МЎМИН КИШИ ҲЕЧ ҲАМ ШОШИЛМАЙДИ

ss

Бутун дунё коронавирус деган бало сабаб таҳликали ҳолатга тушди. Бу бало бизни юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Бу касаллик юқумли ва тарқалиши осон бўлганлиги сабаб тиббиёт ходимлари одамларни бир жойга тўпланиши ва бир-бирларига аралашиб кетишларини хавфли эканлигини таъкидладилар. Шу сабабли ҳукуматимиз томонидан жума ва жамоат намозларини вақтинча тўхтатиб туриш борасида қарорлар чиқарилди. Албатта, буларнинг барчаси одамларнинг фойдаси учун чиқарилган қарордир.

Дарҳақиқат, динимизда ҳам киши ўзига ва бошқаларга зарар етказиши ман этилган. Лекин минг афсуслар бўлсинки, юртимиздаги баъзи бир мусулмонлар томонидан айрим манбаларда масжидлар очилсин деган талаблар тарқатилмоқда. Албатта, имом-хатиблар, ноиб-имомлар ва барча диний соҳа ходимлари ҳам масжидларнинг очилишини бошқа мўмин-мусулмонлар қатори интиқлик билан кутишмоқдалар. Лекин бу ишда шошма-шошарлик яхшиликка олиб келмаслигини унутмайлик.

Бинобарин, тиббиёт ходимлари таъкидлашганларидек, одамлар битта жойга тўпланадиган бўлишса, хавф-хатар янада ортади.

Шариатимизда эса мусулмон киши доимо хавф-хатардан узоқда бўлиб, бешта нарсани муҳофаза қилишга буюрилган. Булар-жони, дини, насли, моли ва ақлидир. Инсон жони ҳақида гап кетар экан, Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти-каримаси ёдимизга келади. «ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!» (Бақара сураси 195-оят). Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Зарар бериш ҳам, зарар  кўриш ҳам йўқ»- деганлар. (Имом Ибн Можа ва Имом Дорақутниӣ ривоятлари). Демак, мусулмон киши ўзини ҳам, бошқаларнинг ҳам соғлигига зарар етказмаслиги зарур. Динимизда кишининг саломатлиги муҳим эканлигини доимо ёдимизда тутайлик. Бас шундай экан, эй мусулмонлар жамоаси ояти-карималарга, ҳадиси-шарифларга ва шариатимиз аҳкомларига тўлиқ амал қилайлик. Бугунги синовли кунларда мусулмонлар ўртасида ҳар хил фитналарни тарқатишдан ўзимизни тийиб, Аллоҳдан қўрқайлик. Чунки фитна тарқатиш энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан адаштирмасин ва бутун инсониятнинг бошидан тезроқ бу балони кўтариб, Яратган Зот нажот берсин ҳамда масжидларимизнинг очилишини муяссар қилсин!

А.Ахмедов —  Жомбой туман бош имом хатиби

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment