Мунажжим башоратига ишониш — гуноҳи кабиралардан

ss

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбийяда тунги ёмғир сўнггидан бомдод намозини ўқиб бердилар. Ўқиб бўлгач оламларга юзландилар-да: «Раббингиз нима деганини биласизларми?» дедилар. Одамлар: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Аллоҳ): «Бандаларимдан Менга мўмин ва кофир ҳолда тонг оттирганлар бўлди. Ким «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати сабабли ёмғир ёғдирилди», деган бўлса, Менга мўмин бўлиб, юлдузларга кофир бўлибди. Аммо ким юлдуздаги ундай ёки бундай нарса сабабли ёмғир ёғдирилди, деган бўлса, Менга кофир, юлдузга мўмин бўлибди», деди», дедилар.

Шунинг учун борлиқда юз бераётган ҳодисалар, инсон ҳаётидаги ўзгаришлар юлдузлар алмашуви сабабли эмас, балки Аллоҳнинг бандаларига бўлган илми, ҳикмати ва адлига кўра бўлар экан. Журнал ва газеталарда чоп этилаётган мунажжим башоратига мурожаат қилиш, кишини имонига зарар етказади, ширк амалини қилган ҳисобланади, яъни мушрик бўлиб қолади. Агар, чоп этилган мунажжим башоратини эрмак учун ўқийдиган бўлса гуноҳкор ҳисобланади. Чунки, шайтон ўқувчининг қалбига унга бўлган ишончни солади ва натижада ширк қилишга йўл пайдо бўлади.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки юлдузлар илмидан (мунажжимликдан) биронта илмни эгалласа, сеҳрнинг бир бўлагини ўғирлаган бўлади. У зиёда бўлган сайин бу ҳам зиёда бўлаверади» (Абу Довуд ривояти).

Ҳозирги кунда авж олиб кетаётган, айниқса хотин-қизларимиз қолиб, эркаклар ушбу масала тўғрисида баҳс юритаётганлиги жуда ачинарли ҳолдир. Чунки, эркак оила раҳбари! У жуда кўп нарсаларга масъулдир. Унинг тутган йўлидан, кўрсатган йўналишидан аҳли-оиласи эргашади. Дунё ва охиратда бахтли-саодатли ёки бадбахт бўлишига  эр киши сабабчи. Аллоҳ таоло каломида: “Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрсалар, шуни қилурлар”, деб марҳамат қилган. (Таҳрим 6). Оиланинг бахтли ҳаёт кечириши унинг раҳбарига боғлиқ экан. Ҳар қандай мушкулотни қатъийлик билан адо этишга киришиш, мардлик, шижоат, иймон-эътиқод ила оила аҳлига намуна бўлиши зарурдир.

Бу борада исломий ақидадан бўлак бошқа аниқ ва равшан йўл йўқ. Мўмин-мусулмон киши яхши-ёмон кунининг барчасини Аллоҳнинг синови деб қабул қилади. Мушкулот келганда жазавага тушиб, хурсандчилик келганда барчасини унитиб ношукур банда бўлишдан ўзини сақлайди. Аммо, бундай ҳолатларда имони заиф кишилар юлдузлар нима дер экан, деб газета ва журналлардаги “мунажжим башорати”га мурожаат этиб, қиммат вақтларини зоя қилаётганлари ачинарли ҳол. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир”. (Талоқ 3)   

Фолбин ва мунажжимларнинг жамиятга келтираётган зарари нафақат одамларнинг вақти, соғлиги, моли ва ҳаракати бекорга кетаётгани билан чегараланиб қолмасдан, балки, инсон учун бундан-да катта маънавий таҳдидга, улкан кулфатларга олиб боради. Бу зарарларнинг энг кичиги одамлар ўртасидаги ишонч-садоқатни кўтарилиши, меҳр-оқибат каби улуғ инсонийлик туйғуларнинг йўқолиб боришидир. Киши учун арзимаган нарсадек туюлиши мумкин, аммо фолбин ва мунажжимларлар поноҳига кириш, кишини фақат ўзини ўйлайдиган қилиб қўяди, Аллоҳга бўлган имони, ишончи сўниб, жамият, халқ манфаатидан ўзоқлашиб кетади. Ўз ҳаётининг ислоҳати ҳаракатида бўлиб, жамият ислоҳатига путур етказади. Аллоҳ таоло барчаларимизга имон-эътиқодли бўлиб, жамият ислоҳати, халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилишимизда мададкор бўлсин.

Хайруллоҳ Саттаров,  

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment