Мазҳабсизлик – залолат

ss

ХХ аср сўнггида мусулмон оламида ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами намоён бўлдики, у ҳам бўлса мазҳабcизликка чақирувчилар тоифасидир.

Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки ундан бошқа фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашишлик шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини ўзига лозим тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор, мутаассиб, динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади. Мазкур тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақатгина Китоб (Қуръон) ва сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса, китоб ва сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди. Қолаверса, исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эътиборидан, бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир.

Саҳобаи-киромларнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатигагина мурожаат қилганлар. Улар бирор-бир масалада Қуръон ва суннадан далил тополмай қолгандагина ижтиҳодга қўл урганлар. Бу эса, асосий эътибор қаратиладиган ва эргашиладиган ҳолат. Шунинг учун ҳам мазҳаб тутиш ёки бирор-бир мужтаҳид имомга тақлид қилиш Аллоҳни қўйиб уларни “Илоҳ” қилиб олиш, дея баҳоланган. Ўзларини ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган бу тоифа тарафдорлари Қуръон ва сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш айнан мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратилиши ва бу уларнинг бирлигига раҳна туғдираётганлиги, деб жар солишмоқда.

Аслидачи?! Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканлигига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилар-у, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. – Ижтиҳод қилишга ҳамма-ҳам қодир бўла олмайди. Чунки, бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват керак. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. Лекин улар бир икки масалаларда ихтилоф қилиб: “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва расулига эргашамиз”, дейдилар. Агар малакаси йўқ бўлган кишини ижтиҳод қилишга буюрилса, унга қудрати етмаган ишни юклатилган бўлади. Шариатда эса, бундай қилиш жоиз эмас. Зотан, Аллоҳ таоло айтади:

لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас» (Бақара: 286).

Мужтаҳид бўлиш учун керакли илмларни талаб қилиш узоқ вақт давом этади. Агар барча одамлар бу иш билан машғул бўлсалар, яшаш учун зарур бўлган бошқа ишларни ким қилади?! Ҳамманинг иттифоқига сазовор бўлган катта мажтаҳидлардан кейин ижтиҳод эшиги ёпилган ва ижтиҳод қилиш мумкин эмас, деган гапга жавоб қуйидагича: Тўғри, баъзи уламолар ўз замонларида шариат ва ижтиҳод ишларида сифатсизлик авж олгани, ҳамма ўз фикрини ўтказишга ҳаракат қилгани учун ҳижрий учинчи асрнинг охирида «Ижтиҳод эшиги ёпилган» деган гапни тарқатишган ва шу йўл билан ҳар хил ғаразгўйларнинг шариатни ўйин қилишларига чек қўйишган. Аммо, шариатда ижтиҳод қилиш маълум замонга ва шахсларгагина фарз бўлган деган тушунча пайдо бўлмаслиги керак.

Шунга қарамасдан ҳозирги даврда имом Абу Ҳанифа, имом Шофиъий, имом Молик ва имом Аҳмад ибн Ҳанбалга ўхшаш мужтаҳидлар йўқлигига ҳамма иттифоқ қилган. Мужтаҳидлик даъвосини қилган ёки қилаётган, ёхуд фалончи мужтаҳид, деб айтаётган аҳли илм йўқ. Бундай бўлиши қийин ҳам. Аммо мазҳаб ичида, янги пайдо бўлган масалаларни ҳал қилишда ҳамда фатвода ижтиҳод содир бўлиб турибди. Ўта муҳим фиқҳий савол бўйича мустақил қарор чиқариш, ижтиҳод қилиш ҳуқуқи уларга хосдир. Аслида ислом олимларини икки тоифага ажратиш мумкин. Биринчиси мужтаҳидлар, иккинчиси муқаллидлар.

Олим киши мужтаҳид даражасини эгаллаши учун қуйидаги илмларни тўлиқ эгаллаган бўлиши шарт:

1.Қуръон илми.

2.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари илми.

3.Салафларнинг қавллари,ижмоъ ва ихтилофлари илми.

4.Усулул фиқҳ илми.

5.Луғат илмини чуқур ўзлаштириш.

6.Қиёс илми.

Мужтаҳидликнинг уч босқичи бор:

1. “Мутлоқ мужтаҳид”. Бунда ўзининг билими ва услуби, бошқа имомларнинг ёрдамига мурожаат қилмайди. Суннийликнинг тўрт мазҳаб имомлари мазкур даражага тегишли. Ислом олимлари, имомлар хулосаларига кўра ҳижратнинг тўртинчи асридан сўнг чиққан мужтаҳидлар ушбу даражага етмаган. Охирги минг йил ичида чиққан ислом олимлари мазҳаб асосчиларидан ўзларини устун кўрмаган ва бунга журъат ҳам қилишмаган. Балки улар мазҳаб асосчилари йўналиши асосида ижтиҳодларини давом этиришган. Мазкур тоифадаги имомларнинг номини ўзи бир китоб бўлади.

2. “Мужтаҳид фил мазҳаб” (мазҳаб ичидаги мужтаҳид), бу тоифадаги мужтаҳидлар ўзларига тегишли бўлган мазҳаб, услуб ва қоидалар асосида ҳукм чиқаришган. Бунга Ҳанафий мазҳабидан Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадни, Моликий мазҳабидан ибн Арабийни, Шофиъий мазҳабидан Имом Нававийни, Ҳанбалий мазҳабидан ибн Қудомани ва бошқаларни келтириш мумкин.

3. “Мужтаҳид фил фуруъ”, алоҳида саволларга ҳукм чиқариш даражасидаги мужтаҳид. Бу мужтаҳид ижтиҳодга тегишли барча шартларни ўзлаштирган ҳамда соҳасидаги маълум йўналиш бўйича ҳукм чиқарган. Масалан, мерос ҳукмлари, уйланиш ва ажралиш ҳукмлари ва шу каби йўналишларга жавоб берадиган мужтаҳид.

Демак, юқорида ўтган сўзлардан маълум бўладики бугунги кунимизда мужтаҳид фил фуруъ даражасидаги инсон топилиши амри маҳол. Энди инсоф билан айтайлик, юқорида саналган мужтаҳидлик шартларига жавоб берадиган шахс топилармикан?… Биз мазҳабсизликни даъво қилаётган шахсларга мана шу шартларга эга бўлсангиз бемалол ижтиҳод қилаверинг, деймиз. Муқаллид бу мужтаҳид бўлмаган шахс. У мужтаҳид бўлган имомларнинг бирига эргашади. Чунки у ҳукм чиқариш учун далилларни топиш ёки аниқлашга қодир эмас. Ўз-ўзидан бугунги кунимиздаги ҳар бир мусулмон якка тартибда ижтиҳод билан шуғулланиши керак, деган гап асоссиз.

Имом Аҳмад айтадилар: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг Расули олдида фосиқдир. Бу билан у сунна ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилади”. Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтади: “Мен 360 та уламони учратдим. Агар Имом Молик ва Имом Лайс бўлмаганда уларнинг илмларида адашиб кетардим”. Бу билан ибн Ваҳб, ҳадисларни тушуниш ва уларни танлашда Имом Молик тушунча бермаса эди адашиб кетар эканман, деб айтмоқчи бўлган. Яна у шундай дейди: “Агар фиқҳ имоми бўлмаса ҳадис илмлари кишини адаштирар эди. Имом Таҳовий, ибн Сурайж, Қудурий, Сарахсий, Жувайний, Ғаззолий, Нававий ва кўплаб мужтаҳид уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашган. Ваҳоланки, уларнинг илмлари денгиз бўлиб, бугунги кунда барча мусулмонлар уларнинг илмларидан фойдаланиб келмоқдалар”.

                                                                                                                                                 манба: bukhari.uz
ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment