Илм йўлидаги ҳиммат

ss

Имом Бақийй ибн Махлад роҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ билан учрашиш ва шахсан ўзидан дарс олиш учун Андалусдан Бағдодга қараб пиёда йўлга чиқан эди.

Бақийй айтади: “Бағдодга яқинлашганимда Имом Аҳмаднинг миҳнаси* ҳақидаги хабар етиб келди. У кишига одамлар билан бирга ўтириш, дарс бериш тақиқланганини билдим. Бундан қаттиқ хафа бўлдим. Бағдодга етиб келганимда нарсаларимни бир уйга қўйдим-да, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг уйини қидириб кетдим. Менга у киши яшайдиган уйни кўрсатиб юборишди. Эшикни тақиллатсам, ичкаридан Имом Аҳмаднинг ўзи чиқиб келди.

“Эй Абу Абдуллоҳ, ғариб бир киши ҳадис талабида, суннатни ўзлаштирмоқчи бўлиб олдингизга келди. Сафаримдан мақсад фақат сиздан дарс олиш, холос”, дедим. Имом менга: “Ичкарига кир, сени ҳеч ким кўрмасин”, деди. Мен билан ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач, “Мен қаттиқ тазйиқ остидаман. Дарс бериш, одамларга илм тарқатишим тақиқланган”, деди. Шунда: “Мен бу ердагиларга бегонаман. Агар рухсат берсангиз, ҳар куни камбағал, тиламчи кишининг кийимида келиб, уйингиз олдида тўхтайман-да, садақа сўрайман. Шунда сиз олдимга чиқиб, мен билан гаплашиб, битта бўлса ҳам ҳадис айтиб берасиз”, дедим”.

Бақийй айтади: “Шундай қилиб, ҳар куни унинг уйига келадиган бўлдим. Эшик олдида тўхтаб, “Аллоҳ сизларга раҳм қилсин, ажрингларни берсин”, деб садақа сўрар эдим. Имом Аҳмад олдимга чиқиб, мени уй йўлагига олиб кирар, иккита, учта ва ундан ҳам кўп ҳадис айтиб берарди. Шу зайлда уч юзтага яқин ҳадис эшитдим.

Кейин Аллоҳ Имом Аҳмаддан бу машаққатни кўтариб, унинг шуҳрати ёйилди. Шундан сўнг қачон Имом Аҳмаднинг олдига келсам, уни катта дарс халқасида кўрардим: имомнинг атрофини талабалар ўраб ўтирар, у эса менга жой очтириб, ўзига яқин ўринга ўтқизар ва ҳадис ёзаётганларга “Толиби илм (талаба) деган ном мана бу кишига тўғри келади”, дер эди”.

*-миҳна — таъқиб ва тазйиқга учраш

 

Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қоймаз Аз-Заҳабийнинг

“Сияру аъламин-нубало” китобидан.

Хайруллоҳ Саттаров, ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment