Инсон қадри барча нарсадан улуғ!

ss

Наҳотки, Бизнинг сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?!  (Ал-Мўъминун 115).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларини дунё ҳаётига беҳуда яратмаганини, дунёда қилган амалининг натижаси мукофат ёки жазо бўлишини ва Ўзига қайтарилишларининг хабарини бермоқда. Аввало ҳар бир инсон, Аллоҳ уни икром этган инсонийлигини идрок этмоқлиги жуда ҳам муҳимдир. Шу билан у барча ҳаракатларини фаҳми-идрокини яратган Роббиси учун гўзал тарзда адо этади. Халқимиз айтганидек: “Ким ўз қадрини билмас экан, ўзгалар қадрини ҳеч ҳам билмас”. Инсон ўз қадрини билиши учун маърифат соҳиби бўлиши керак. Маърифатли бўлиши учун эса кўпроқ китоб мутолаа қилиши, аждодларимиздан қолган бой меросларни ҳурмат қилиши лозимдир!

Инсон қадри муқаддасдир. Чунки у яратилган барча махлуқотлар орасида азизу мукаррамидир. Унинг қадри – шаъни ва обрўсидир! Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир, у билан урушиш кофирликдир”.

Сўкиш бу – кишининг қадри ва шаънини поймол қилиш учун ундаги бўлган ва бўлмаган айблари билан ҳақорат қилишдир. Ушбу амал соҳибини Пайғамбаримиз алайҳиссаллам фосиқ деб номлаяптилар. Фосиқлик бу — Аллоҳ ва Расулининг итоатидан чиқиш дегани, шариат истилоҳида эса фосиқлиқ исёндан-да кўра ашаддий ҳисобланади. Қуръони каримда: “… ва сизларга куфрни, фисқни ва исённи ёмон кўрсатди. …”, деб марҳамат қилинади. (Ҳужурот 7). Демак, мусулмон киши бошқаларнинг қадри ва шаънини поймол қилишдан ўзини сақламоғи лозимдир.

У билан уришиш кофирлик — фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради. Кишининг қадри ва шаънини поймол қиладиган сўзларни кўпайтириш, шу билан одатланиш кишини куфрга етаклайди. Ўзи билмаган ҳолда куфр сўзини айтиб юбориши мумкин. Сўкиш, ҳақорат қилиш, қадр ва шаънини поймол қилиш урушга олиб боради. Инсон ўз қадрига номуносиб ишни ўзгага ҳам раво кўрмаслиги ва ўз қадрига нолойиқ шароитга рози бўлмаслиги ҳам керак. Қадрласанг қадр топасан, қадрланасан,-дейди халқимиз!

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм-шафқатда ва катталаримизга ҳурмат ва иззатда бўлмаганлар биздан эмас”, — дедилар. (Имом Термизий). Ушбу муборак ҳадиси шариф ўзбек халқининг онгу-шуурига сингиб кетган, урфу-одатига айланиб бўлган. Ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий муҳитини соғломлаштира олсак, инсоннинг қадр ва шаънига бўлган ҳурматнинг асосини мустаҳкамлаган бўламиз.

 

Хайрулло Саттаров,

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment