Ибратли дунё

ss

Аллоҳ таоло инсон зотини азиз ва мукаррам қилиб яратганини ўзининг каломида таъкидлайди. Жумладан:”Биз инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратдик”, деб марҳамат қилган. Мана шу азизликка мушарраф бўлишлик учун инсон яратувчисининг яъни, Аллоҳ таолонинг итоатида ва ибодатида қоим бўлиши лозим. Шундагина инсон олий мақомга, азизликка етишади. Ер юзи инсон учун қароргоҳ қилиб берилган. Мана шу қароргоҳни обод қилиш, унда истиқомат қилиш инсонга тақдир қилинган. Инсоният дунё юзини кўргандан бери бошидан турли ҳолатларни ўтказди. Кўрган кечирганлари тарихга айланди. Оқил инсон ўтмишдаги ҳолатлардан ўзига керакли хулосаларни чиқармоғи лозим.

Инсон адашувчидир. Адашган инсонларга Аллоҳ таоло рахмат улароқ пайғамбарлар юбориш билан уларнинг ўртасини ислоҳ қилди. Барча Пайғамбарлар Аллоҳнинг омонатини ўз қавмига етказди ва қавмини нажотга эриштириш учун ўз зиммасидаги омонатни адо қилиш пайида бўлишди. Охир замон пайғамбари, пайғамбарлар саййиди, ҳабибимиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборилди. Расули акром саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида: “Мен гўзал хулқларни мукаммал қилиш учун юборилдим” деб марҳамат қилганлар. Демак, яхшиликка эришмоқчи бўлган кишилар пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан, ҳадисларидан ибратланмоғи ва тарбия олмоғи лозим.

Ҳаётда инсонга тўғри келмайдиган ҳолатлар мавжуд. Бунга иллатлар ҳам дейилади. Мана шу иллатлардан тийилиш, улардан хабардор бўлиш ҳар бир инсонга лозим бўлган ҳолатдир. Камчиликлардан ҳоли бўлиш учун аввало инсон илмли бўлишлиги керак. Зеро, Аллоҳ таоло дастлабки оятини илмга тарғиб қилиб, “ЎҚИ” деган амрни берди. Бошқа бир оятда “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” деган мазмундаги оятни нозил қилди. Имом Бухорий ҳазратлари ҳам “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмайди ҳам” деб бежизга айтмаганлар. Илмли бўлиш инсонни камолатга етказса, илмсизлик уни жаҳолатга етаклайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримни ўқиш учун, ибратланиш учун, илмли бўлиш учун ўз бандаларига нозил қилган. Йиллар ўтган сайин Қуръоний мўжизалар кашф қилинмоқда ва ундаги ҳақиқатлар юзага чиқмоқда. Ўтган буюк аждодларимиз илм орқали юксак даражаларга эга бўлганлиги тарихдан маълум.

Ҳозирги кунимизга келиб инсонларда билим даражаси камлигидан турли нохуш ҳолатлар кузатилмоқда. Буюк аждодларнинг фарзандлари ўз боболарига муносиб авлод бўла олишмаётир. Ўзоққа бормайлик, кимларнидир алдов ва тузоғига илиниб ўзга юртларда қўлига қурол олиб, “Жиҳод” қиламан деб юрган юртдошларимиз илмсизлиги сабабли хору-сарсон бўлишмоқда. Энг ачинарлиси бемаъни мақсадларни деб ўзга юртларда қурбон бўлишмоқда. Сабаби, яхши билан ёмонни ажрата олмаслиги. Эътиқод тушинчасидан бехабарлиги.

Жамиятимиздаги иллатлар эса, юртимиз тарақиётига, ривожланишига ҳалал бермоқда. Бунинг сабаби эса ҳалол билан ҳаромни фарқига бормаслик. Мисол учун биргини  Порахўрлик иллатини олайлик. Бир киши пора билан ўқишга кирса, пора билан ўқиса, пора билан ўқишни битирса ва пора билан ишга кирса у порадан бошқа иш қилмайди. Бунинг жамиятга тегадиган зарари жуда катта бўлади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал рахматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда; “Аллоҳ пора берувчини, пора олувчини ва уларни ўртасида турувчини ҳам лаънатласин” дейилган.

Бошқа бир иллат бу-Ёлғончилик. Бу иллат ҳам жамиятга кўп зарар берадиган иллатлардан. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “Ёлғончи менинг умматим эмас” деб марҳамат қилганлар. Бу иллатда жуда ҳам йироқ бўлишимиз ва сақланишимиз керак. Айниқса фарзандларимизни ростгўйликка ўргатишимиз лозим. Ўзимиз мусулмон бўла туриб баъзида бошқа миллатнинг ростгўйлигига  қойил қоламиз. Аслида бу фазилатга ўзимиз ҳақлимиз.

Илатлардан яна бири бу-Ғийбат ва бўҳтон. Ҳадисларда ғийбат қилиш одам гўштини ейиш билан баробар эканлиги айтилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда; Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам : “Ғийбат нима эканлигини биласизларми?” деб сўрадилар. Саҳобалар, “Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқ”, деб жавоб бердилар. Русулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:”Ғийбат бир биродарингни орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, дедилар. Шунда улардан бири: “Агар биродаримда мен айтган сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?” деб сўради. Русулуллоҳ саллоллоҳу алайхи васаллам: “Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб бердилар.

Ҳозирга кунимизда энг кўп тарқалган ғийбатлардан бири ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бўлмағир гап сўзлар. Энг ачинарлиси яна баъзи юртдошлар ўзимизнинг алломаларимиз, имомларимиз, обрўли кишиларимизнинг орқасидан ғийбат бўҳтон тарқатишмоқда. Бу каби ишлардан сақланишимиз лозим. Чунки зарари ўзимизга етади.

Хулоса қилиб айтганда, бу каби иллатлар кўп. Уларни яхши билишимиз, бир биримизни огоҳлантиришимиз ва яхшиликка далолат қилишимиз лозим. Энг асосийси илмли бўлишимиз керак, китоб ўқиш керак ва зукко бўлишимиз лозим. Фарзандларимиз тарбиясига яна ва яна эътиборли бўлмоқлигимиз замоннинг энг катта талабларидан биридир. Абдуллоҳ Авлоний таъкидлаганларидек: “Тарбия бу биз учун ё ҳаёт ё момот, ё нажот ё ҳалокат, ё саодат ё фалокатдир” деб бежиз айтмаганлар.

А.Яқубов — Иштихон туман бош имом хатиби

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment