсиятларни инкор эта олади, фақат (мараз) қалби шимган ҳавойи нафсидан бошқасини танимайди».

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, фитна-фасодлар, турли бало-имтиҳонлар барчага кўндаланг қилинади, фитналарни бирин-кетин қабул қилиб, кўниб кетаверадиган бўлса, қалби қорайиб боради, келиши билан даф қилишга ҳаракат қилиб, қалбидан унга жой бермас экан, унинг қалбида фитналарга нисбатан (ҳозирги замон тили билан айтсак) иммунитет ҳосил бўла бошлайди. Шунинг учун инсон ўз ҳаётида кўрадиган турли маъсиятларга бепарво ўтиб кетиши қалби учун ниҳоятда хатарли бўлиб, «ўзим қилмаяпманку, бўлдида» дейиш иш бермайди. Қалбида ўша маъсиятга нисбатан нафрат туғилмаслигига олиб келади, бориб-бориб бундай қалб ўлик қалбга айланади, Аллоҳ Ўзи сақласин.

Шунинг учун киши доимо ўзини турли қўрғонлар билан ҳимоялаб юриши зарур: Қуръон қироати, турли дуо ва зикрлар, истиғфорлар, қалбдаги турли қалб касалликлари (кин, мўминларга адоват, кўролмаслик, кибр, риё, мақтанчоқлик, худбинлик ва ҳоказо)ни қувишга интилиш, бу борада келган дуоларни ўқиб юриш, бева-бечораларга ёрдам бериш, кичикнинг бошини силаш, каттага ҳурматда бўлиш, мўминлар ортидан доим яхши дуода бўлиш ва ҳоказо, барча эзгу ишларни ўзининг ҳаётиниинг бир қисмига айлантириб олиши керак бўлади. Ҳеч қачон ва ҳеч қаерда ўзини гуноҳлардан қутулдим деб ўйламаслиги, доимо мунофиқ бўлиб қолиш хавфида юриши лозим бўлади. Ҳазрати Умардек зот ўзларининг мунофиқ бўлиб қолишларидан қўрқиб юрган бўлсалар, бизга ўхшаганлар ўн карра, юз карра ҳадиксирасак арзийди. Айниқси, замон охирлаётганинг баъзи белгилари (одамларнинг осмонўпар биноларга ружу қўйиши) кўрина бошлаган бизнинг замонамизда бир лаҳза бўлса ҳам хотиржам бўлишга ҳақимиз йўқ.

Саҳиҳайнда келган бир ҳадисда пайғамбаримиз шундай дейдилар: «Аллоҳга қасамки, қиёмат шундай вақтда бўладики, икки киши (сотувчи ва харидор) савдодаги кийимларни ёзиб кўришаётган бўлади. Улар на савдо қилишга улгурадилар ва на кийимни йиғиштириб олишга. Аллоҳга қасамки, қиёмат шундай қоим бўладики, биров соғин сигирининг сутини олиб келаётган бўлади, ўша сутни ичишга улгурмайди. Аллоҳга қасамки, қиёмат шундай келадики, биров ўз ариғини тузатаётган (томорқасига сув йўналтиришга уринаётган) бўлади, уни суғора олмайди. Аллоҳга қасамки, қиёмат шундай тўсатдан келадики, овқат ейиш учун бир одам оғзига луқма кўтарган бўлади, ўша луқмани солишга улгурмайди».

Бу ҳадисдан очиқ-ойдин, кундуздек равшан бўлмоқдаки, қиёмат дабдурустдан, бир лаҳзада рўй беради. Одамлар «Ҳаҳ» дейишга улгурмай қолади. Бу ҳол барчамизни ҳар лаҳзада шундай ҳолат келишига тайёр туришга ундаши зарур. Аллоҳ таоло Ўзи ҳаммамизни нифоқу куфрдан ҳимоя қилсин.

Интернет маълумотлари асосида

Хайруллоҳ Саттаров тайёрлади

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment