Қийинчиликлар ортидан енгиллик келади

ss

Мустақиллик Аллоҳ таолонинг бизга ато этган энг улуғ неъматларидан бири. Мана шу неъмат орқали бизга диний ва миллий қадриятлар, урф-одат, анъана, маърифат, эрки ўз қўлида бўлиш каби имкониятлар берилган. Бу неъматларни ҳеч қачон унутмаслик, қадрига етиш, уни авайлаб-асраш, шукр қилиш унинг бардавом бўлиши омилидир. Зеро, Аллоҳ таоло “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман” (Иброҳим сураси, 7-оят), дея марҳамат қилиб, неъматларга шукр қилишга ундамоқда.

1991 йилдан буён 1 сентябрь Мустақиллик байрами сифатида мамлакатимизда кенг нишонланади. Шу муносабат билан кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқимизга байрам табриги йўллади. Унда бу йил олдимизга қўйган мақсадларимиз ва унинг натижалари, шу билан бирга йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар қайд этилди.
Жаҳон миқёсида бугун юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинаётгани кейинги йилларда Ўзбекистоннинг тараққиётнинг мутлақо янги босқичга қадам қўйгани, эришилаётган ютуқларимизнинг эътирофи эканлиги таъкидланди.
“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, деган даъваткор ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётгани, айнан шу асосда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамлар қўйилаётгани айтиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани, бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмаслиги, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмаслигини қайд этиб, халқимизни бугунги мураккаб даврда келажакка ишонч билан ўз олдига қўйган мақсад сари дадиллик ила қадам ташлашга ундади.
Ўзбекистон янги бир уйғониш даврини бошламоқда. Мамлакатни янги тараққиёт босқичига кўтариш учун, аввало, янги авлод кадрларни тайёрлаш заруратидан келиб чиқиб, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида Президент мактаблари, ихтисослашган ва ижод мактаблари барпо этилмоқда. “Замонавий мактаб” дастурини ҳаётга татбиқ қилинмоқда.
Ҳар қандай мустақил давлат мустаҳкам маънавий пойдеворга эга бўлгандагина юксак тараққиётга эриша олади. Шундан келиб чиқиб, бу йил “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” доирасида умумтаълим мактабларида биринчи марта “Тарбия” фани жорий этилмоқда.
Дарҳақиқат, ҳар бир киши жамиятга муносиб бўлиб камол топмоғи керак. Бунинг учун мутафаккир олим Юсуф Хос Хожиб айтганидек, фарзандлар тарбияси ниҳоятда эрта бошланмоғи шарт. Шундагина уларнинг ноўрин хатти-ҳаракатларга берилишининг олди олинади.
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихи, имлий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом дининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида кейинги даврда мамлакатимиз Президенти бир қатор ташаббусларни илгари сурди.
Ушбу ташаббусларнинг замирида “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори мужассам. Шу негизда мамлакатимизда муқаддас динмизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Байрам нутқида Президент Ўзбекистонда диний-маърифий соҳалар ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, Ислом цивилизацияси маркази қурилиши жадал давом этаётгани, ушбу мажмуа халқимизнинг асрлар давомида жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини намоён этиши, яқиндагина Имом Мотуридий илмий тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган саъй-ҳаркатлар мана шу ишларнинг узвий давоми эканлиги айтилди.
Президентмиз Шавкат Мирзиёевнинг байрам нутқи дунё аҳолиси сингари халқимиз ўз бошидан кечираётган бугунги қийинчилик даврида барчага сабр-тоқат ва бардошли бўлиш, қийинчиликлар ортидан албатта енгиллик келишига ишонч бағишлади, десак муболаға бўлмайди.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Самарқанд вилоятидаги вакили,
вилоят бош имом хатиби
ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment