Имом Шофеийнинг имом Молик билан биринчи учрашувлари

ss

Роби’ ибн Сулаймон айтади: Имом Шофеийнинг шундай деганларини эшитдим: Маккадан чиқиб Ҳузайл қабиласига бордим. У қабилани ўзимга лозим тутдим. Уларнинг гапларини, луғатларини ўргандим. Бу қабила араб қабилалари ичида энг фасоҳатли гапирадиган қабила эди. Бир муддат улар билан яшадим. Улар билан бирга карвонда сафар ҳам қилдим. Маккага қайтиб келганимда чиройли шеърлар айтадиган кишига айлангандим. Бир куни бани Зуҳра қабилааидан бир киши ёнимдан ўтиб қолди ва «Эй абу Абдуллоҳ бу фасоҳат ва бу балоғат билан илм ва фиқҳда бўлмаслигинг яхшимас» деди. Мен: «илм ўрганиладиган бирор киши борми» деб сўрадим. У эса: Молик ибн Анаснинг олдига бор деди.

Бу нарса менинг қалбимга қаттиқ ўрнашиб қолди. Маккадаги бир кишидан Моликнинг «Муватто» китобини олиб турдим ва уни ёд олдим.

Кейин эса Макка волийсининг олдига бориб, Мадина волийси ва Молик ибн Анасга мактуб ёздириб олдим. Сўнг Мадинага келдим. Мадина волийси мактубни ўқиб бўлгач: Эй ўғлим, Мадинадан Маккага томон пиёда боришим Молик ибн Анаснинг олдига боришимдан осонроқ деди. Мен: Агар амир хоҳласалар буюрсинлар у келсин дедим. У: Ундан кўра мен ва одамларим сафарга чиқиб, Ақиқнинг (Жой номи) тупроқларини кечсак ҳожатимиз раво бўлади.

Аср вақтида Молик ибн Анаснинг уйига боришга келишдик. Унинг уйига бордик. Бир киши бориб унинг уйини эшигини тақиллатди. Бир жория чиқди. Волий унга: хўжанга менинг эшик олдида турганимни айт деди. У кириб бироз вақт ўтиб чиқди ва хўжам айтдилар бирор масала юзасидан келган бўлсангиз қоғозга ёзиб берсангиз жавобини ёзиб берар эканлар. Агар ҳадис масаласида келган бўлсангиз мажлис кунини биласиз деб кириб кетти. Бир киши яна эшикни тақиллатди. Жория чиқди. Волий унга: Менда Макка волийсидан бир мактуб бор жуда муҳим деди. У кириб қўлида курси билан чиқди. Кейин Молик ибн Анас чиқди. У ёши катта, бўйи узун инсон экан. У киши чиққанларида ҳайбатларида билиниб турарди. Волий унга мактубни берди. Молик ибн Анас уни ўқий бошлади. Мактубнинг «Бу киши (яъни Шофеъий) обрўли киши, яхши инсон, унга ҳадис айтиб беринг, ундоқ қилинг, бундоқ қилинг» деган жойига етганида мактубни ирғитиб юборди ва «Субҳаналлоҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илмлари восита ила олинадиган бўлди» деди. Волийнинг Моликка гапиролмай қолганини кўрганимда олдинга чиқдим ва Моликка ўзимни таништира бошладим. У киши менинг гапларимни эшитиб бироз менга қараб турдилар. (Имом Моликда юксак даражада фаросат бор эди. Яхшилаб қарасалар кишини қандай инсон эканини билиб олар эдилар)

— Исминг нима? деди.

— Исмим Муҳаммад дедим.

— Эй Муҳаммад!  Аллоҳга тақво қил. Гуноҳлардан четда бўл. Шунда мартабанг улуғ бўлади. Эртага кел сенга «Муватто»ни ўқиб берадиган киши келади деди.

Эртасига бордим. Дарсни бошладик. Имом Моликни менинг қироатим қойил қолдирарди ва «ей йигит яна зиёда қил, яна зиёда қил» дерди. Мен унга «Муватто»ни бошидан охиригача ўқиб бердим. Мадинада Молик ибн Анас вафот этгунча яшадим.

Абдулвоси Эргашев тайёрлади

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment