Ким ярамас бир ишни қилса, ўзи истамаган ишни албатта кўради!

ss

Ривоятларда келишича, пайғамбарлардан Мусо алайҳиссалом Парвардигорга: «Менга бир адолатингни кўрсат» деб ёлборавергач, У: «Мана шу тоғ этагига бориб ўтир, адолатимни кўрасан», дебди. Ҳазрати Мусо айтилган ерга бориб, тўрт томонга тикилиб ўтирди. Узоқда бир отлиқ киши пайдо кўринди. Суворий отини чоптириб келиб, тоғдан тушаётган бир чашмадан отини суғорди. Ўзи ҳам ташналигини қондирди, кийимларини ва ҳамёнларини ерга қўйиб, юз-қўлини ювди. Бироз ҳордиқ чиқаргач, кийиниб, отига миниб йўлга тушди. Аммо ҳамёнини унутиб қолдирди. Кўп ўтмай булоқ ёнида бир бола пайдо бўлди. У ҳам сувдан ичди, юз-қўлини ювди. Кетаётганида ҳамённи кўриб қолиб, уни чўнтагига солиб, ўйноқлаганича булоқдан узоқлашди. Шу пайт бир кўр киши ҳассасини дўқиллатиб келиб қолди. У ҳам пайпаслай-пайпаслай булоқни топиб, сувидан ташналигини қондириб, йўлига кетди. У ҳали кўздан йўқолмай, ҳамёнини унутиб қолдирган суворий пайдо бўлди. У келасолиб, булоқ атрофидан ҳамёнини қидирди. Топа олмагач, уёқ-буёққа аланглаб нарироқда кетаётган кўрни кўриб қолди. Уни қувиб бориб, ёқасидан олди: “Қани, топиб олган ҳамённи буёққа чўз-чи!” “Нималар деяпсиз, қанақа ҳамён? Мен ҳеч қандай пул-мул кўрганим йўқ”. “Боя шу ерда ҳамёнимни унутиб қолдирибман. Бу ерда сендан бошқа ҳеч ким йўқ, демак, уни сен олгансан…”, бўш келмади отлиқ. Суворий аламидан қайсарлик билан тониб турган кўрни ўлдирди. Бу ҳолни кўриб турган Мусо алайҳиссалом Парвардигорга муножот қилди: “Эй Роббий, мен гувоҳ бўлган воқеа адолатдан эмас, чунки ҳамённи бола олган эди, Сен эса бегуноҳ кўрни ўлимга ҳукм қилдинг!”. Шунда У зот бундай деди: “Кўрганларингнинг бари адолатимдандир! Отлиққа ҳамёнини унуттирдим, бола келиб уни топиб олди. Чунки ҳамён боланинг ҳаққи эди: отлиқ бир вақтлар боланинг отасидан бир ҳамён олтин қарз олиб, вақтида бермаган эди. Сўнг боланинг отаси ўлди, отлиқ бола бўлган ишлардан бехабар, деб қарз олганидан тонди ва олтинларни болага қайтармади. Мана, адолатимга кўра бола ҳақини олди. Кўр эса бир вақтлар отлиқнинг отасини ўлдирган эди, суворий отасининг қотилини ўлдириб, қасос олди ва бу ишда ҳам адолатим адо этилди”.

Хайруллоҳ Саттаров тайёрлади.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment