Истиқлол улуғ неъмат!

ss

Ўзбекистон мустақилликка эришганига (1991 йил 1-сентябр) яқинда  25 йил тўлади. Мустақиллик куни – Ватанимиз тарихида, халқимиз ҳаётида абадий муҳрланиб қолган  қутлуғ сана хисобланади.

Истиқлол туфайли мамлакатимизда Ислом дини учун кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатланиб, барча миллий ва диний қадриятлар тикланиб, мадрасалар ва масжидлар мусулмонлар ихтиёрига қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний китобларни нашр этилиши ва оммавий ахборот  воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шароитлар яратилди.  Рўза ҳайити ва қурбон ҳайитининг биринчи куни дам олиш куни этиб белгиланиб, байрам сифатида эълон қилинди. Шунингдек ҳар йили беш мингдан зиёд ҳамюртларимиз Исломнинг бешинчи аркони бўлган ҳаж ибодатини адо этишга ва минглаб ҳамюртларимиз умра зиёратини адо этишга муяссар бўлмоқдалар.

Бас, шундай экан мана шу неъматларнинг қадрига етиб, юртимизда ҳукм сураётган тинчликни асраб-авайлаган ҳолда Ватан равнақи, тинчлиги, осойишталиги ва унинг тараққий топиб ривожланишида ҳамжихатлик билан саъй-ҳаракат қилишимиз зарур. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир” (Моида 2)

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг Ислом динига катта эътибор берила бошлади. Юртимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Ислом дини ота-боболаримиз дини, у биз учун ҳам иймон, ҳам аҳлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини унутмайлик”, деб айтган сўзлари аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган, ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган, миллатни ислом динидан айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайдиган соф ақидалар йиғиндисидир. Ана шу маърифатни кишиларимиз жон-жон деб қабул қиладилар ва яхши ўгитларига амал қиладилар.

Мустақиллик йилларида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби атоқли Ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг қадамжолари обод қилинди ва асарлари нашр қилинди. 2008 йилда муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий халқаро маркази очилди. У ерда Республика бўйича барча  расмий имом хатиблар ўз фаолиятидаги диний ва дунёвий билим ва кўникмаларини  оширмоқдалар.

Шу қаторда мустақиллик даврида Ўзбекистон иқтисодиёти йилдан йилга ўсиб бораётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги ўсиш кўрсаткичларини дунёнинг бошқа давлатларида камдан-кам учратиш мумкинлигини бугунги кунда БМТ, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар эътироф этмоқдалар.

Аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш бугунги замонавий давлатчилик тараққиётидаги муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Яқинда айни шу кўрсаткичлар бўйича БМТ кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ижтимоий сўров ва тадқиқотлар ўтказилиб, шу асосда “Бутун жаҳон бахт индекси”нинг “World Happiness Index” янги рейтинги эълон қилинди. Ушбу рўйхатда Ўзбекистон 158 мамлакат орасида 44-поғонада, МДҲга аъзо мамлакатлар орасида эса 1-ўринда қайд этилди. Бундан икки йил аввал мазкур рўйхатда мамлакатимиз  60-ўринни банд этган эди.

Буюк Британиянинг нуфузли “Экономист” журналининг эътироф этишича, Ватанимиз пойтахти азим Тошкент шахри ободлиги ва яшаш учун қулайлиги жиҳатидан   дунё рейтингида 140 та шахар орасида 58-ўринни эгаллади.

Яқинда Швейцарияда Жаҳон иқтисодий форуми – “World Economic Forum”  иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатлар рейтингини эълон қилди. Жаҳон банкининг “Глобал иқтисодий тараққиёт”  прогнози асосида тайёрланган мазкур маълумотда 2014 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда йиллик ўсиш даражаси энг юқори бўлган давлатлар орасида Ўзбекистон  5-ўринда туришлиги эътироф этилди.

Жаҳонда  мустақил юртимиз шундай юқори ўринларни эгаллаши  ва кундан-кунга равнақ топиб ривожланиши шу жонажон юртда яшаётган барчаларимиз учун фахр-ифтихордир.

Илоҳо, юртимиз тинч ва осуда бўлиб, хотиржамликда ибодатларимизни  адо этиб боришимизда ва юртимиз янада ривжланишида Яратганнинг Ўзи  мададкор бўлсин!

 

 

Иброхим ота жомеъ

масжиди имом хатиби                                                       А.Ахмедов

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment