КИМКИ ЕРГА МЕҲР БЕРСА, БУНИНГ САВОБИ КАТТАДИР

ss

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Бугун Коронавирус касаллигининг шиддат билан Ер юзига тарқалаётгани бутун инсониятни жиддий ташвишга солмоқда. Ҳар бир давлат ушбу офат таъсирини юмшатиш, кенг тарқалишининг олдини олишга жиддий ҳаракат қилмоқда.

Ҳар бир ибтидонинг интиҳоси бўлганидек, бундай синовли кунлар ҳам тез фурсатда Аллоҳ таолонинг иродаси ила тарихга айланишига ишонамиз. Бугун ҳар биримиз давлатимиз томонидан ўрнатилган талабларга риоя этсак, муҳтарам Юртбошимизнинг кўрсатаётган жонкуярлигини қалбан ҳис этиб, итоат қилсак, машаққатларни, албатта, енгиб ўтамиз, иншо Аллоҳ.

Давлатимиз раҳбари ушбу касаллик кенг тарқалиб кетмаслигининг олдини олиш борасидаги мурожаатлари халқимизга руҳий мадад, самимий далда бўлди. Ҳар биримизга куч-қувват бериб, инон-ишончимизни мустаҳкамлади. Юртбошимиз тадбиркорларга, ёрдамга муҳтож аҳолига, якка-ёлғизларга, ногиронларга моддий кўмак ва ёрдамларни оширамиз, деганлари инсонпарварликнинг олий намунаси бўлди.

Карантиннинг дастлабки кунлариданоқ юксак сафарбарлик чоралари кўрилгани халқимиз учун, оилалар учун, шу юрт фуқароси соғлиғини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Таассуфки, пандемия туфайли ўрнатилган тартиб-қоидаларни менсимаслик ҳолатлари учраётгани кишини ташвишга солади. “Бирники мингга, мингники – туманга”, деган гап бор халқимизда. Арзимас баҳона билан кўчага ошиқаётган, карантин қоидаларини писанд қилмай, важ-карсонлар тўқиётган, қочиб-пусиб шахсий транспорт воситалари билан кўчага чиқишга уринаётган кимсаларнинг мақсади нима? Ахир, улар ҳам вазиятни яққол кўриб, сезиб туришибди-ку.

Ўтган даврда карантин қоидаларининг 47 мингга яқин бузилиш ҳолатлари, шу жумладан, 34 минг марта ниқоб тақмаслик, 11 минг марта автотранспортда карантинга риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланган. Ҳаттоки, 24 та ҳолатда юзлаб одамларни тўплаб, зиёфат ва маросимлар ўтказилгани аниқланганини қандай тушуниш мумкин. Уларнинг бу хатти-ҳаракатлари, аввало, ўзини, оиласини, бола-чақасини оғир дардга гирифтор қилиб қўйиши мумкин-ку. Аллоҳ таоло бундайга инсофи тавфиқ берсин.

Ислом динида инсоннинг вабога сабр қилишига улуғ савоблар ваъда қилинган. Агар бирор жойда вабо ёки ҳалок қилувчи бирор юқумли касаллик тарқалса, у ердаги киши ўзига Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳеч нарса етмаслигини ишонган ҳолда сабр қилиб ўтирса, унга шаҳидлик савоби берилади. Агар бирор кимса бесабрлик қилиб, у ердан қочиб кетса, у бу ажрдан бебаҳра қолади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Вабодан қочувчи кимса (гуноҳда) жанг майдонидан қочувчи кимса кабидир” деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Бунинг маъноси шуки, қайси жойда вабо тарқалса, у ердан қочмасдан, собит туриш лозим. У ердан қочиш эса бесабрлик ва Аллоҳ таолога таваккал қилмаслик белгиси бўлгани учун гуноҳдир. Шундай экан, ҳар бир фуқаро берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилмаса, аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ҳаётига катта хавф туғдириши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкинлигини унутмаслиги зарур.

Баъзан касалликдан кўра ваҳима ва саросималар инсонни ҳушидан айираёзади. Тиб илмининг султони, бобокалонимиз Ибн Сино айтганидек: “Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғликдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир”.

Бемор ҳар қандай оғир дардни бандаликка хос сифатлар ила қабул қилиб, ажрини Аллоҳдан умид қилса, унинг ортидан ўзи билмаган яхшиликларга эришади. Зеро, ҳар бир дард ва мусибат беҳикмат эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қайси бир кишига тоъун (эпидемия) етса ва уйида сабр ила савоб умидида ўтирса, ўзига Аллоҳ тақдир қилганидан бошқа нарса етмаслигини билса, унга шаҳиднинг ажричалик савоб берилади» (Имом Бухорий ривояти).

Вабога чалинган киши дардидан тузалса ҳам шаҳидлик ажри берилади. Алҳамдулиллаҳ, ҳар куни ойнаи жаҳон орқали коронавирус инфекциясини юқтириб олган юртдошларизнинг баъзилари соғаяётганини кўраяпмиз. Шу пайтгача 42 нафар киши бутунлай дарддан фориғ бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, тузалиб, соғайган беморнинг мисоли худди осмондан янги тушган дўл донасининг рангига ва софлигига ўхшайди», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Таъкидлаш жоизки, инсонларнинг дардидан тузалиб, гуноҳлардан фориғ бўлишида уламолар ва шифокорларнинг хизмати беқиёс. Уламолар маънавий чораларни кўриб, аҳолининг руҳиятини тарбиялайди. Шифокорлар эса касалликка қарши моддий чоралар, зоҳирий сабаблар ила дардларга малҳам бўлади. Агар уларнинг хизматлари туфайли бир бемор шифо топса, номаи аъмолларига улкан ажру савоблар битилади. Аллоҳ таоло Қуръони азиймуш шаънда марҳамат қилади: «Ким уни (бир жонни) тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади» (“Моида” сураси, 32-оят).

Муфассирлар ушбу оятдаги “тирилтирса” сўзини “ўлимдан сақлаб қолса” деганлар. Имом Совий раҳматуллоҳи алайҳ “яшаб қолишига сабабчи бўлса”, дея тафсир қилганлар.

Демак, бугун беморларни даволаётган шифокорларимиз инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолгандек улуғ савобга эришяпти. Шарафли касб эгалари фаолиятлари давомида бир неча инсонларни оёққа турғизиб, ҳадсиз-ҳисобсиз ажрларни қўлга киритаётганларини бир тасаввур қилиб кўринг!

Икки ҳафта давомида яқинларини, фарзандларини кўрмасдан, уйқу, ҳаловат нималигини билмасдан меҳнат қилаётган заҳматкаш шифокорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, шу ишга камарбаста бўлган барча-барчани мен ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ, деб биламан. Шу ишга ҳисса қўшаётганларни Яратгандан Эгам юксак мукофотлар билан сийласин.

 

Экин экиб, ризқ-рўз талаб этинг!

Хабарингиз бор, шу йилнинг 8 ва 14 апрель кунлари муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишларда бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа экани таъкидланди. Албатта, бу ҳозир энг тўғри йўл ҳисобланади. Зеро, бугунги оғир дамларда аҳоли рўзғорининг бутлигига эришиш, ҳар бир оиланинг томорқасидаги мавжуд имкониятлардан фойдаланмай туриб ҳал этиш мушкул.

Шу маънода пандемия туфайли юртимизда эълон қилинган карантин вақтида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш кўп жиҳатдан томорқалардан қанчалик оқилона фойдаланишимизга боғлиқ. Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида: “Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак”, деб қатъий таъкидладилар.

Ҳаммамиз яхши тушунамиз, “Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади”, деган мақол бежиз айтилмаган. Соҳада катта натижага эришмоқчи бўлсак, биринчи навбатда ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ерни боқишимиз керак. Мутафаккир Алишер Навоий бобомиз “олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир”, деб миришкор деҳқонлар хизматига жуда катта баҳо берганлар.

Айни кунларда кўпчилигимиз вақтимизни оила даврасида ўтказяпмиз. Бу карантин қоидаларига риоя қилиш билан бирга, хонадонимиздаги мавжуд томорқада ишлаш учун ҳам яхши имконият. Агар ҳар бир хонадонда рўзғор учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилса, аввало, келгусида бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни қондириш, бозорларда нарх-навонинг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади. Демак, баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, экин-тикин ишларини тезроқ якунига етказайлик. Ҳар бир қарич унумдор ерни қадрига етайлик.

Аллоҳ таоло ер юзини осмондан оби-раҳмат  ёғдириб, шу орқали барча набототларни ўстириб, инсонларнинг ризқини бериб қўйди. Қуръони каримнинг кўплаб оятларида Аллоҳ таоло экинлар ва боғларни мисол қилиб келтирилган. Қуръони каримда шундай баён қилинади: «У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳар ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир» (“Наҳл” сураси, 10–11-оятлар).

Муборак динимиз экин-текин ишларига тарғиб қилади. Бу ҳақда ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жуда кўплаб ҳадислар келган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, унга шунда ажр бордир. Шунингдек, ундан бирор жонзот еган нарсада унга садақа (савоби) бордир”, дедилар (Имом Доримий ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда бундай дейилган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлди”, дедилар (Имом Байҳақий ва Имом Табароний ривоятлари). Ҳадисдаги “Аллоҳга лозим бўлди” деган сўз мазкур бандага Аллоҳнинг фазл-карами бўлди деганидир.

Саҳобалардан бир қанчалари экин экиш билан шуғулланганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида зоҳидлардан бўлса-да, деҳқончилик қилар эди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар билан ишлов берар эди. Зеро, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида: “Ерда экин-тикин қилиб ризқ-рўзингизни талаб қилингиз”, деган эдилар (Имом Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, дейилган.

Ривоят қилинишича, Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб: Эй Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг, дедилар. Шунда Отам: Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди, дедилар. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай деманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг, деб ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар”.

Одам алайҳиссалом жаннатдан Ер юзига туширилганларида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”, дедилар.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини кўчат, экин экишга шу даражада тарғиб қилдиларки, ҳатто қиёмат қоим бўлиш арафасида бўлсаям, имкон қилолса, кўчатни экиб қолишга буюрдилар: “Агар қиёмат қоим бўлишни бошласаю, бирингизнинг қўлида ниҳол бўлса, қиёмат қоим бўлишдан олдин уни экишга қурби етса, бас, шундоқ қилсин”, деганлар.

Демак, ҳар бир қарич ердан унумли фойдалансак, ўзимизга, рўзғоримизга керакли ҳар хил экинларни эксак, астойдил меҳнат қилсак, ҳукуматимизга камарбаста бўлиб, оғир кунлардан Қодир Эгамнинг марҳамати ила осонлик билан ўтиб оламиз.

Яратган Парвардигордан ушбу касалликни тезда бартараф этишини сўраймиз ҳамда Раззоқ Аллоҳ таоло юртимизга қут-барака, ҳосилларимизга мўл-кўллик, дастурхонимизга тўкин-сочинлик бўлишини насибу рўзи айласин! Омин Ё Роббал аламийн!

 

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Манба: www.muslimuz

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment