Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳи

ss

Мусулмон оламида Имоми Аъзам номи билан машҳур бўлган  зот ҳақида маълумотга эга бўлмаган киши бўлмаса керак. У кишининг мазмунли ҳаётлари билан танишиб чиққан киши, буюк имом эканига шак-шубҳасиз ишонч ҳосил қилади.

Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Кўфа шаҳрида 80 чи ҳижрий санада (699 м.) Абдулмалик ибн Марвон халифалиги даврида, Куфада таваллуд топган. У зот 150 ҳ. санада вафот этганлар. У киши аҳли сунна вал жамоа мазҳаб бошлиқлари ичида энг аввалгисидир. Ёшлигида олим ва фозил инсонлар ичида вояга етди. Абу Ҳанифа савдо иши билан шуғулланадиган оилада туғилиб, ипак матолар савдоси билан шуғулланиб ҳаёт кечирар, бир вақтнинг ўзида таълим олиб, ипак ҳам сотар эдилар.  У кишида илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлбориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шаҳсий фазилатлари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган. Диний фаолиятида фақат илмнинг ўзи кифоя қилмаган. Балки, илм билан бирга, тақво ва Аллоҳга доимий боғлиқ бўлиши муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Имом Абу Ҳанифадаги ушбу сифатлар олий даражада эди. У кишини дафн қилишдан аввал, уни ювган ғассол Ҳасан ибн Амора ювишни тамомлаб, кафанлаб қўйилган жасадларига қараб: «Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, мағфират айласин. Ўттиз йилдан бери рўзасиз юрмадингиз. Қирқ йил ёнбошингиз кўрпа кўрмади. Сиздан кейин келганларни чарчатдингиз. Қориларни шарманда қилдингиз», деган экан.

Имом яшаган муҳит – Ироқ ўлкаси, қадимий диёр ҳисобланиб, у жой турли-туман миллатлар ва турли фирқалар яшаб келган макон ва маданият марказларидан бири бўлиб келган.  Хорижийлар, Шиалар, Муътазилийлар, шунингдек  тобеинлар ва мужтаҳидлар тўпланган  макон бўлган.

Куфа олимлари у кишини илм олишга тарғиб қилиб келишган. Ўша даврнинг машҳур олимларидан бири Шаъбий билан учрашуви унинг ҳаётини илм томонга бурилишига сабаб бўлади. Имом Шаъбий уни илмлар мажлисига кўпроқ қатнашиб туришини тавсия қилиб: “Мен сенда ўйғоқлик ва ҳаракатни кўраман”, деган эканлар. Бу насиҳат Абу Ҳанифага чуқур таъсир қилиб, уни илм –маърифат томонга йўллайди, савдо билан камроқ шуғулланса-да, уни бутунлай тарк этмади.

Имом Абу Ҳанифа даставвал калом илмига қизиқиб, турли фирқалар, айниқса, Муътазила ва Хаворижлар билан баҳс-мунозара қилиб туради. У барча илмларни, калом, ҳадис, тафсир, фиқҳ илмлари бобини очиб, улардан ўзига етарлича илм-ҳикматларни ҳосил қилди. Айниқса калом ва ҳадис илмига қаттиқ киришиб, кейинчалик бутунлай фиқҳ илмига умрини бағшида этади.

Имом Абу Ҳанифа ҳақида бошқа мазҳаб соҳиби Имом Шофеъий: «Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир», деганлар. Бошқа бир мазҳаб соҳиблари Имом Моликдан одамлар: «Абу Ҳанифани кўрганмисиз?» деб сўрашганда, «Ҳа, агар ушбу устунни тилло демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим», деб жавоб берган эканлар.

Машҳур Имом Абдуллоҳ ибн Муборак: «Фиқҳда энг кучли одам Абу Ҳанифадир. Унга ўхшашини кўрмадим», деганлар.

Улкан илм соҳиби бўлмиш Имом Абу Ҳанифа ўз мазҳабларини бино қилишда Қуръони Карим, суннати набавия, ижмо, қиёс, саҳобаларнинг қавлларига суянадилар. Ҳукмлар чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилдилар.

Уламолар бу ҳақда у кишининг ўз сўзларини иқтибос қилиб келтирадилар: «Мен аввало ҳукмни Аллоҳнинг китобидан оламан, ундан топмасам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан оламан. Агар ҳам Аллоҳнинг китобида, ҳам пайғамбар алайҳиссалом суннатларида топа олмасам, саҳобаларнинг гапидан бошқаникини олмайман. Гап Иброҳим, Шаъбий, Ибн Сирийн ва Ибн Мусаййибларга етганда, ўзим уларга ўхшаб ижтиҳод қиламан», деганлар.

Имом Абу Ҳанифа Аллоҳдан қаттиқ қўрққан, шубҳали нарсалардан ўзини сақлаган тақводор киши эди. Язид ибн Ҳорун: “Абу Ҳанифадан кўра тақволироқ кишини кўрмадим”, деган экан.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи тижорат билан шуғулланиб юрган пайтларида, у кишининг Ҳафс ибн Абдурроҳман исмли шериги бўлган эди. Абу Ҳанифа унга мол жўнатиб турарди, у киши сотарди. Кунлардан бир кун бир тўда молни унга жўнатдилар-да, баъзисининг айби бор эканини маълум қилди. Сотаётганда харидорга айбини кўрсатиб сотишни тайинладилар. Ҳафс молнинг ҳаммасини сотди-ю, аммо унинг айбини маълум қилишни унутган эди, ва кимга сотганини ҳам эслай олмади. Бундан хабар топган Абу Ҳанифа шу галги тижарот молларидан тушган пулнинг барчасини садақа қилиб юбордилар.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳига жуда кўп таъналар қилинади.  У кишини ҳадис илмида қалоқ, қиёсни заиф ҳадисдан устун қўяди дейишган. Бу ботил гап бўлиб, у киши ёлғиз ўзлари ривоят қилган ҳадисларнинг сони икки юз ўн бешта, бошқалар билан шерикликда ривоят қилган ҳадислари эса, жуда ҳам кўп. У кишининг «муснад» номли китобидага намоз бобининг ўзида бир юз саккизта ҳадис келтирган.Уламолар иккинчи масалани ҳам ўрганиб чиқишган ва Абу Ҳанифа заиф ҳадисни қиёсдан устун қўяди, деган хулосага келганлар. Бунга мисоллар ҳам келтирганлар: «Намозда қаҳқаҳа билан кулса таҳорат кетиши заиф бўлса ҳам, Абу Ҳанифа уни қиёсдан устун қўйиб қабул қилганлар».

Имом Абу Ҳанифанинг ўзлари бу ҳақда: «Аллоҳга қасамки, ким бизни қиёсни ҳадисдан устун қўяди деса, ёлғон айтибди ва бизга туҳмат қилибди. Ҳадис бўлгандан кейин қиёсга ҳожат қолар эдими?!» дейдилар.

Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутолаъа қилган ҳар бир киши Ҳанафий мазҳаби ва далил-ҳужжатларини дарҳол эътироф етади.  Мулло Али ал-Қорийнинг «Мухтасари виқоя» китобиги ёзган «Нуқоя» номли шарҳини ўқиган талаба Ҳанафий мазҳабида келтирилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили бор эканига ишонч ҳосил қилади.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига тил теккизаётганлар аввало Ҳанафий мазҳабига оид китобларни мутолаъа қилиб, сўнгра гап бошласалар яхши бўлади.

Аллоҳ таоло динга хизмат қилган уламоларимизни барчасини, жумладан, Имом Абу Ҳанифани раҳмат айласин! Кейингиларни тўғри йўлга бошлаб, ўзи адаштирмасин!

 

 Хайруллоҳ Саттаров,

ЎМИ Самарқанд вилояти вакил ўринбосари.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment