Камтарлик инсонни камолотга элтади!

ss

 Яқинда бир инсон билан суҳбатдош бўлдим. Ўзига яраша бизнесини яратган, бировга муҳтожлиги йўқ. Аммо яшаётган уйи шоҳона эмас. Демоқчимизки, бугун мол-дунёга, ортиқча ҳою ҳавасга берилганлар кўп бўлган жамиятда юқоридаги ҳолат анча камёб.

– Қўлингизда маблағингиз бор экан, нега уйингиз томини қўшниларникидан баландроқ кўтармайсиз? – деб фикрини билмоқчи бўлдим.

У киши кутилган жавобни берди: “Уйингизнинг баландлиги сизнинг яхши амалларингизни билдирмайди. Қолаверса, бу кибру ҳаводан бошқа нарса эмас. Энг ёмони, сизнинг қасрдек уйингиз қўни-қўшниларнинг, ён-атрофдагиларнинг ғашини келтиради, дилига озор бериши ҳам мумкин”.

Хўш, бугун бизлар ҳам бирор фойдамизга қилинадиган ишимизни бажараётганда бошқаларнинг кўнглини ҳисобга оляпмизми? Маблағимизни ҳалол йўл билан топаётган эканмиз, нега уни ҳавога совуришимиз керак? Бундай дабдабаларга ҳожат бормикан?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло менга тавозеликда бўлинглар, ҳатто бир киши бошқаси устидан фахрга бормасин ва бир киши иккинчи кишига зулм қилмасин”, деб ваҳий юборди.

Афсуски, кўпчилигимиз давлатимиз, амалимиз билан фахрга берилишдан тоймаяпмиз. Билиб-билмай ўзимиздан ночорларнинг дилига озор беришни одатий ҳол, деб қабул қиляпмиз.

Ўша инсон ҳақида билганлар яна бир гапни айтиб қолишди. Табиийки, қиш кунларида ҳамманинг ҳам доимий иши бўлавермайди. Кўпчиликда пулга эҳтиёж сезилади. Ўшандай пайтларда у киши ҳақида яхши билган маҳалладагилар, кимдир қарз сўраб келиши мумкин бўлса, у киши эшигига келувчиларни қуруқ қайтармаган экан. Баъзан қарзга, баъзида эса Аллоҳ йўлида эҳсон ҳам қилиб юборган. Энг қизиғи, мана шундай ҳолатлар учун қўлида алоҳида маблағ ушлаб тураркан.

Тасаввур қилайлик, бугун ким, кимгадир қарз беришим мумкинку, деб қўлида маблағ сақлайди? Бизнингча, бу ишлар жамиятнинг фаровонлигини таъминлайди, одамларнинг ўзаро меҳр-оқибатини кучайтиради.

Камтарлик ва оддийликка динимизда ҳам алоҳида урғу берилади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг, халифалару саҳобаларнинг ҳаёти бунга ёрқин мисолдир.

Масалан, бир сафар халифа Умар розияллоҳу анҳу минбарда туриб:

«Мени тингланглар ва менга итоат қилинглар!» – дейдилар.

У зотнинг гапи оғзидан чиқар-чиқмас, «Сени тинглаш ҳам йўқ, сенга итоат қилиш ҳам йўқ! – деди бир киши.

«Нима учун?» – дедилар Умар розияллоҳу анҳу.

«Нима учун иккита кийим кийиб олдинг? Биттаси ортиқча, уни қаердан олдинг?!» – деди ҳалиги одам.

Умар розияллоҳу анҳу ўз ўғилларига қараб:

«Эй Абдуллоҳ, жавоб бер энди!» – дедилар.

«Биродарлар! Отамнинг ўз кийими юпун бўлгани учун жумага мен ўз кийимимни бериб турган эдим”, деди у.

Шунда ҳалиги одам ҳазрати Умарга: «Энди гапиравер, ҳам эшитамиз, ҳам итоат қиламиз» – деди.

Айтиш мумкинки, Умар (р.а) ўша пайтда мусулмон оламининг энг улуғ одами, ҳукмдори эди. Шундай бўлишига қарамай, ўз амалидан фойдаланмади. Оддий бир фуқаронинг эътирозини эшитди ва унга изоҳ берди. Бу ҳолат назаримизда, нафақат раҳбарнинг адолатини, балки оддийлигини кўрсатади. Юқоридаги суҳбатдан англашиладики, халифа асло дабдабага, кийим-кечакка ружу қўймаган. Оддий халқ билан бирдек кийинган, еб-ичган.

Бу ҳолат бугун бизнинг асл исломий амаллардан қанчалик узоқлаб кетаётганимизни кўрсатади. Мансаб берилганда, эски дўстларни унутиш, мол-дунё берилганда, ночорларни эсламаслигимиз шубҳасиз, эътиқодимизнинг ночорлигидандир.

Расулуллоҳ (с.а.в)дан шундай ҳадис бор: “Қалбида заррача кибри бор инсон жаннатга кирмайди”.

Демак, кибру ҳаво бизни нафақат бу дунёда, балки охиратда ҳам шарафсиз қилади.

Муҳаммадхон ПЎЛАТОВ

Ургут туманидаги “Узун” жоме масжиди имом хатиби

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment