ИСЛОМ ВА ОММАВИЙ МАДАНИЯТ

ss

Ислом дини энг мукаммал дин бўлиб, инсон ҳаётининг барча жабҳаларини ўз ичига қамраб олган. Яъни, мусулмон кишининг юриш-туриши, кийиниши ва бошқа барча ишлари исломий маданиятга мос келиши зарур.

Лекин минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги вақтда қўштирноқ ичидаги «оммавий маданият»га кўпгина ёшларнинг кўр-кўрона эргашиб кетаётганлари, бунинг оқибатида эса уларнинг одоб-ахлоқлари ёмонлашиб, иймон-эътиқодга зид бўлган ғарбликларнинг ахлоқсизлигига тақлид қилишлари жуда ҳам ачинарли ҳолат ҳисобланади.

Бу «оммавий маданият»нинг жамият учун жуда катта хавф-хатари бор. Мана шу нарсадан ёш ўсиб келаётган авлодларни асраб-авайлаш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бугунги кунда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, диний ва миллий қадриятларимизни менсимасдан, бу эскилик сарқити ва замонавийликка тўғри келмайди деб ўйлашлик ёшларнинг тарбиясига катта хавф солмоқда.

Ҳаммамизга маълумки, ҳозирги вақтда техника ва интернет ривожланган пайт. «Оммавий маданият»ни тарғиб қилувчилар интернет тармоғи орқали ота-боболаримиз «қора» деган нарсаларни «оқ» ва «оқ» деган нарсаларни эса «қора» деб ёшларни миясини заҳарламоқда. «Оммавий маданият»ни тарғиб қилишдан асл мақсад аслида ёшларни беҳаёлик ва бузуқлик, ахлоқсизлик ва маданиятсизлик билан тўғри йўлдан адаштириш ва онгини заҳарлашдан иборат.

«Оммавий маданият» таъсирида ёш йигит-қизлар беҳаёларча кийинишмоқда. Йигитлар ўзларига ярашмайдиган даражада кийим кийишлари, ташқи кўринишларини ўзгартириб юришлари ёки ҳар хил хунук услубда соч қўйишлари, баъзи йигитлар эса сочларини турмаклаб олиб, бир парча матони бошига ўраб олганлигини гувоҳи бўласиз. Ҳатто баъзи йигитлар қулоғига зиракча тақиб олмоқдалар.

Шунингдек ҳозирги пайтда баъзи қиз-жувонлар ярим яланғоч ҳолда енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини «кўз-кўз» қилиб турувчи тор ва юпқа кўйлаклар кийиб, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, кўчада бемалол уялмай юрибдилар. Қизлар ҳам ташқи кўринишларини ўзгартириб, бурунларига зиракча тақиб олаяптилар. Миллатнинг забардаст ўғлонлари ва иболи қизларини йўқотиб бораётганимизни англаб етайлик.

Албатта, бугунги кунда бир жинслиларнинг никоҳланиши ёки жинсини ўзгартириш каби қабиҳ иллатлар ҳам, «оммавий маданият»нинг энг ёмон кўринишларидан бири эканлигини унутмайлик.

Қўштирноқ ичидаги «оммавий маданият»ни авж олишининг олдини олиш ва ундан қутилишнинг йўли, исломий маданиятга амал қилишлик билан бўлади. Бунинг учун Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини ўрганишимиз зарур.

Динимизда одоб ва ҳаё инсонийликнинг энг фазилатли хислатларидандир. Мусулмон киши доимо бузуқ ва нопок ишлардан узоқ бўлиши лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур.» (Нур сураси, 21-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам беҳаёликдан қайтариб: «Агар уялмасанг, ҳохлаганингни қил!», дедилар. Имом Бухорий  ривоят қилган.

Кимда-ким бошқа дин ва миллат вакилларига тақлид қиладиган бўлса, ундай кишининг қилаётган иши шариатда қаттиқ қораланади. Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким ўзини қайси қавмга ўхшатса, бас, у ўшалардандир». Абу Довуд, Аҳмад, Тобароний ва Баззор ривоят қилганлар. Ушбу ҳадисда  «Ким ўзини қайси қавмга ўхшатса» деган жумладан, ким қайси қавмнинг кийиниши, юриш-туриши ва ҳаёт тарзига эргашса деган маънони тушунишимиз керак. Демак, киши ўзга дин ва миллат вакилларига эргашадиган ва уларнинг одатини устун қўядиган бўлса, ўшалардан ҳисобланар экан.

Хулоса шуки, ёш ўсиб келаётган фарзандларимиз иймон-эътиқодли, диёнатли, ор-номусли, ҳаёли бўлишлиги учун ва дини, Ватани, ота-онаси, оиласи ва халқига муносиб хизмат қилишлиги учун исломий руҳда тарбия қилишлигимиз жуда ҳам муҳим ва зарурдир.

Албатта, мусулмон эркак ва аёллар кийинишда, юриш-туришда ва муомалада ҳамиша ҳаёли бўлиши ва иффатини асраши лозим. Бу эса гўзал исломий одоблардан саналиб, уларга амал қилиш ҳар бир мусулмон кишидан талаб этилади.

Аллоҳ таоло жонажон Ватанимизда ёш ўсиб келаётган авлодларимизни ва барчамизни қўштирноқ ичидаги «оммавий маданият» иллатидан Ўзи асрасин ва тўғри йўлидан адаштирмасин.

А.Ахмедов — Жомбой туман бош имом хатиби

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment