Қуръон – Қалблар шифоси

ss

Бугун Юртимизда Қуръон байрами бошланди. Барча мўмин-мусулмонларнинг қувончи чексиз. Дарҳақиқат, Муқаддас ислом динимизниг асоси Қуръон карим бўлиб, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида нозил бўлган ҳақ китобдир. Шу билан бирга дунёдаги барча китоблар ичида энг улуғи, мукаммали ва охиратгача муҳофазаси таъминланган китобдир! Бу илоҳий китобнинг мўъжизалиги —  Аллоҳ таоло қиёматгача тўлиқ сақлашликни ўз зиммасига олганлигидир. Бу борада Қуръони каримда: “Албатта, зикр (Қуръон)ни Биз нозил қилдик ва албатта уни Биз муҳофаза қилурмиз”, деб марҳамат қилинган. (Ҳижр 9 оят). Дарҳақиқат, шу пайтгача ҳеч бир шахс бу китобнинг бирор ҳарфини ҳам ўзгартира олмаган ва кейин ҳам ўзгартира олмас! Мусулмонлар  Қуръони каримни  тўлиқ ёд олган кишини “ҳофизулқуръон” деб  иззат-икром қиладилар.

Тарихга назар соладиган бўлсак мусулмонлар истиқомат қиладиган ҳамма юртда ўзига хос ҳофизулқуръонлари бўлган. Уларнинг тиловатларининг тараннумини тинглаган кишилар бутун вужудлари билан рохатланганлар.

Мустақилликга эришганимиздан кейин бизнинг диёримизда ҳам  ҳофизулқуръонлар сони кундан-кунга кўпайиб, диний ўқув юртларида улар учун таълим олиш имкониятлари кенг доирада барпо этилди. Жорий йилда эса жоножон ватанимиз Ўзбекистонда тарихий воқеа, қорилар мусобақаси юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Республикамиз бўйича ўтказилмоқда. Аввал туман босқичлари, кейин вилоят босқичлари, бугун эса Республика босқичи катта тантана билан ўтказилмоқда. Муборак мусобақани кузатиш учун юртдошларимизга замон талабига мос келадиган техникалар орқали юқори савияда хизмат кўрсатилмоқда. Яъни ҳар бир вилоятда катта экранлар орқали ўз худудларида кузатиш имкониятини берувчи шарт-шароитлар қилинган.

Самарқанд вилояти Самарқанд тумани “Имом Аъзам” жоме масжидида  мусобақа жараёнини онлайн тизими орқали туғридан-тўғри кўриш имкониятидан фойдаланиб, тўпланган мўмин-мусулмонлар учун шарт- шароитлар қилиниб, юқори даражада хизмат кўрсатилмоқда. Ин ша Аллоҳ бу мусобақалар давомли бўлиб дунё мусулмонлари ўртасида ўтказиладиган мусобақаларида Ўзбекистонлик қори ва қорияларимиз ҳам юқори ўринларни забт этади деган умиддамиз. Мусобақа 21-24 апрелгача эркаклар, 25-27 апрелгача хотин-қизлар ўртасида давом этади. Аллоҳ таоло Қуръон нури ила қалбларимизни мунаввар айлаб, хаётимизда доим муқаддас китобимизга амал қилиб яшамоқлигимизни насиб этсин. Мусобақада иштирок этаётган қориларимизга мустаҳкам зеҳн ва омадлар тилаймиз. Сўзимизни таниқли ислом шоири Отабек Боқоний қаламига мансуб шеър билан якунлашни лозим топдик:

Қорилар

Қуръон Аллоҳ каломи Пайғамбардан меъросдир

Ўқиб амал қилмоқлик мўминларга чин ростдир

Ҳофизи Қуръон бўлмоқ Ҳаққа буюк ихлосдир

Кеча кундуз ўқиган тинмай китоб қорилар

Минг ҳурматга сазовор мисли офтоб қорилар.

Олти юздан ортиқ бет бир юз ўн тўртта сура

Ёддан ўқиб беришар ҳохлаган жойдан сўра

Расулуллоҳ ўзлари айтган ҳадисга кўра:

“Улуғ-улуғ фаришта билан бирга қорилар”

Шунинг учун юзлари тўла нурга қорилар

Игна билан қудуқни қазар илм чўлида

Энг гуллаган даврини сарфлаб Аллоҳ йўлида

Тўшагидир жойнамоз каламуллоҳ қўлида

Сабру тоқат шаробин тўйиб ичган қорилар

Кибру ҳаво манманлик тўнин ечган қорилар

Тож берилар отаси ҳам онаси бошига

Устунлик қилар у тож дунёнинг қуёшига

Ибрат бўлсин бу ҳолат мўмин кeкса ёшига

Тож киймоқни истасанг боланг бўлсин қорилар

Боғингдаги гул райҳон лоланг бўлсин қорилар

Тиловатин тингласак овозлари мулойим

Янграб турсин жаранглаб юртимизда ҳар доим

Яна минг-минг фарзандлар қори бўлсин илойим

Боқоний дер тасанно бўлинг омон қорилар

Ўзбекистон фахрисиз тирик Қурьон қорилар

Хасанхон Темиров,

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги мутахассиси

 


 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment