Гуноҳнинг турлари

ss

Инсон зоти борки, хато қилади, камчиликка йўл қўяди. Баъзида билиб-билмай гуноҳга қўл уради. Бундай ишлардан тойилмоқ лозим. Қуйида гуноҳларнинг қисмларини билиб олишлигимиз зарур бўлади.

Гуноҳ уч турга бўлинади:

1 – Кечириладиган гуноҳ;

2 – Кечирилмайдиган гуноҳ;

3 – Тарк қилинмайдиган гуноҳ.

Кечириладиган гуноҳ – бу банда ва Роббиси ўртасида бўладиган гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло ҳоҳласа бандасини кечириб юборади. Ибодатда камчилик қилиш, зикр ва дуоларни кам қилиш каби қусурларга банда гоҳ-гоҳида йўл қўяди. Аллоҳ таоло эса бандаларига меҳрибон зот. Аллоҳ таоло гуноҳларини кечиришлигини қуйидаги ояти каримада хабарини бермоқда:

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنْفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

Сен (Мен тарафимдан): “Эй ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир” деб айт (Зумар сураси 53-оят).

Банда ҳар қачон қилган ишидан пушаймон бўлиб, тавба қилар экан Аллоҳ таоло унинг қилган гуноҳларини авф этади. Фақат бунинг битта шарти бор – учинчи хил гуноҳ, яъни, тарк қилинмайдиган гуноҳ қилмаган бўлишлиги керак. Хўш бу қандай гуноҳ экан? Қуйида иккинчи гуноҳ туридан олдин учинчисини зикр этамиз.

Бу — киши ва бошқа бандалар ўртасида бўлган гуноҳдир. Буни ҳам Аллоҳ таоло кечиради, фақат иккинчи томон ҳам уни кечириш керак. Чунки, бу ҳолатда зулм қилиб қўйган бандада мазлумнинг ҳаққи қолиб кетади. “Бандаларнинг ҳаққи барча нарсадан устун”дир.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Шаҳиднинг қарздан бошқа барча ишлари кечирилади”, деб келади (Имом Муслим ривояти). Чунки, қарз бандаларнинг ҳақларидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бир киши вафот этди. Унинг зиммасида қарзи бор эди. Кишилардан бири “Ё Аллоҳнинг росули унинг қарзи менинг бўйнимда” деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза намозини ўқидилар. Иккинчи куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан “Қарзни адо қилдингми?” дедилар. У киши “йўқ” деди. Учинчи куни “Қарзни адо қилдингми?” дедилар. У киши “Йўқ” деди. Тўртинчи куни “Қарзни адо қилдингми?” дедилар. У киши “Ҳа” дедилар. У зот: “Ана энди унинг танаси совуди” дедилар.

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, бандалар ўзаро ҳақларини адо қилишликлари вожиб.

Иккинчи гуноҳ турига келсак, у кечирилмайди. У қандай гуноҳ? У Аллоҳ таоло мўминларни зулматдан нурга олиб чиққан вақтдаги зулмат – ширкдир. Аллоҳ таолога ширк келтиришлик энг катта гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُشْرِككْ بِاللَّهِ فَقَدِ  افْتَرَى إِثْمًا عَظِيمًا

Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир (Нисо сураси 48-оят).

Аслида, ширк–яратувчиликда, ибодат ва тарбиякунандаликда Аллоҳдан бошқани Унга шерик деб билишдир. Ким ширкка мансуб ақидани ўзига му-носиб кўрса ёки амалини қилса, мушрик ҳисобланади.

Ширкнинг ҳар бир кўриниши катта зулмдир. Зулм бўлганда ҳам, Аллоҳга, яратган зотга, ризқ берган зотга нисбатан зулмдир. Кимки ширк келтирса, ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги алоқани узган бўлади. У энди Аллоҳнинг мағфиратига лойиқ бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ширк келтирганларнинг гуноҳини ҳеч қачон кечирмайди.

Имом Ибн Аби Ҳотим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ширк келтирмай вафот этган ҳар бир жон мағфиратга сазовордир. Аллоҳ хоҳласа, уни азоблайди, хоҳласа кечиради. Албатта, Аллоҳ ўзига ширк келтирилишини кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа кечиради”, деганлар.

Аллоҳ таоло билиб-билмай қилган гуноҳларимизни ўзи мағфират айласин!

Хайруллоҳ Саттаров,

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment