ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ШУБҲАЛИ ЎРИНЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИШИ

ss

Юртимиздан етишиб чиққан буюк уламолардан ҳадис илмида энг машҳурларидан бири, шубҳасиз, Имом Бухорийдир. У киши ўзининг нодир зеҳни, ижтиҳоди, ақл бовар қилмас ноёб истеъдоди, ҳар қандай тўҳмат ўринларидан узоқлиги ва жуда эҳтиёткорлиги билан ўз замондошлари орасида ҳам, кейинги авлодлар орасида ҳам катта ҳурматга сазовор бўлган. Имом Бухорий илм талаб қилиб кўплаб мамлакатларга сафар қилган. Бу сафари давомида турли хил ажойиб воқеа ва ҳодисалар содир бўлган. Шулардан бири, Имом Бухорийнинг ўта парҳезкорлиги ва ҳар қандай тўҳмат ўринларидан ўзини эҳтиёт қилишига далолат қиладиган ҳикоядир.

Бу ҳикоядан Имом Бухорийнинг тўҳмат ўринларидан узоқлигини ва жуда эҳтиёт бўлишини билиб оламиз. Аллома Ажлуний ўзининг “ал-Фавоид ад-дурарий” номли китобида Имом Бухорийнинг парҳезкорлиги ва тўҳмат ўринларидан эҳтиёт бўлишига далолат қиладиган воқеани қўйидагича келтирган.

Имом Бухорий илм талаб қилиб юрган чоғида бир марта денгиз сафарига чиқади. У кишининг минг динор маблағи бўлганди. Шунда кемадаги одамлардан бири Имом Бухорийнинг олдига келиб, унга ўзининг муҳаббати ва дўстлиги ҳақида гапириб, Имом Бухорийга яқинлашиб олади ва унинг олдига ўтиради. Имом Бухорий унинг муҳаббати ва дўстлигини кўрганда, унга ишонади. Улар бир неча марта суҳбатлашганидан кейин Имом Бухорий унга ўзининг динорлари ҳақида хабар беради.

Имом Бухорийнинг кемада танишган шериги бир куни тонгда уйқусидан турганда кийимларини йиртиб, юзига уриб, бақир-чақир қилиб йиғлай бошлайди. Одамлар унинг бу ҳолатини кўрганда даҳшатга тушиб, ҳайрон бўлиб қолади. Ундан йиғлашининг сабаби ҳақида сўрай бошлайдилар. Улар сўрашида қатъий туриб оладилар. Шунда Имом Бухорийнинг шериги одамларга қараб: “Ичида минг динори бўлган ҳамёним бор эди. У йўқолиб қолди”, деди.

Кеманинг назоратчилари кемадаги йўловчиларни бирма-бир текшира бошлайди. Шу пайт Имом Бухорий ичида минг динори бўлган ҳамёнини секингина денгизга ташлаб юборади. Навбат Имом Бухорийга келганда, текширувчилар уни ҳам текширадилар. Ҳатто, кемадаги йўловчиларнинг ҳаммасини текшириб чиқадилар ва бирор нарса тополмайдилар. Шунда кеманинг текширувчилари Имом Бухорийнинг шеригини олдига келиб, уни маломат қилиб, қаттиқ танбеҳ берадилар.

Одамлар кемадан тушганда, ҳалиги одам Имом Бухорийнинг олдига келиб: “Ичида динори бўлган ҳамённи нима қилдингиз?”, деб сўрайди. Имом Бухорий: “Уни денгизга ташлаб юбордим”, деди. Ҳалиги одам: “Шунча кўп маблағни қандай қилиб денгизга ташлаб юбордингиз?”, деди. Имом Бухорий унга: “Эй, жоҳил! Сен билмайсанми? Мен ҳаётимни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тўплашга сарфладим. Дунё мени ишончли одам деб билишади. Қандай қилиб, улар менга ўғрилик билан туҳмат қилишлари учун йўл қўйиб бераман. Ҳаётим давомида ҳосил бўлган ишонч ва адолатни арзимаган бир нечта динорларни деб зое қилмайман”, деди [1].

Юқорида зикр этилган ҳикояда, Имом Бухорий ҳаёти давомида ҳосил бўлган ишонч ва адолатни арзимаган бир нечта динорларга алмаштирмаганини кўришимиз мумкин. Аммо бу ҳикояни Аллома Ажлунийнинг “ал-Фавоид ад-дурарий” номли китобидан бошқа бирорта манбада учратмадик.

Яна Имом Бухорий ўзининг шайхларидан бири Мусаддад ҳақида: “Мусаддад ўзининг Мусаддад исми кабидир. Мен китобларим Мусаддаднинг олдида ёки ўзимнинг олдимда турганига парво қилмайман”, деган.

Имом Бухорий ривоятларни олишда ниҳоятда эҳтиёт бўлгани каби китобларини инсонларнинг қўлларидан сақлашга ҳам қаттиқ эътибор берган. У киши китоблари ҳар хил одамларнинг қўлларига тушиб қолишига рози бўлмаган.

Имом Бухорий ўзининг қаттиқ парҳезкорлиги ва тақиқланган нарсаларга тушиб қолишдан жуда эҳтиёт бўлгани учун савдо-сотиқ ишларидан ҳам сақланган.

Имом Бухорийнинг котиби Абу Жаъфар Варроқ Бухорий айтади: Мен Абу Абдуллоҳ Бухорийдан эшитдим. У киши: “Мен ҳеч қачон бирор нарсани сотиб олиш ва сотиш вазифасини бажармаганман”, деди. Шунда мен у кишига: “Қанақасига? Аллоҳ таоло савдони ҳалол қилганку!”, дедим. У киши: “Савдода зиёда бўлиш, кам бўлиш ва аралашиб қолиш бордир. Агар мен савдо-сотиқ вазифасини бажарсам, ўзимдан бошқалар билан бир хил бўлиб қолишдан қўрқдим”, деди. Шунда мен: “Сизнинг савдо-сотиқ ишларингизни ким бажаради?”, дедим. У киши: “Мен бу нарсалардан халос этилганман”, деди [2].

Бу, Имом Бухорий ўзгаларнинг ҳисобига яшаган дегани эмас. Балки Имом Бухорий отасидан жуда кўп мол-мулкни мерос қилиб олган ва уларни музорабага қўйган. (Музораба – савдонинг бир тури бўлиб, унда бир киши сармоя қўяди ва иккинчиси ишлайди. Иккаласи ҳам фойдада шерик бўлади.)

Яна Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Абу Абдуллоҳ Бухорийнинг бир бўлак ери бўлиб, уни ҳар йили етти юз дирҳам эвазига ижарага берарди. Ижарага олган киши Абу Абдуллоҳ Бухорий бодрингни яхши кўришини билгани учун кўпинча, унинг олдига бир-иккита бодринг олиб келарди. Абу Абдуллоҳ Бухорий баъзан бодрингни тарвуздан ҳам устун қўярди. У киши эса бу деҳқонга қилган иши учун ҳар йили юз дирҳам ҳадя қиларди” [3].

Имом Бухорийнинг булардан бошқа даромад манбаилари ҳам бўлган. Вақти келиб улар ҳақидаги маълумотларни батафсил эълон қиламиз.  Имом Бухорий ўзининг бойлигини фақат яхшилик йўлида сарфлаган. У киши толиби илмларга, фақирларга, мискинларга ва бошқаларга жуда кўп эҳсон қилган. Юқорида зикр этилган маълумотлардан Имом Бухорийнинг ниҳоятда парҳезкор ва тақводор бўлганини билиб олишимиз мумкин.

 

АБДУВОСИ ШОНАЗАРОВ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

 илмий ходими

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

[1]. Аллома Шайх Абдусалом Муборакфурий. Сийрату ал-Имом ал-Бухорий: 2 жилдли. – Макка: Дору олими-л-фавоид, 1422/2001. Ж: 1. Б: 122-123.

[2]. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъломи-н-нубало: 25 жилдли. – Байрут: Дору муассаса ар-рисола, 1992. Ж: 12. Б: 446.

[3]. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъломи-н-нубало: 25 жилдли. – Байрут: Дору муассаса ар-рисола, 1992. Ж: 12. Б: 449.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment