Ичкиликбозлик – жамият иллати

ss

Жамиятимизда учраётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг турлари кўп бўлгани каби, унинг келиб чиқиш сабаблари ҳам турличадир. Шулардан бири  спиртли ичимлик истеъмол қилишдир. Сир эмас, бугунга келиб жамиятимизда оммавий ичкиликбозлик авжига чиқиб кетди. Тўй ҳашамлар, яхши кунлар деярли усиз ўтмаяпти. Бир пайтлар ҳукуматимиз томонидан бу ҳақда қабул қилинган қарорлар жойларда ўз ижросини топмасдан қоғозларда қолиб кетди.   Дин пешволари ароқнинг харом эканлигини, тиббиёт ходимлари инсон саломатлигига зарарли эканлигини,  ички ишлар ходимлари жиноятларнинг сабабчиси эканлигини, иқтисодчиларимиз оила иқтисодига зарарли эканлигини тушунтиришларига қарамасдан ичкиликбозлик асло камаймаяпти. Хусусан, ёшларга тўғри йўлни кўрсатиб, насиҳат қиладиган, кўплаб мўйсафидларнинг ўзлари бу борада насиҳатга муҳтожлигини нима билан изоҳлаш мумкин?   Натижада ундан касалланиб қанча одам вафот этмоқда. Нотинч оилалар, ажримлар, тирик етимлар, автоҳалокат қурбонлари сони ортиб бормоқда. Ҳатто, отасини ўлдирган фарзандга ҳам гувоҳ бўлдик.

Аёл кишининг алкогол маҳсулотларини истеъмол қилишини эса, ҳеч ақлга сиғдириб бўлмайди. Эртага унинг қизи, неваралари ким бўлиб вояга етади? Келажакда у қиз қайси маҳалла оқсоқолининг, ёки ўқитувчининг, ёки имомнинг насиҳатини олади? Мана сизга келажакдаги жиноятларнинг “пойдевори”. Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад а.с. ўз ҳадисларида ароқни “Уммул хабоис”, яъни “Ифлосликларнинг онаси” – деб таъриф берганлар.

Ўзини мусулмонман деган инсонларга Аллоҳ таоло Қуръон Каримда хитоб қилиб айтадики,  “Эй, имон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва номоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!” (Моида сураси 90, 91- оятлар). Бу борада Пайғамбаримиздан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Маст қилувчи ҳамма нарса хамрдир. Маст қилувчи нарсанинг ҳаммаси харомдир. Ким дунёда ароқ ичиб, тавба қилмасдан, ароқни ичишда давомийлик билан ўлса, охиратда у (жаннатдаги шаробдан) ичмайди (яъни жаннатга кирмайди)”. Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз Муҳаммад а.с. айтадилар: “Кўпи маст қилувчи нарсанинг ози ҳам харомдир”.  Асмо бинти Язиддан (р.а.) ривоят қилинади, Пайғамбаримиз Муҳаммад а.с. айтадилар: “Ким ароқ ичса, қорнига жойласа (яъни, маст қилмаса ҳам), еттита номози қабул бўлмайди. Бас, агар ақлини кетказган бўлса, қирқ кунлик номози қабул қилинмайди ва ўлса, кофир бўлиб ўлади. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади. Яна ичишга қайтса, Аллоҳ уни дўзах аҳлининг йиринглари билан суғормоққа ҳақлидир”. Оиша (р.а.)дан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз Муҳаммад а.с. айтадилар: “… Мени ҳақ Пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, ароқ ичган киши Тавротда, Инжилда, Забурда, Фурқон (Қуръон)да лаънатлангандир. Ким ароқ ичса, Аллоҳнинг Пайғамбарларига тушурган китобларини инкор қилибди. Ким ҳалол санаса (яъни ҳалол деб ҳисобласа), кофир бўлибди, ким хамрни ҳалол санаса, дунё ва охиратда мен ундан безорман”. Ислом динида жиноятчиликни олдини олиш анча олдиндан бошланади. Жумладан, Абдуллоҳ Ибн Масъуд р.а. айтадиларки: “Ароқ (тўғриси)да ўн киши лаънатланади: уни сиқиб олувчи ва сиқдирувчи, уни ичувчи, қуювчи, кўтарувчи, унинг учун кўтарилувчи, савдогар, савдолашган, уни сотувчи, олувчи ва уни эккан киши”. Яна Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: “Ароқ ичувчи ўлса, уни кўмиб келинглар ва мени ушлаб қаманглар, кейин унинг қабрини ковланглар, агар (унинг боши) қибладан бошқа томонга бурилмаган бўлса, мени ўлдиринглар”. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад а.с. ўз ҳадисларида “Дин- насиҳатдир” – деганлар. Ушбу насиҳатни қабул қилган одамдан  албатта, Пайғамбаримизнинг руҳлари шод бўлади. Натижада, Аллоҳ таоло унинг умрига, касбига,  давлатига албатта барака беради. Ҳаромдан қайтган одамни Аллоҳ таоло яхши кўради.  Аллоҳ тоало барчаларимизни ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин,Омин!

Холмуҳаммад САЛИМОВ,  Ургут тумани “Манғитобод” жоме масжиди имом хатиби.

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment