Фолбинлик

ss

Катта гуноҳларнинг энг аввалгиси ширк амалидир. Жамиятда кенг тарқалган ширк турларидан: сеҳр, фолбинлик ва аррофлик  бўлади.

Сеҳр – куфрдир. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам сеҳрни еттита ҳалок қилувчи гуноҳи кабиралардан ҳисобладилар. У ҳеч-ҳам фойда бермас, балки зарар беришлиги аниқ. Бу тўғрсида Аллоҳ таоло: “…улардан зарар етказадиган ва фойда бермайдиган нарсани ўрганадилар…”, (Бақара 102). Ва яна: “Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас”, деди. (Тоҳо 69).    Сеҳргарлик билан шуғулланадиган кишини кофир бўлишлиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: “Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин”, демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар”. (Бақара 102). Сеҳр – кўзбўямачилик ҳозирги халқ орасидаги “иссиқ-совуқ” деб номланиб келинаётган амалдир. Бу улкан гуноҳлардандир. Сеҳргарлик, сеҳр-жоду билан шуғулланиб касб қилаётган кишиларнинг топгани нажас-ҳаромдир! Қанча-қанча кишилар илмсизлик, имони заифлиги сабабли кимлардандир ўч олиш, кимларгадир зулм қилиш мақсадида сеҳргарнинг ишидан фойдаланмоқчи бўладилар.  Кимлардир дардларини, ғам-ташвишларини кетказиш учун сеҳр билан шуғулланувчилардан паноҳ сўраб ҳаром ишга қўл ўриб қўядилар. Ваҳоланки, мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳдан паноҳ сўрашлик, ўз дардларига У зотнинг каломидан шифо излашлик вожибдир.

Коҳин ва Арроф яъни фолбинлик ғайбни даъво қилиши билан кофир саналади. Ваҳоланки ғайбни фақат Аллоҳ таоло билгувчидир! Кўпинча улар соддадил кишиларни соддалигидан фойдаланиб, уларни алдаш йўли билан моддий нарсаларига эга бўлишга ҳаракат қилишади. Улар қумга хар-хил чизиқларни чизиш, чиғаноқлар, қўл ва пиёлага қараб, ойна ва шишалар ва бундан ташқари кўп нарсаларга боғланиб фол очадилар. Агар улар бир марта тўғри сўзласа, тўқсон тўққиз марта нотўғри сўзлайди. Лекин бундан ғофил кишилар фолбиннинг тўқсон тўққизта ёлғон сўзини гапирмасдан, битта тўғри сўзини ҳаммага эслатишга ҳаракат қиладилар. Ана шундан сўнг бошқалар ҳам эртага нима бўлиши, бахт ёки бахтсизлик, уйланиш, тижорат ва йўқолган нарсаларни топиш мақсадида фолбиннинг хузурига борадилар.

Фолбинларнинг айтганларини тасдиқ қилган киши ислом миллатидан чиққан кофир саналади. Бунга далил: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Коҳин ёки Аррофга борса, унинг айганини тасдиқласа батаҳқиқ Муҳаммадга нозил қилинган нарсага куфр келтирибди”, деб марҳамат қилдилар. (Имом Аҳмад). Аммо, ғайб илмини улар билмайдилар, ишонмайман уларни тажриба қилиш учун бораяпман деган кишилар куфр қилмаган ҳисобланадилар. Лекин уларнинг намозлари қирқ кун қабул бўлмайди! Бунга далил: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки фолбинга бориб, бирор нарса ҳақида сўраса унинг қирқ кунлик намози қабул бўлмайди”, дедилар. (Саҳиҳи Муслим).  Шарт шуки, унга намоз ва тавба вожиб бўлади. Демак, мўмин-мусулмон киши шариъатда кўрсатилган таълимотларга амал қилиб, инсон руҳиятига, соғлигига таъсир қиладиган нарсалардан эҳтиёт бўлмоғи лозимдир. Шундагина тинчлик-хотиржамликни, оилалар саодатини, касбларнинг баракасини, Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратини ҳосил қиламиз.

 

Хайруллоҳ Саттаров,

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment