Моҳи Рамазон фазилати — 2

ss

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Рамазон ойининг ҳар куни ифтор маҳалида минг-минглаб қилган гуноҳлари туфайли дўзах ўти вожиб бўлган бандаларини дўзахдан озод қилади. Жума куни ва жума кечаси кирса, ҳар соатда минг минглаб дўзах вожиб бўлган бандаларини дўзахдан озод қилади. Рамазон ойининг охирги куни ой аввалидан то охиригача қанча бандаларини дўзахдан озод қилган бўлса, ўшанча ададдаги гуноҳкор бандаларини гуноҳларини авф этиб, дўзахдан озод қилади.
Лайлатул қадр кечаси кирганда Аллоҳ таоло ҳазрати Жаброил алайҳиссаломга катта жамоатдан иборат бўлган фаришталарни зич бўлиб, ерга тушишга буюради. Жаброил алайҳиссаломда зангори байроқ бўлиб, уни каъбанинг устига ўрнатади. Жаброил алайҳиссаломнинг етти юз қанотлари бўлиб, иккита қанотлари фақатгина Қадр кечасида очилади. Ўша кечаси ул зот барча қанотларини ёядилар. Ул зотнинг қанотлари бутун мағрибу машриқни тутиб кетади. Жаброил алайҳиссалом фаришталарни бу умматга юборади. Улар келиб ҳар бир намозда қоим турганга, зикр қилиб ўтирганга салом бериб, уларни қучоқлайдилар. Умматнинг қилаётган дуоларига омин деб турадилар. Ҳатто тонг отгунча шу ҳолда бўладилар. Тонг отгач Жаброил алайҳиссалом: »Эй, малоикалар жамоаси жўнаб кетамиз», деб нидо қилади. Шунда фаришталар: »Эй, Жаброил (алайҳиссалом) Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг ҳожатларини нима қилди», деб сўрайдилар. Жаброил алайҳиссалом: »Албатта, Аллоҳ таоло уларга Ўзининг раҳмат назари билан қаради, уларни авф қилди, уларни мағфират қилди. Илло тўрт тоифа одамга раҳмат назари билан қарамади ҳам, уларни авф ҳам, мағфират ҳам қилмади». Фаришталар: »У тўрт тоифа кимлар эй, Жаброил (алайҳиссалом)», деб сўрайдилар. Жаброил алайҳиссалом: »Доимий ароқ ичувчи ароқхўр, Ота-онасига оқ бўлган оқпадар фарзанд, Қавм-қариндошлари билан қариндошлик ришталарини узган одам, Мўмин биродари билан уч кундан зиёд гаплашмайдиган қўпол, бешафқат, бераҳм одам», дедилар.
Кейин фитр кечаси киради. Бу кечани мукофотлаш кечаси дейилади. Фитрнинг эртаси Аллоҳ таоло ҳар бир шаҳарларга малоикаларини юборади. Улар кўчаларнинг бошида туриб, бир овозда нидо қиладилар-ки, уларнинг нидоларини Аллоҳ таолонинг яратган барча махлуқотлари эшитадилар илло инсон ва жин эшитмайди. Улар : »Эй, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари, Карамли Роббингизга чиқинг, Сизларни ҳурматга сазовор қилади, катта гуноҳларни кечириб, мағфират қилади». Бас, бандалари жойнамозларига чиққанларида, Аллоҳ жалла жалолуҳу фаришталарига: »Эй, малоикаларим, амал қилувчининг қилган амали учун ажри, мукофоти қандай бўлади», деб сўрайди. Фаришталар: »Илоҳимиз, Саййидимиз уларнинг мукофотлари ажру савобларини тўлиқ адо этишингдир», дейдилар. Аллоҳ таоло: »Бас, Мен сизларни шоҳид қиламан эй, малоикаларим бандаларимнинг Рамазонда кундузлари рўза тутиб, кечалари қоим бўлганлик савоблари Менинг улардан Розилигим ва Мағфиратимдир», дейди.
Аллоҳ таоло: »Эй, бандаларим Мендан сўранглар, иззатим ва жалолимга қасамки, бугун ҳоҳ динингиз учун, ҳоҳ дунёнгиз учун нимани сўрасангиз уни сизларга бераман», дейди.

Манбалар асосида тайёрланди.

Пайариқ тумани бош
имом хатиби
Мансуржон Абдухолиқов

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment