Моҳи Рамазон фазилати -3

ss

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар:»Кимики муборак Рамазон ойи рўзасини иймон ва савоб умид этган ҳолда тутса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади».
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: »Ҳақиқатда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечалари қоим (ибодатда), кундузлари соим (рўзадор) бўлишликни иймон ва савоб умид этган ҳолда адо этишликни шарт қилдилар. Бу ердаги иймондан мурод қилган амалига Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан бериладиган ажру савоб ва мукофотлар ваъдасини тўла тасдиқламоқдир. Савоб умид этиш эса қилаётган амалларини Аллоҳ таолога юзланиб, хушу (яъни ҳокисор) ҳолда бўлмоқлигидир. Агар банда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таъриф қилганларидек савоб ва фазилатлар соҳиби бўлмоқликни ҳоҳласа, унга бу муборак Рамазон ойининг ҳурматини билмоқлиги, тилини ёлғондан, ғийбатдан, бекорчи гап сўзлардан тиймоқлиги лозим бўлади. Шунингдек, аъзоларини хатодан сақламоғи, ҳамда қалбини мўмин мусулмонларга нисбатан ҳасад ва адоватдан асрамоғи керак бўлади. Бас, агар юқоридаги талабаларга риоя қилса, шунда ҳам қилган амалларини Аллоҳ даргоҳида қабул бўлдими ёки қабул бўлмадими деган хавфда бўлиб турмоғи керак бўлади.
Ҳазрати Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинади: »Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда рўза тутдик. Рамазон ойининг йигирма учинчи кечаси бўлганида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қоим бўлиб, намоз ўқидилар. Ҳаттоки кечанинг учдан бири ўтди. Кейинги йигирма тўртинчи кечаси ул зот бизнинг олдимизга чиқмадилар. Йигирма бешинчи кечаси бўлганида ул зот олдимизга чиқдилар ва намозга қоим бўлдилар. Ҳаттоки кечанинг ярми ўтди. Биз ул Зотга: »Шу кечани тўлиғича нафл қилиб юборсак-чи»,-дедик. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: »Кимки имом бирла намоз ўқиса, имом кетгач кетса, унга бутун кечаси намоз ўқиганлик савоби ёзилади»,-дедилар. Кейинги йигирма олтинчи кечаси намозга чиқмадилар. Йигирма еттинчи кечаси кирганда аҳлларини жам қилиб, биз билан бирга намоз ўқидилар. Ҳаттоки »биз саҳарлик ўтиб кетами?»,-деб қўрқдик».
Муборак Рамазон ойида адо этиладиган таровеҳ намозининг жорий этилиши ҳамда унинг фазилати тўғрисида ҳазрати Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: »Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак Рамазон ойида кечанинг аввалида масжидга чиқдилар ва намоз ўқидилар. Одамлар ҳам намоз ўқидилар. Эртасига кишилар бу ҳақда гапиришди. Иккинчи кечаси ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, намоз ўқидилар. Одамлар ҳам кўпайиб кетди. Учинчи кечаси одамлар кўпайиб, масжидга сиғмай қолди. Шу кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқмадилар. Фақатгина бомдод намозига чиқдилар. Намозни адо этиб бўлгач, муборак юзларини одамларга буриб: »Сизларнинг бу кечадаги қилган ишларингиз мени қўрқитгани йўқ, менинг қўрққан нарсам шуки, агар кечаси намоз ўқиш Аллоҳ таоло тарафидан фарз бўлиб қолса, сизлар уни адо этишдан ожиз қоласизлар»,-дедилар.
Ҳазрати Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: »Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида кечаси қоим бўлишликни тарғиб қилар эдилар, лекин қатъий буюрмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Ҳазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу халифалик даврларида ҳам иш шу тахлит давом этди. Кейинчалик ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларининг ўрталарида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу муборак Рамазон ойида одамларни йиғдилар ва ҳазрати Убай ибни Кааб розияллоҳу анҳуни имом этиб тайинлаб, таровеҳ намозини жамоат билан ўқишни буюрдилар.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий ҳазратлари оталаридан исноди ҳазрати Али ибни Абу Толиб розияллоҳу анҳуга етиб борадиган хабарда айтилишича, ҳазрати Али каррамоллоҳу важҳаҳу шундай деб марҳамат қилганлар: »Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу таровеҳ намозини мендан эшитган ҳадисга кўра жорий қилганлар»,-дедилар. Ул зотнинг атрофидаги кишилар: »У қандай ҳадис эди эй, мўминлар Амири», деб сўрадилар. Ул Зот розияллоҳу анҳу: »Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деган
ларини эшитганман: »Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Арши атрофида бир жой бор. Бу жойнинг номини »Ҳазиратул қудс» деб номланади ва у жой нурдан яралгандир. У жойдаги малоикаларнинг кўплигидан, уларнинг ададини Аллоҳ таолодан ўзга зот билмас. Улар Аллоҳ азза ва жаллага доимий ибодатдадурлар. Бир зум бўлса ҳам ибодатдан фориғ бўлмаслар. Рамазон кечалари кирса улар Роббиларидан Одам авлоди билан бирга ибодат қилмоқ учун Ерга тушишга изн сўрайдилар. Бас, улар моҳи Рамазоннинг ҳар кечаси Ерга тушадилар. Улар кимни ушласалар ёки уларни ким ушласа, аҳли саодатга айланади. Ундан кейин ҳеч ҳам аҳли шақоват (бахтсиз) бўлмайди»,-дедилар. Шу вақт ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: »Биз бунга ҳақлироқмиз»,-дедилар. Одамларни тўплаб, ҳазрати Убай ибни Кааб розияллоҳу анҳуни имом этиб тайинладилар».
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Рамазон ойининг кечаларидан бир кеча шаҳар айланганларида масжидларда Қуръони карим қироатини эшитиб, қандилларнинг масжидларни яшнатиб турганини кўриб: »Эй, Аллоҳ масжидларимизни қуръон нурига тўлдирганидек, Сен ҳам Умарнинг қабрини нурларга тўлдиргин», -деб дуо қилган эканлар. Розияллоҳу анҳум ажмаъийн.
Мансуржон Абдухолиқов, Пайариқ тумани бош имом хатиби

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment