Бугунги кун ояти каримаси ва ҳадиси шарифи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ояти карима:

«Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром). Бу сизларга Аллоҳнинг ёзганидир. Ана ўшалардан бошқаларни поклик ва зино аралаштирмаган ҳолда молларингиз ила талаб қилмоғингиз ҳалол қилинди. Улардан ҳузурланишингиз сабабидан маҳрларини беринг. Бу фарздир. Фарз маҳрдан кейин ўзаро розилик ила келишганингиз гуноҳ эмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир». (Бу ояти кариманинг аввалида никоҳи ҳаром қилинган аёлларнинг зикри давом этмоқда. Уларнинг охирги тоифаси ўлароқ эрли аёллар келтирилди. Демак, эри бор аёлга уйланиш ҳаром. Эри ўлиб ёки эридан ажрашиб идда ўтирган аёллар ҳам, то идда муддати орасида эрлик аёллар қаторига киради. Буларнинг никоҳи ҳам вақтинча ҳаромдир. Оятда эрли аёллардан «қўлингизга мулк бўлиб тушганлар» истисно қилинмоқда. Яъни, урушда душман томондан мусулмонлар қўлига тушган аёллар, эрлари бўлса ҳам, ҳайз кўрганларидан кейин уларга молик бўлган мусулмонларга ҳалол бўлаверади.)  Нисо сураси 24-оят (Тафсири Ҳилолдан)

Ҳадиси шариф:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эртами кечми масжид томон борса, Аллоҳ таоло унга ҳар эрта ва кеч юрганида жаннатдан манзил тайёрлайди», дедилар». Бухорий, Муслим ривоят қилганлар

Post Comment