“Луғат ва истилоҳ” – “моҳият ва мутаносиблик”.

ss

Модомики диний маълумотларни ижтимоий тармоқлардаги маърузалардан ва мақола, китоблардан олиб илмимизни бойитарканмиз, бу усулдан тўғри фойдаланишни ҳам ўрганишимиз керак.

Бундай ҳолларда эшитаётган ёки ўқиётган мавзуни яхши тушуниш, ундаги ибораларнинг ҳақиқий маъноларини англаш жуда муҳим.

Бу иш иймонимиз, ақидамиз, ибодатларимизда қиладиган амалларимизнинг тўғриланиши ёки аксинча (Аллоҳ сақласин) хатога кетиб қолишига сабаб бўладиган омил эканлигини ҳисобга олсак масала қанчалик долзарблигини англаймиз.

Маълумотларни қабул қилиш ва ўзлаштиришда билишимиз лозим бўлган бир неча қоидадан бири — ўрганаётган бирор мавзумизга оид илмий, фиқҳий ибора, атама, сўзларнинг луғатдаги ва истилоҳдаги маъноларини билишдир.

Уламоларимиз қадимдан барча соҳага оид асарларда бирор қоида ва мавзуни баён қилишида шу мавзуга оид асосий тушунчани ифода қиладиган сўз ва атамаларнинг луғатдаги маъноси қандай, истилоҳдаги маъноси қандай яьни кишилар мана шу сўздан қандай маънони қасд этишларини тушунтиришдан бошлайди.

Илмий сўз-атамаларнинг луғатдаги маъноси ва истилоҳдаги маъноси, ҳамда луғат ва истилоҳдаги маъноларининг боғлиқлиги, фарқлари ҳатто баъзида зид кўринишлари ҳам бўлади.

Аввало “луғат” ва “истилоҳ” сўзларини тушуниб олсак:

  1. Луғат-сўзнинг айнан маъноси ёки (бошқа тилдан келган сўзнинг) сўзма-сўз таржимаси. Бирор илмий атама сифатида қўлланганда сўзнинг айнан маъноси ёки сўзма-сўз таржимаси кенгроқ ва ҳатто бошқачароқ маъно ҳам билдириши мумкин.
  2. Истилоҳ-сўзнинг ишлатилишида кишилар тушунадиган маънолар яьни қасд қилинган маъно ёки шу атама қамраб оладиган ҳамма маънолар.

Мисол учун “оқсоқол” сўзини оладиган бўлсак, бу сўз “оқ” ва “соқол” сўзларининг бирикмасидан ташкил топган.

Луғатда “Оқсоқол киши” деганда айнан соқоли оқ рангда бўлган кишини тушунамиз.

Аммо истилоҳда яьни муомалада “оқсоқол киши” деганда ҳаётий тажрибаси катта, одамлар ундан маслаҳат сўрайдиган, оммавий маърака-тадбирларга бошчилик қиладиган кишига айтилади. Гарчанд унинг соқоли бўлмаса ҳам.

Бу сўзнинг луғавий ва истилоҳдаги маъноларининг мутаносиблиги шундаки, юқоридаги сифатли киши аввалда аксар ҳолларда соқоли оқарган (кекса) киши бўлган.

Мана шу ғолиб ҳолатнинг эътиборидан “оқсоқол” сўзи айтилган сифатдаги кишига қўлланилган.

Баён қоидасига кўра барча тушунчаларга умумий таърифлар ғолиб ҳолат эътиборидан бўлади.

Мақсадни яхшироқ англатиш учун бошқа бир мисолга эътиборингизни тортамиз.

Ҳозир ўзларини “Қурьонийлар” деб атайдиган тоифалар чиққан. Улар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларини, ҳадисларни, тафсирларни, аҳли сунна ва унинг Қурьон ва суннат татбиқидаги барча усулларни инкор қилади.

Қурьонни фақат ўзларининг ақллари билан тушунади. Ундаги Аллоҳ таолонинг илоҳий кўрсатмаларига нисбатан улкан туҳмат, қабиҳ журъат ва жоҳилона тасарруфда бўладилар. Уларнинг хусусиятларидан бири сўзларнинг маъносига эмас шаклига қарайдилар холос.

Масалан: Намоз арабчада “солат” (الصلاة)  дейилади. Бу луғатда “яхшиликни дуо қилиш” демакдир. Истилоҳда эса”такбир билан бошланиб салом билан тугайдиган, махсус шартлари бор гаплар ва ишлар яьни қироат ва сажда-рукуни ўз ичига олган ибодатдир”.

“Қурьоний”лар эса намоз(солат)нинг луғавий маъносини олиб, “солат” дан қасд қилинган ибодатни инкор қилади. Фақат дуо қилиб қўйсак бўлди, мана шу намоз дейишади.

Мана шу мисолнинг ўзиданоқ, “луғат ва истилоҳ”га ўхшаган илмдаги тартиб-қоидаларнинг қанчалик муҳимлиги, улардан кўз юмилиши қанчалик мусибат, залолат эканлиги аниқ бўлади.

Шу ўринда мусулмон кишилар кўп ишлатадиган бир қанча сўзларнинг луғавий ва истилоҳий маъноларини келтирамиз:

  1. Таҳорат. (الوضوء) Арабчада “вузуъ”. Луғатда: “гўзаллик” ва “ялтираш”. Истилоҳда: Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш нияти билан баъзи (таъйин қилинган) аъзоларни ювиш.
  2. Таяммум. (التيمم) Луғатда: қасд қилиш.  Истилоҳда: Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ жинмини махсус сифат билан икки қўл қа юзша суртиш.
  3. Ғусл. (الغسل) Луғатда: Бирор нарсанинг устидан сув оқизиш.  Истилоҳда: Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ниятида баданнинг ҳамма жойига сув оқизиш.
  4. Закот. (الذكاة) Луғатда: “Поклик” ва “ўсиш”.  Истилоҳда: махсус молдан таъйин қисмни махсус шахсга Аллоҳ учун шариъатда тайин қилинган тартибда мулк қилиб беришдир.
  5. Никоҳ. (النكا ح)  Луғатда: “Қўшилиш”, “жамланиш”, “яқинлашиш”. Истилоҳда: У бир боғланиш бўлиб, у туфайли қасддан ҳузурланиш, яъни эр кишининг никоҳида шаръий монеъ бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир
  6. Талоқ. (الطلاف).  Луғатда: “Моддий ва маънавий тугунни ечиш” Истилоҳда: Махсус лафз билан никоҳни кетказиш ёки ҳалоллигини нуқсонга учратиш.
  7. Рўза. (الصوم) Арабчада “сиям”. Луғатда: Бирор нарсадан ўзини тиймоқлик.  Истилоҳда: Тонг отгандан қуёш ботгунча рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқлик.

Хулоса шуки, китобданми ёки ижтимоий тармоқданми ўрганаётган маълумот мавзулардаги тушунча ва ибораларни ўзлаштиришда аввал луғавий ва истилоҳий маъносини таҳқиқ қилиб олсак мақсадга мувофиқ бўлади, иншааллоҳ.

Аллоҳ барчаларимизга манфаатли илм ато этсин.

Тўхташов Ёқуб,

Қўшработ туманидаги “Балиқчи ота” жомеъ масжиди имом-хатиби.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment