Муқаддас ойлар

Зулқаъда, Зулҳижжа, Ражаб ва Муҳаррам. Уришиш манъ қилинган.

“Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар. “Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида энг катта гуноҳдир. Фитна ўлдиришдан каттароқдир”, деб айт” (Бақара, 217).

“Учтаси пайдар-пай: зулқаъда – уришишдан ўтирилгани (тўхталгани) учун; зулҳижжа – ҳаж учун; муҳаррам – унда уришиш ҳаром бўлгани учундир. Биттаси алоҳида, у ражаб – араблар унга таъзим қилгани учун” (“Тафсири Насафий” 1/443).

Қўшимча далил ва маълумот.

Имом Бухорий ривоятида Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳажжатул вадоъда ҳурматли ойлар ҳақида бундай деганлар:

“Замон еру осмонлар яратилган кундаги ҳайъатидек айланиб тураверади. Йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳурматлидир. Учтаси пайдарпай: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам. Музар (қабиласи)нинг ражаби эса икки жумод билан шаъбоннинг орасида” (Бухорий, 3197-рақамли ҳадис).

Юқоридаги ояти карима мансух бўлган (“Тафсири Насафий”. 1-жузъ, 108-бет).

Яъни, агар кофирлар бошлаб тегадиган бўлишса, ҳаром ойларида уларнинг тегиниш миқдорича уришиши мумкин:

“Ҳурматлик ой хурматлик ойға муқобилдур ва ҳамма ҳурматлик нарсалар бир-бирларига муқобилдур. Ҳар ким сизларга таадди қилса, сизлар ҳам аларга ул сизга қилган таадди баробарида таадди қилинглар. Ва Аллоҳ таолодин қўрқинглар. Ва билингларки, Аллоҳ таоло албатта сақлангувчилар иладур” (Бақара, 194).

Кейинчалик мазкур оят ҳам умуман мансух бўлган. Яъни, мана бу ояти карима билан:

“Бас, ҳаром ойлар чиққанда мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар, тутинглар, қамал қилинглар ва уларни ҳар жойда пойланглар. Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларига қўйиб юборинглар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир” (Тавба, 5).

Post Comment