Қуръон фазилатлари

ss

Қуръони карим ва уни ўрганиш ҳақида кўплаб асарлар ворид бўлган. Улар жумласидан, таълим олиш ва бериш фазилати, қироат ва тартил фазли ва уни ёд олиш ва тадаббур қилиш фазли ҳақида. Шунингдек, Қуръони каримнинг ўзида ҳам мўминларни қуръонни тадаббур қилишга, ҳукмларнини теран англашга, тиловат қилинаётганда тинглаш ва жим туришга далолат қилган оятлар ҳам мавжуд. Манашу ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан баъзиларини зикр этсак:

إنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ (29)

“Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар” (Фотир сураси 29-оят).

Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни тиловат қилиш–унга кўз югиртириб чиқиш ёки ёдлаб олган жойини шуурсиз такрорлаш эмас. Қуръон тиловати уни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда тадаббур ила ўқиб, унга амал қилишдир. Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни тиловат қилиш ҳар бир мўминнинг бурчидир. Ким ҳам Аллоҳнинг китоби тиловатини билмай туриб бандалик даъвосини қилади? Тиловати Қуръон ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Оддий кишилар учун уламоларимиз ҳар куни бир порадан ўқиб туришни тавсия қиладилар. Шунда бир ойда Қуръони Карим бир марта ўқиб чиқилади. Ҳар бир мўмин Қуръонни бошидан охиригача ўқишни ўрганиб, ундан бир порани кундалик вазифа қилиб олиши керак. Ҳа, Қуръон тиловати ниҳоятда зарур. Шунинг учун ҳам оятда мўминлар сифатлари ичида биринчи ўринда Қуръон тиловати қелмоқда. Аввал айтиб ўтилганидек, ҳақиқий тиловат, ўзидаги зикр қилинган ҳукмларга амал этишга чорловчи тиловатдир.

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ (204)

Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз(Аъроф сураси 204-оят).

Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда унга жим туриб қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар. Умуман, Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор.

Ушбу ояти каримани ўрганар эканмиз, беихтиёр кейинги пайтларда Қуръони Карим бўйича ўтказилган илмий теширишлар ҳақидаги маълумотлар хотирга тушади. Илм тараққий этган юртлардан бирида инсоннинг руҳий ўзгаришларини ўрганаётган олимлар қизиқарли бир тажриба ўтказганлар. Улар тажриба учун тўрт кишини олганлар. Уларнинг бири араб бўлиб, ўз тилини яхши биладиган эътиқодли мусулмон, иккинчиси, ўз тилини яхши биладиган араб, аммо мусулмон эмас; учинчиси, эътиқодли мусулмон, аммо араб тилини билмайди. Тўртинчиси, араб тилини ҳам билмайди, мусулмон ҳам эмас. Тажриба ўтказувчи олимлар буларнинг тўртовларига ҳам Қуръони Карим тиловатини эшиттириб, уларда содир бўлаётган руҳий ўзгаришларни кузатганларида, ҳаммаларида ажойиб бир ўзгариш содир бўлаётганини кашф қилганлар.

Бундан минг тўрт юз йил аввал ҳам араб мушрикларининг одамларни Қуръон эшитишдан қаттиқ манқилиб қўйишлари, эшитган одамнинг унга эргашиб кетишидан қўрқишлари бежиз эмас экан. Одамларни Қуръон тинглашдан манқилган Қурайш зодагонларининг бир-биридан беркиниб, тунлари Қуръон тиловатига қулоқ осишлари ҳам бежиз эмас экан.

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا (24)

Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмайдиларми? Ёки қалбларида қулф борми?” (Муҳаммад сураси 24-оят).

Қуръони Каримни «тадаббур» қилиш уни эътибор ва эҳтимом ила ўқиб, маъноларининг мағзини чақишдир. Ҳа, ўша аввалги ояти каримада зикр қилинганлар,

«Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмайдиларми?»

Ҳар бир оятни, ҳар бир сўзни чуқур тушунишга ҳаракат қилиш Қуръонни тадаббур қилишдир. Ана ўшанда парда кўтарилади, ҳамма нарса равшанлашади, қалб ҳаловот топади, виждон мусаффо бўлади.

«Ёки қалбларида қулф борми?»

Агар «қалбларида қулф» бўлса, унда ҳамма нарса берк, уларга ҳеч нарса, жумладан, Қуръон нури ҳам кирмайди.

عن عثمان بن عفان رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال : خيركم من تعلم القرآن وعلمه.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир” (Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръон ҳофизларининг даражаларини олий қилиб кўтариб қўйди. Шунингдек, уларга жуда кўп кароматларни зоҳир қилди. Қуйида улар билан танишамиз:

  1. Қуръони каримда моҳир бўлган қорининг манзиласи олий эканлиги;

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Ўқиганда қийналадиганларга иккита ажр бордур”.

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Жаннатга кираётган Қуръон соҳибига “Ўқи ва кўтарил” дейилади ва у ўқийди. Ҳар бир оятга бир даражадан охирги ўқиган жойигача кўтарилиб боради”.

  1. Ҳофизул Қуръонни Дўзах ўти куйдирмайди;

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтилар: “Агар Қуръон тери ичига солиниб оловга ташланса ёнмайди”. Ибн Асир бу ҳадиснинг маъносини шарҳлаб шундай деганлар: “Яъни Аллоҳ таоло кимга Қуръонни таълим берса, дўзах ўти уни ҳаргиз ёндира олмайди”.

  1. Ўз аҳлига шафоатчи бўлади;

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Қуръонни ўқиса ва уни ёд олса, Аллоҳ таоло уни Жаннатга киритади ва оиласидан ўн кишига шафоатчи қилади”.

  1. Қуръон аҳли Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир;

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ таолонинг инсонлардан аҳллари бор”. Айтишди: “Улар ким ё Расулуллоҳ?”. Айтдилар: “Улар Қуръон аҳли, Аллоҳнинг аҳли ва Аллоҳнинг хос бандаларидир”.

  1. Ҳофизул Қуръоннинг ота-онасини икром қилишлик ва иккисини мазилини олий қилишлик;

Саҳл ибн Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки Қуръонни ўқиса ва ундагиларга амал қилса, ота-онасига Қиёмат куни тож кийдирилади. Унинг нури Қуёшнинг нуридан ёрқинроқ”.

  1. Қуръонни ёд олганлар Жаннат аҳли олдида (тўрида) турарлар;

Ато ибн Ясор раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Қуръонни ҳамл қилганлар Жаннат аҳли орифларидир”. Товус роҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади: у киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан: “Қуръон аҳли Жаннат аҳли орифларидир” сўзининг маъносини сўрабдилар. У киши: “Жаннат аҳлининг бошлиқлари”, деб жавоб берган эканлар.

Аллоҳим, барчамизни Қуърон аҳли ва Аллоҳнинг хос бандаларидан қилгин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Эргашев Абдуссамиъ

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment